Ўзбекистон | 14:44 / 11.03.2022
27394
5 дақиқада ўқилади

Антимонополчилар Тошкент бозорларидаги аравакашлар фаолиятини тартибга солмоқчи

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи пойтахт кенгашида чиқиш қилиб, бозорлардаги аравакашлар хизмати учун тўловни терминаллар орқали тўлаш тартибини жорий этиш ва улар оладиган ҳақ учун тарифлар белгилашни таклиф қилди. У Kun.uz билан суҳбатда айтишича, бу масала кўтарилишига бозорда аравакаш билан низолашиб қолган бир депутатнинг сўров киритиши сабаб бўлган.

Антимонополия қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жўрабек Туробов Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 7 март куни бўлиб ўтган сессиясида сўзга чиқди.

У ўз сўзида бозорлардаги аравакашларга кўрсатилган хизмат учун тўловни нақд пулсиз шаклда ундириш мақсадида терминал ўрнатилган назорат нуқталарини ташкил этиш, харидорларга араваларни ижарага бериш хизматини жорий этиш, аравакашларга хизмат ҳақини соатбай тўланадиган тарифларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

 Фото: Тошкент шаҳар ҳокимли матбуот хизмати

“Олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳақиқатан ҳам арава хизматлари учун келишилгандан кўпроқ ҳақ талаб қилиш ҳолатлари мавжудлиги, шу билан бирга ҳозирда истеъмолчилар томонидан ушбу хизматлар учун тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар юзага келаётгани, шу билан бирга аҳолида ушбу хизматлардан фойдаланишнинг муқобиллари йўқлиги ҳам аниқланди.

Ҳозирги кунда арава хизматини кўрсатувчи фуқаролар бозор маъмуриятидан аравани ижарага олиб, бунинг учун кунлик 25 минг сўм миқдоридаги тўловни тўлаган ҳолда арава хизмати кўрсатиб келади. Тўлов миқдори Тошкент шаҳар ҳокимининг 203-сонли қарори билан тасдиқланган. Ваҳоланки, аравакашлар кўчага чиққандан кейин 40 минг, 50 минг сўм ва бошқа нархларни қўйиш ҳолатлари кузатиляпти”, деган Жўрабек Туробов.

Мулозимнинг таъкидлашича, бугунги кунда:

  •  Юнусобод деҳқон бозорида 65та,
  • Чорсу деҳқон бозорида 140та,
  • Наврўз деҳқон бозорида 25та,
  • Қўйлиқ деҳқон бозорида 144та арава мавжуд.

Сессияда Жўрабек Туробов қуйидагиларни амалга оширишни таклиф этди:

  • “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК билан биргаликда ахолига бозорларда арава хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида бозор ҳудудида араваларни назорат қилиш нуқталарини ташкил қилиш ҳамда уларни тўлов терминаллари билан жиҳозлаш;
  •  арава хизмати учун тўловларни нақд ёки нақдсиз кўринишда амалга ошириш имкониятини яратиш;
  • бозорлар ҳудудида худди супермаркет ва йирик савдо мажмуаларида бўлгани сингари харидорларнинг ўзлари фойдаланиши араваларни ижарага беришни йўлга қўйиш, шунингдек, ижарага бериладиган араваларни жойлаштиришнинг техник ва молиявий томонларини кўриб чиқиш;
  • арава хизмати тарифларини соатбай ишлаб чиқиш;
  • арава хизмати кўрсатилаётган ҳар бир фуқаро берилган махсус рақамлар орқали тўловларни амалга ошириш.

Жўрабек Туробов Kun.uz билан суҳбатда бу масала депутатлик сўрови ортидан сессия кун тартибига киритилганини айтди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

“Бу масала кўтарилишига бизга юборилган депутатлик сўрови сабаб бўлди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 57-сессиясида бир депутатимиз бозорга тушиб, аравакаш билан 20 мингга келишгани, бироқ харид қилиб бўлгач у хизмати учун 30 ё 40 минг сўм беришни талаб қилганини айтгани учун мавжуд вазиятни ўрганган ҳолда ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик.

Харидорларда танлов ҳуқуқи бўлиши керак. Шу боис хоҳловчилар ўзлари бирорта аравани ижарага олиб истаганча харид қилиши учун ҳам шароит яратишни таклиф қиляпмиз. Карантин пайтида Чорсу бозорида араваларни харидорларга ҳам ижарага бериш йўлга қўйилган эди. Аммо уларни бозорчилар ҳам олиб, 20-30 кг ўрнига 2-3 қоплаб маҳсулот ортгани учун аравалар фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган, натижада бу тажрибага барҳам берилган экан.

Биз ўзимизча бозорлар фаолиятига аралашолмаймиз. Чунки уларнинг фаолиятини “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК назорат қилади. Шу боис таклифларимизни расман уларга ҳам юбордик. Бу соҳани тартибга солишимиз керак, буни марказ билан биргаликда амалга оширамиз”, деб айтган Жўрабек Туробов.

Шунингдек, у аравакашлардан хизмат ҳақини тўлов-терминаллари орқали ундириш ҳақидаги таклифини изоҳларкан, бундай фаолият билан шуғулланувчи барча одамни терминал билан таъминлаш имконсизлиги, бу чоранинг эгаридан тушови қимматга тушиши, шу боис бозорнинг асосий кириш-чиқиш нуқталарида назорат нуқталари ташкил этиб, шу жойга тўлов-терминаллари ўрнатилишини маълум қилди. Мулозимнинг фикрича, бу орқали янги иш ўринларини яратиш имкони ҳам юзага келади.

Аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар ватанига юборган маблағларни солиққа тортиш таклифини илгари сурган, аммо бу таклиф жамоатчилик томонидан кескин танқидларга учраганди.

Мавзуга оид