Жамият | 17:24 / 11.03.2022
13557
3 дақиқада ўқилади

Кўзи ожизлар учун Қуръон қайта нашр қилинди

Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун Қуръони карим тўртинчи маротаба босмадан чиқди. “Ёғду” нашриёти ва Кувайт Халқаро Ислом Жамғармаси ҳомийлигида тайёрланган янги нашр аудиоқўлланмаси борлиги билан ўқувчига қулайлик яратади.

Қуръони каримни ўқишга бўлган эҳтиёж кўзи ожиз инсонлар ўртасида ҳам баланд. Шу муносабат билан Каломуллоҳ Ўзбекистонда 4-маротаба Брайл ёзувида нашр этилди. Китоб тақдимоти Чилонзор туманидаги “Санъат гулшани” маданият саройида 10 март куни бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда брайл ёзувида Қуръони карим илк марта 1997 йилда нашр қилинган. Бу – Ер юзида Брайл ёзувидаги Қуръоннинг 3-нашри бўлган. Унгача Миср ва Тунисда босилган. 

“Илк нашр жуда оғир бўлганди. Сабаби, бизда ҳеч қандай тажриба йўқ эди. Ўзимиз Қуръон ўқишни биламиз-у, уни одамларга қандай етказишни билмасдик. Мутахассислар йўқ эди. Шу учун илк нашрни ойлаб, йиллаб ўтириб тайёрлашга ҳаракат қилганмиз”, – дейди "Ёғду" нашриёти муҳаррири Суннатуллоҳ Таълатов илк нашрдаги қийинчиликлар ҳақида. 

Ундан кейин китоб 2004 ва 2006 йилларда ҳам нашр қилинган. Унинг нусхалари барча МДҲ давлатларига, шунингдек, Европа, Осиё, Африка, Америка қитъалари давлатларигача етиб борган.

Россия, Буюк Британиянинг Қироллик кутубхонаси, Мадинадаги Масжиди Набавий кутубхонаси, АҚШдаги Мусулмонлар Уюшмаларига ҳам тақдим этилган. Бундан ташқари, китобдан Ўзбекистондаги Ҳазрати Имом ва Имом ал-Бухорий зиёратгоҳларидаги Қуръон музейлари, Ислом дини йўналишидаги Олий ва ўрта-махсус билим юртларида ҳам фойдаланилади.

Нашриёт бош муҳаррири Рихсибой Аббосхоновнинг айтишича, янги нашрда ҳар бир жамланма 8 китоб ва аудиофлешкадан иборат бўлиб, 500 нусхада тайёрланган. Уларнинг 250 нусхаси Кувайт Ҳалқаро Ислом Жамғармасининг ҳомийлик маблағлари ва қолган қисми ички имкониятлар ҳисобидан нашр қилинган.

Рихсибой Аббосхонов

“Кўзи ожизлар учун чиқариладиган китоблар, – дейди нашриёт бош муҳаррири – нарх жиҳатидан қиммат. Уни сотиб олишга ижтимоий ҳимоя остида бўлган инсонларнинг харид қуввати етмайди. Лекин талаб бор. Шунинг учун бундай китобларга ҳомийлик маблағларини жалб қиламиз”.

Китоб сотиб олиш учун нашриётга қўнғироқ қилиш мумкин.

Боғланиш учун:

+9989099666633

+998712456325

Мавзуга оид