Ўзбекистон | 14:33 / 12.03.2022
82326
4 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимлари биометрик паспортни инобатга олмай, жарима ёзмоқда. Бу қонунга зид

Фуқароларнинг шахсий автомобили йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан тўхтатилиб текширилганда, ходимга тақдим қилинган биометрик паспорт инобатга олинмасдан, ҳайдовчига нисбатан тегишли ҳужжатларсиз автомобил бошқарганлик айби билан маъмурий баённома расмийлаштириш ҳолатлари учрамоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

2022 йил 1 мартдан бошлаб Kun.uz'га ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлари сони ортди. Уларнинг аксарияти бир хил мазмунда.

Хусусан, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаро Ўктамжон Тўйчиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 2022 йил 9 март куни ўзи бошқариб кетаётган “Жигули” автомобили Каттақўрғон шаҳри ЙПХ ходими томонидан тўхтатилиб, ундан ҳужжатлари сўралган. Ҳайдовчи ЙПХ ходимига ёнида бўлган биометрик паспортини тақдим этган. ЙПХ ходими биометрик паспорт орқали ҳайдовчига тегишли ҳужжатларни планшетдан текшириш имконияти йўқлигини билдириб, ундан ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларини сўраган.

2022 йил 1 мартдан бошлаб ёнида биометрик паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлганда, ҳайдовчидан “права”, техпаспорт ва суғурта ҳужжатларини ёнида олиб юриши талаб этилмаслиги бўйича қонун кучга кирганини, планшетдан текшира олмаса, бу ўзининг муаммоси эканини “ГАИ” ходимига тушунтиришга уриндим. Бироқ у тушунишни хоҳламади ва биометрик паспортимни инобатга олмай, менга нисбатан баённома тузиб, 270 минг жарима солди”, – дейди ҳайдовчи.

Унинг қўшимча қилишича, МЖТК 135-модда билан жавобгарликка тортилгани сабабли айни вақтда автомобили жарима майдонига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, ҳайдовчининг сўзларига кўра, ўша вақтда ЙПХ ходими маъмурий баённомани планшетда тузгани учун ҳайдовчидан бармоқ изини босишни сўраш билан чекланган. Аммо ҳайдовчини баённома билан таништирмаган. 11 март куни ЙҲХХ Каттақўрғон шаҳар бўлимига бориб, баённома билан танишмоқчилигини билдирса ҳам, масъуллар баённома планшетда расмийлаштирилганини билдириб, унга бундай имкониятни тақдим этмаган.

Қонунчилик нима дейди?

2021 йил 30 ноябрдаги қонун билан МЖТКнинг 135-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилган бўлиб, унга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан бошлаб ёнида биометрик паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлганда, ҳайдовчи бошқа ҳужжатларни кўрсатиши талаб этилмайди.

Бироқ, 2021 йил 15 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарорида биометрик паспорт кўрсатилмаган: “ҳайдовчининг йўл-патрул хизмати инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаган тақдирда мазкур ҳужжатлар махсус планшет қурилмаси ёрдамида идентификация ID-картаси орқали текширилади”, дейилган Вазирлар Маҳкамаси қарорида.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига биноан, турли ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Яъни қонун юридик жиҳатдан ҳукумат қароридан устун туради.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха кўчириш ёки уларни фотосуратга олиш ҳуқуқига эга.

ЙПХ ходимлари планшетдан ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари мавжудлигини текшира олмаётгани Ички ишлар вазирлиги тизимни тўғри йўлга қўя олмагани (эҳтимол, етарлича дастурий имконият яратилмаган), қонун ижросини чала ижро қилаётганини англатади. Бу тизимли муаммонинг сабабини сўраш мақсадида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати билан боғланишга бўлган уринишларимиз бесамар кетди.

Маълумот учун, МЖТК 135-моддасига кўра, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши БҲМнинг бир баравари миқдорида (270 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

МЖТК 135-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши МЖТК 291-моддасига асосан ҳуқуқбузар автомобилининг жарима майдонида ушлаб турилишига асос бўлади.

Мавзуга оид