Ўзбекистон | 10:44 / 17.03.2022
13896
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда табиий қимматбаҳо тошни 220 000 долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди 

Тошкент шаҳрида табиий қимматбаҳо тошни 220 000 АҚШ долларига сотаётган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум қилинишича, департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, фуқаролар Ҳ.Х., М.С. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 1 дона (ҳақиқий баҳоси 30 млн сўм бўлган) табиий тошни 220 000 долларга қонунга хилоф равишда ўтказган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарда айтилишича, бу шахслардан жами 4 та табиий тош ҳамда симоб моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, тошларнинг соф оғирлиги 333,8 граммни ташкил этиб, таркиби рубин (ёқут), кварц, флюорит, гранат, пироп ва сапфир бирикмалардан иборат табиий қимматбаҳо тош экани қайд этилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилади.

Мавзуга оид