Ўзбекистон | 16:02 / 23.03.2022
8588
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов ва Рустам Минниханов «Чирчиқ» технопарки қурилишига старт берди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Татаристон президенти Рустам Минниханов «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг қурилишига старт беришди. Технопарк Қозондаги «Химград» технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Чирчиқ шаҳрида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маросимда бош вазир Абдулла Арипов, Татаристон президенти Рустам Минниханов, Ўзбекистон ва Татаристон вазирлик, идора ва ташкилотлари раҳбарлари, кимё ва нефть-кимё саноати вакиллари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган.

Маълум қилинишича, дастлаб фахрий меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки тақдимоти, ҳудуди, имкониятлари ва технопарк резидентлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишган.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар барчани мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши билан табриклаган. Ўзбекистон президентининг 2022 йил 2 февралдаги «Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришга хизмат қилиши таъкидланган.

Маълумот учун, технопаркнинг умумий майдони 31,22 гектар бўлиб, биринчи босқичда 14 та корхона фаолиятини йўлга қўйиш режалаштириляпти. Бу ерда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Технопарк тўлиқ ишга тушиши натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилади ва йилига 15 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.

Бунинг учун Россия, Германия, Жанубий Корея, Туркия, Хитой каби дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан олиб келинадиган замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилади. Барча саноат тармоқлари экологик талабларга жавоб беради.

Тадбирда рамзий тугма босилиб, «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки лойиҳасига расман старт берилган.

Икки давлат ишбилармонлари, масъуллари томонидан технопарк ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланган.

Мавзуга оид