Эски шаҳардан Даниягача: “data scientist” Абдуворис Абдуваҳобовдан Европага грант ютиш бўйича 8 маслаҳат
Илм, шахсий ривожланиш йўлида ўзини аямайдиган ёшлар тажрибаси кўпчиликка қизиқ бўлса керак. Ана шундайлардан бири Абдуворис Абдуваҳобов ҳозир Данияда докторантурада ўқияпти. У бирваракайига бир нечта нуфузли халқаро грантни ютиш йўллари, бакалавр даврида карьера қилиш ва келажак касбига айланган “data science” – катта маълумотлар илми ҳақида сўзлаб берди.
Илк ютуқ
Ҳаммаси Тошкентнинг Хондамир маҳалласидаги “Ором” гимназиясидан бошланади. Абдуворис Эски шаҳардан узоқроқ мактабга қатнаб ўқиркан, 2009 йилда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) қошида очилганига кўп бўлмаган академик лицей ҳақида эшитади. Унга ўқишга киришга тайёрланади ва катта рақобатда ютиб чиқиб, топ 150талик кучли ўқувчилар сафига киради.
У лицейда жуда кўп билим ва кўникма тўплагани, “катта мақсадлари бор, интилувчан, тиришқоқ” тенгдошлар қуршовида таълим олганини фахрланиб эслайди. Олдига катта мақсадлар қўйган Абдуворис лицейда учинчи курсда таҳсил оларкан, параллел равишда ТХВУнинг “foundation” (бакалавриатнинг биринчи йили) босқичида ўқиш имкониятини ҳам қўлга киритади. Бу – жуда кўплар орзу қиладиган натижа эди.
1-маслаҳат: Мақсади бор ва ўзингиздан билимлироқ одамлар қуршовида бўлинг, улар сизни фақат олдинга етаклайди.
Бизнес ва IT кесишмасидаги мутахассислик
Абдуворис Вестда BIS (Business Information Systems) – ўзининг таърифлашича, бизнесни бошқариш ва компютер илми ўртасидаги соҳа – бўйича ўқий бошлайди. Университетдаги “эгилувчан” дарс жадвалларининг шукрини адо этиб, ортиб қолаётган бўш вақтида ярим ставка ишлар ёки стажировкалар топиш ҳаракатига тушади.
Бир нечта жойга бориб кўргандан кейин, деканат тавсияси билан Ўзбекистон электрон ҳукуматни ривожлантириш марказига боради. У ердаги раҳбар Абдуворис ва унинг дўстларига марказда ишлаб кўриш уларга карьера истиқболлари, чет элга чиқиш имкониятини беришини ва “E-GOV – бу катта нарса” эканига ишонтира олади.
2-маслаҳат: Бакалавриат пайтидаёқ карьерани бошлашга, ўз соҳангизда амалий билимларга эга бўлишга ҳаракат қилинг. Талабалар орасида жамоат ишларида фаол бўлиш ҳам грант ютиш имкониятларингизни янада оширади.
Волонтёрлик тажрибасизликдан яхшироқ
Давлат ташкилотида бир талаба ўлароқ ишлаш деярли даромад олиб келмайди. Бу кўпроқ волонтёрликка ўхшайди. Бироқ Абдуворисга кўра, ўта ҳар хил, эҳтимол баъзида унча жозибали бўлмаган вазифаларни бажаришга тўғри келса ҳам, электрон ҳукумат марказида у одамлар билан мулоқот қилиш, лойиҳаларни бошқариш каби “soft” (умумий) профессионал кўникмаларни эгаллайди.
Кўриниб турибдики, Вестминстерда ўқийдиган прогрессив йигит-қизларни жалб қилиш давлатга ҳам (айниқса, e-ҳукуматга ўхшаш янгича структураларга) керак. Хуллас, икки томон ҳам ютяпти.
3-маслаҳат: Грант дастурлари номзоднинг компаниялар/ташкилотлар/одамларга қандай ёрдам берганига, резюмедаги давлат хизмати ва волонтёрлик ишларига қарайди. Бунга эътибор беринг.
Фақат биттасини севиш хатоси
Абдуворис 4-курслигида фақат битта стипендия дастури, яъни Япониядаги магистратурага вақт, энергия ва бошқа ресурсларни сарфлайди. Аммо унинг жавоби ижобий бўлмайди.
4-маслаҳат: Бир вақтнинг ўзида бир нечта имкониятга ҳаракат қилинг, бири бўлмаса, бошқаси ўхшайди.
Ҳаётни ўзгартирган “database”
Қаҳрамонимиз учун энг муҳим маълумотлар омбори грантлар учун тузилган Excel sheet бўлса ажаб эмас. У 2017 йилда Европа Иттифоқининг электрон ҳукумат бўйича Pioneer грантини (scholarship) қўлга киритган яқин дўсти ва бошқа танишларидан фарқли равишда чет элда магистратурасини бошлай олмайди. Аммо бу сабоқ билан у Британиянинг “Chevening”, Германиянинг “DAAD”, Европа Иттифоқининг иккита Erasmus дастурига қаттиқ тайёрланиб, қабул талабларини иложи борича аъло даражада бажариб, ҳужжат топширади.
2018 йилнинг январидаёқ Erasmus DCLead дастури бўйича суҳбат босқичига ўтиб, грантни қўлга киритади. Буни қарангки, шу йили у нуфузли Chevening грантини ҳам ютади.
5-маслаҳат: Магистратура, айниқса грантлар учун ҳужжатлар бир неча ҳафта/ой давомида йиғиб топширилади, иншо/cover letter'ларни бир нечта одамга ўқитиш, маслаҳат олиш керак. Ҳар бир дастур учун индивидуал ёндашиш ва сарфланадиган вақтни тўғри ҳисоблаш жуда муҳим. Буларнинг ҳаммасини Excel database орқали тартиблаб, назорат қилиб турса бўлади.
Залцбург, Копенҳаген ва Женева орасидаги евромагистратура
Эрасмуснинг магистратура грантлари талабанинг ҳамма харажатларини қоплайди: бориш-келиш, турар жой, кутубхона ва лабораториядан тортиб қўлга бериладиган ойлик стипендияларгача. Аммо магистр дипломининг ўзи Абдуворис учун камлик қиларди, албатта. Ўқишларда “зачёт” учунгина ўқимай, у яна Coursera, Udemy платформаларида мустақил равишда “data science” курсларини ўрганади. Бир семестр Австриянинг Залтсбургида, кейин Даниянинг Копенгагенида ўқийди.
Унга профессорлари тажриба тўплашни маслаҳат беришади, аммо амалиёт қилиш мажбурий бўлмайди. 2020 йилнинг бошида эса Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган IATA'га (Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) стажировкага қабул қилинади.
6-маслаҳат: Бирор соҳани яхшилаб ўрганиш учун одам ўзи мустақил ўрганиши, агарчи бу дастур талаби бўлмаса ҳам, стажировкалар қилиши зарур. Европадаги барча магистратура босқичлари талабаларни ўз устида ишлашга йўналтирган.
Пандемия сабаб ишчилар қисқартирилиши
Кутилмаганда пандемия бошланиши ҳамма соҳалар каби, эҳтимол, уларнинг ичида энг кўпи, авиация соҳасини ларзага келтиради. Ушбу кризис туфайли Абдуворис жалб қилинган R&D бўлими дата-таҳлил бўйича лойиҳаларини тўхтатиб туришга қарор қилади.
“Стажировка давомида асосан COVID билан боғлиқ таҳлил ва изланишлар олиб бордик”, деб эслайди у. Олти ойлик амалиётдан сўнг мазкур ташкилотда унинг аввал умид берилганидек ишда олиб қолиниши сўроқ остида қолади. Сабаби ишчиларни қисқартириш бошланган пайтда иккиламчи бўлим учун янги ишчи олинмас эди, албатта.
Ишнинг ўзи топиб келиши
Кўп нарса мавҳум биринчи локдаун пайтлари қаҳрамонимиз чартер рейс билан Тошкентга қайтишга қарор қилади. Она шаҳрида эса унга бир нечта жойлар, хусусан, Ўзбекистондаги прогрессив компаниялардан бири Newmax Technologies иш таклиф қилади. Шундай қилиб у Express24.uz'нинг “data science” жамоасини шакллантириш ва юритиш учун енг шимаради.
Бу ерда у эски услубда Exсel жадвалларини принтердан чиқариш амалиётлари ўрнига Power BI каби технологиялардан фойдаланишни жорий қилади, яна суҳбат давомида у катта қизиқиш билан айтгани, аммо биз унчалик тушунмаганимиз техник вазифаларни бажаради.
Ундан ташқари, ўз ташаббуси билан вебсайтда “Тавсия қилинганлар” минисервисини ишлаб чиқади ва натижалар ҳайратланарли даражада ижобий чиқади.
7-маслаҳат: Ўз касбингизни яхши кўриб, уни ўрганиб, мутахассис бўлишга интилинг ҳамда LinkedIn каби тармоқларда ўзингиз борлигингизни билдиринг. Шунда сиз иш қидириб ўтирмайсиз, аксинча у сизни топиб келади.
Скандинавияга PhD учун қайтиш
Европа Иттифоқининг PhD учун грант дастурида ғолиб бўлганидан хабар топган Абдуворис Express24'даги ишини бошқа яна бир муносиб мутахассисга топшириб, жомадонларини йиғиштира бошлайди.
“Ишлаш давомида тушундимки, “data science”ни йўлга қўйиш учун авваламбор керакли бир босқич – “data engineering” мен учун қизиқарли жабҳа экан. Уни чуқурроқ ўрганишни мақсад қилдим”, деб тушунтиради у. Ҳозирда Абдуворис Абдуваҳобов Olborg Университетида (Дания) ўқишини давом эттирмоқда.
8-маслаҳат: Ишлаб, бирор ишни қилиб кўрибгина унинг турли томонларини ўрганиш мумкин ва вақти келганида одам ўз ҳаёт йўлини қайта “калибрлаб” туриши – табиий ҳол.
Бонус маслаҳат: Умуман, қайси соҳага қизиқар эканман деб узоқ ўйланиб ҳеч нима қилмай ўтиргандан кўра, ҳеч бўлмаса ўзингизга сал-пал ёққан бирор ишни қилиб кўравериш керак. Ўзингизга энг ёқадиган ва қўлингиздан келадиган ишни шунда топасиз.
Саидазиз Аъзамов
Мавзуга оид
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
18:19 / 07.12.2024
Ёшларга Work & Travel дастурлари харажатлари учун ссуда ажратилади
10:11 / 28.11.2024
Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ошмоқда
15:32 / 22.11.2024