Ўзбекистон | 17:50 / 26.03.2022
7343
2 дақиқада ўқилади

БМТ Ўзбекистонда зўравонлик қурбонларига телефон орқали ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар берди

Фото: БМТ Аҳолишунослик жамғармаси

2022 йилнинг 24-25 март кунлари Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида зўравонликдан жабр кўрган аёлларга маълумот ва маслаҳат бериш сифатини ошириш мақсадида 1146 ишонч телефонида ишлаш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбир Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий тузилмалари, 1146 ишонч телефонида фаолият юритаётган психолог, операторлар учун ташкил этилди.

Семинар-тренингда гендер зўравонлик ва оилавий низолар ўртасидаги фарқларга оид масалалар кўриб чиқилди. Зўравонлик қурбонларига қонунчиликда кафолатланган зарур хизматлар, уларни таъминлаш тамойиллари ва стандартларини кўриб чиқиш, телефон орқали ёрдам кўрсатишни самарали ташкил этиш атрофлича ўрганилди. 

Шунингдек, ишонч телефони хизматчилари гендер зўравонликни ва хавф омилларини аниқлашни ўрганди, гендер зўравонлик оқибатлари, қонунчилик базаси, гендер зўравонлигига жавоб бериш бўйича хизматлар кўрсатишнинг стандарт операцион тартиблари ҳақида маълумотлар олди.

Фото: БМТ Аҳолишунослик жамғармаси

Жинсга асосланган зўравонликка идоралараро жавоб, ишонч телефони хизматчиларининг жавоб бериш стандартлари, телефон алоқаси бўйича коммуникатив компетенция бўйича ўз кўникмалари устида ишлай олиши, келажакда ушбу кўникмаларни ривожлантириш учун телефон одоби ва касбий дўстлик тамойиллари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Бундан ташқари, ишонч телефони ишини сифатли таъминлаш ва “куйиш синдроми”нинг олдини олиш мақсадида хизматчиларга стрессдан халос бўлиш ва кучни тиклаш усуллари таклиф этилди.

Билдирилишича, ишонч телефони мутахассисларини тайёрлаш гендер зўравонлигига барҳам беришга қаратилган кенг кўламли дастурнинг бир қисми бўлиб, зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамнинг комплекс ёндашувини амалга ошириш учун идоралараро муносабат ва ҳамкорлик масалалари бўйича тавсияларни бериш, манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида салоҳиятини янада оширишдан иборатдир.

Мавзуга оид