“Одамлар қўрқувдан ёш чақалоқларни қучиб ётарди”: Андижондаги каламуш босқини
2000 йиллар водий аҳли учун жуда катта ҳудудни қамраб олган каламушлар босқини билан ёдда қолган. Одамлар нафақат егуликлари, балки йил давомида кўз тикилган ҳосилларидан ҳам айрилдилар. Ҳатто, инсон ҳаётига ҳам хавф туғила бошлаганди.
У йилларнинг ўзига хослиги ҳали интернет, ижтимоий тармоқлар ривожланмаган, расмий ОАВ бундай муаммоларни кўп ҳам ёритавермасди. Аниқ сабаблари номаълум тарзда Фарғона водийсида, хусусан Андижон вилоятининг қатор туманларида каламушлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Каламуш каби зараркунанда ҳар доим ҳам бўлган ва катта эҳтимол билан ҳамиша бўлади. Аммо ўша йилларда водийда том маънода каламушлар босқини кузатилди. Каламушлар ҳар доимгиларга нисбатан анча катта, узун мўйловдор ва жуда тажовузкор эдилар. Сувда бемалол суза олар, одамдан қўрқмас, энг эҳтиёт қилинган озиқ-овқатни ҳам топа билишарди.
Ўша жараёнларга бевосита гувоҳ бўлган айрим юртдошларимиз билан суҳбатда бўлдик.
Аҳлиддин Мамадалиев: “Омборларда ҳам дон-дун сақлашнинг иложи бўлмай қолди”
– Ўша йиллар яхши эсимда. Каламушларнинг кечалари томда қий-чув қилиб югуришларидан ухлолмай чиқардик. Бу шунчалик узоқ вақт давом этдики, охири кўникиб ҳам қолдик. Олдин қолдиқ овқатларни, чиқиндиларни титиб ейишни ўрганишди. Кейин захираларимизга ўтишди, охир оқибат, қаерга нима яширмайлик, топиб ола бошлашди.
Шунчаликка боришдики, умуман уйда бирор нарса сақлай олмай қолдик. Бозорларда ҳам нарх-наво сезиларли оша борди. Чунки омборларда ҳам дон-дун сақлашнинг иложи бўлмай қолди.
Кўчаларда каламушлар тўда-тўда бўлиб юришни ўрганишди, ариқларда суза бошлашди. Аввалига одамни кўрса қочиб кетишарди, кейин-кейин ёнига бориб ҳайдаса ҳам кетмайдиган бўлиб кетишди.
Мадамин Ҳомидов: “Жонзотга ҳам ақл кираркан”
– Бутун бир маккапоя (маккажўхоризор) шамол бўлмаса-да, шамолдек шовиллаб қимирлаб туришини тасаввур қила оласизми? Каламуш шу даражада кўпайгандики, бутун далаларни қоплаб оларди, маккапояларга чиқиб кетиб, ерга йиқитиб ейишарди.
Молларнинг емини ҳам сақлаб бўлмай қолди. Товуқнинг тухумига қирон келди. Бир ҳолатни айтсам ҳайрон бўласиз – одамлар тухумни саватга солиб, симга осиб қўядиган бўлишди. Каламушлар симга осилиб саватга тушганда ҳам тухумни олиб тушиб кета олмайди, деб ўйлашганда. Каламушлар эса шунинг ҳам йўлини топишди: биттаси симга осилиб саватга тушади. Кейин тухумни думалатиб, битталаб пастга ташлайди. Пастда қолган шериклари ғуж бўлиб туришади, тухум уларнинг устига тушиб, пачақланиб кетмайди. Олиб кетишни қаранг – биттаси тухумни қучоқлайди, қолганлари думидан, оёқларидан судраб кетишади. Бир жонзотга ақл ҳам битаркан-да бунақа пайтларда...
Муборак Йўлчиева: “Каламуш тишлаган одамлар шифохоналарда даволаниб чиққанди”
– Каламушнинг одамни тишлашига бугун биров ишонмаса керак. 2000 йиллардаги зараркунанда босқинида бир неча қариндошларимизни каламуш тишлаган. Кўпчилик шифохоналарда даволаниб ҳам чиққанди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, одамлар қўрқувдан ёш чақалоқларни қучиб ётадиган бўлишди. Чунки бешикдаги бир боланинг қулоғини каламуш ғажигани ҳақидаги ваҳимали хабарлар тарқалганди.
Ўша йиллари “Ўт балосидан, сув балосидан, каламуш балосидан асрасин” деб дуо қилиш урф бўлгани эсимда.
Дилмурод Набиев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи: “Биологик қурол” деган фикрлар ҳам пайдо бўлганди”
– Бу санитар-эпидемиологик жиҳатдан жуда жиддий муаммога айланганди. Одамлар орасида бу “Биологик қурол” деган фикрлар ҳам пайдо бўлганди. 2000 йилларда кўпайган бўлса, кўп ўтмай бу муаммога республика миқёсида эътибор қаратилди. Ҳукумат томонидан алоҳида маблағ ажратилди, комиссия, ишчи гуруҳ тузилди. Ўлатга қарши кураш марказидан мутахассислар Андижонга келишди ва зараркунандаларга қарши режалар тузиб олинди. Чунки бу зараркунандалар ўлат, қутуриш каби касалликларнинг ташувчиси ҳисобланади. Яхшики, каламушдан жароҳат олганлар бўлса-да, бу касаллик қайд этилмаганди.
Дон-дун, ҳайвонлар ичак-чавоғи ва бошқа қолдиқ аъзоларидан махсус емаклар тайёрланди, бу емаклар заҳарланиб, тарқатиб чиқилди. Шундан кейин бу муаммо чекинди, каламушлар кўпайиши камайди. Кўпчилик мангуст деган аллақандай жониворлар пайдо бўлиб, каламушларни еб битирди, дейишади. Лекин айнан ходимларимизнинг заҳарлаш ишларидан кейин бу муаммога чек қўйилди. Ҳозиргача бу борада мунтазам мониторинг олиб борилади. Чунки озгина эътиборсизлик қилинса, бу зараркунандалар кўпайиб кетиб, халқ хўжалиги ва инсон саломатлигига катта зарар етказиши мумкин.
Маҳмуджон Раҳимов, овчи: “Бу бало сувда ҳам яхши сузарди”
– Мен Олтинкўл тумани Қорадарё бўйида яшайман. Балиқ кўлларим бор, овчиман. Ўша каламушлар ҳақиқий офат эди. Кечқурунлари мўр-малахдек ҳаракатланишганини кўп гувоҳи бўлганман. Ҳайратланарли томони сувда ҳам худди қуруқликдагидек тез ҳаракатлана олгани бўлган. Ариқ, зовур, сойлардан бир тўда бўлиб сузиб ўтиб кетишарди. Уларга қарши қилинган заҳарни еб бир каламуш ўлса, ўша заҳарга қайтиб бошқаси яқинлашмаган. Заҳар еб ўлган каламушлар ертўлаларда ўлиб, уларнинг ўлик танасида бургалар кўпайиб, қишлоқ хонадонларини бурга босган. Бургалардан уч-тўрт йилда зўрға қутилганмиз.
Уларни ўлдиришнинг кўп йўлларини қилиб кўрганмиз. Электр токи билан ишлайдиган қопқон қилганимизда, биттаси ўлгач бошқаси яқинлашмай қўйгани эсимда. Сезгир жонивор эди. Кўпайиб кетишса, гуруҳ бўлиб итларга ҳам ҳужум қилишган. Улар орасидан биттаси хабарчи вазифасида бўлиб, хавф кўпайса чийиллаб бошқаларини огоҳлантирар эди.
Уларни заҳарлаб ўлдириб тугатишмаган, менимча. Каламушлар миграцияси эди, биламан. Улар ўзлари кетиб қолди. Мана, ҳозир ҳам ўзимизда доим бўлган каламушлар бор. Улар ошхоналар сарқитларини еб, ахлатхоналарда яшашади. Улар кўпаймайди. Каламушларни кушандаси бўлган мангустсифат ҳайвонларни обкелишди. Каламушлар кетди, улар қолди. Дарё бўйларида учраб туради. Бу жониворлар товуқларни бўйнидан тишлаб, қонини сўриб ўлдириб кетяпти.
Шундай қилиб, 2000 йиллар водий аҳли учун нафақат иқтисодий мураккабликлар, UzDAEWOO заводининг ишга тушиши ва Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг олимпиада чемпиони бўлиши билан, балки кўплаб талафотларни келтирган каламушлар босқини билан ҳам ёдда қолган.
Аброр Зоҳидов, Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024
Андижонда эр-хотин ис газидан заҳарланиб, вафот этди
10:49 / 15.12.2024