Ўзбекистон | 10:53 / 01.04.2022
6775
2 дақиқада ўқилади

Репортаж: Тошкентда аутизм спектри бузилган болалар учун ижодий студия очилди

Пойтахтда аутизм спектри бузилган болалар учун янги ихтисослаштирилган ижодий майдон – Самарқанд Марафон Болалар академияси очилди. Тафсилотлар Кun.uz репортажида.

31 март куни Самарқанд Марафон Болалар Академияси очилиши бўлиб ўтди. Академия – аутизм спектри бузилган болажонлар учун янги ихтисослаштирилган ижодий майдондир. У “Наврўз” истироҳат боғида жойлашган бўлиб, унда ижодий ва интерактив машғулотлар учун барча шароитлар яратилган.

“Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистонда инклюзив муҳитни яратиш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳалардан бири сифатида  аутизм спектри бузилган болалар учун  ижодий студия ташкил қилдик. Мазкур лойиҳа 2022 йилда Самарқанд халқ марафонида асосий мавзу этиб белгиланганди. Яъни аутизм спектри бузилган   болаларни қўллаб-қувватлаш. Унда 2020 йилда тушган маблағлар ҳисобидан бугун “Наврўз” истироҳат боғининг ёнида болалар академиясини ташкил этдик”, – дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори маслаҳатчиси Элмурод Нажимов.

Жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерованинг сўзларига кўра, бу йилги хайрия марафонидан кўзланган мақсад музейларни кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун мослаштиришдан иборат.

“Жамғарма томонидан 4 йил мобайнида “Самарқанд марафони” хайрия югуриши ўтказилмоқда. Биз ўз олдимизга хайрия спорт ва маданий тадбирлар орқали Ўзбекистонда инклюзив муҳитни ривожлантиришни кенг кўламли вазифа қилиб қўйганмиз. Шу йиллар давомида “Самарқанд марафони” ижтимоий намунага айланиб, нафақат ҳамшаҳарларимиз, балки хориждан ҳам минглаб сайёҳлар ва спортчиларни ўзига жалб этувчи етакчи спорт тадбирига айлана олди”, – дейди у.

Янги ташкил этилган ижодий академия дам олиш маскани, ижод ишлари билан шуғулланадиган устахона, ҳовли, ота-оналар учун кутиш майдонидан иборат.

Мавзуга оид