Жаҳон | 15:04 / 05.04.2022
25804
2 дақиқада ўқилади

АҚШ янги атом сувости кемасини намойиш қилди

АҚШ ҳарбий денгиз кучлари пандемия сабаб икки йилга ортга сурилган тақдимот маросимини ўтказди. Делавэрда ўтказилган маросимда ушбу штатдан узоқ йил давомида сенатга сайланган амалдаги президент Жо Байден ҳам иштирок этди.

Фото: Reuters

Тақдимотда «Делавэр» номли янги атом сувости кемаси намойиш этилди. 2020 йил ўтиши режалаштирилган намойиш коронавирус пандемияси сабаб ортга сурилган эди.

«Делавэр» АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг янги турдаги субмаринаси бўлиб, «Виржиния» синфидаги 18-тезкор зарбавор сувости кемасига айланди. У душман сувости ва сув устидаги кемаларини топиб йўқ қилишга мўлжалланган бўлиб, 136 нафар экипаждан иборат бўлади. АҚШ ҳарбий денгиз кучлари маълумотига кўра, янги сувости кемаси «Томагавк» қанотли ракеталари билан зарба бера олади.

Фото: AP

115 метр узунликдаги кема сув тубига 245 метргача шўнғиб, 25 узел тезликда ҳаракат қила олади. «Делавэр» ядро ёнилғисини 30 йилгача алмаштирмай ҳаракатланиши мумкин. XXI асрда илк марта ҳарбий кемага Делавэр штати номи берилган. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден 36 йил давомида мамлакат сенатига айнан Делавэр штатидан сайланган.

Тақдимотда қатнашган Байден рафиқаси билан кемага чиқиб нутқ сўзлади: «Бош қўмондон сифатида шуни айтмоқчиманки, қайноқ нуқталарга юборилаётган аскарларимизни яхши тайёргарликдан ўтказиш, ортга қайтгач, улар ва оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш миллат сифатида бизнинг вазифамиздир», деган Байден.

АҚШ президенти март ойи охирида Польшанинг Украина билан чегадаги Жешув шаҳрига бориб, АҚШ армиясининг 82-ҳаво десантчи кучлари дивизияси ҳарбийлари билан учрашган эди.

Янги атом сувости кемаси тақдимоти Украинадаги уруш фонида ва АҚШ мудофаа учун рекорд миқдорда (795 миллиард доллар) пул сарфлашини эълон қилган 2022 йилга тўғри келди. Кентуккилик сенатор Митч Макконнеллнинг айтишича, катта пул ажратилганига қарамай, инфляция сабаб АҚШ мудофаа тизими «жойида туриб қолиши» ҳам мумкин.

Мавзуга оид