Жаҳон | 08:58 / 14.04.2022
12896
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк полицияси метрода йўловчиларни ўққа тутганликда гумонланган шахсни ҳибсга олди

Нью-Йорк метросида отишма келтириб чиқаришда гумон қилинган 62 ёшли шахс ҳибсга олиш жараёнида қаршилик кўрсатмаган. Ҳодисада яраланган 23 кишидан 10 нафари ўқдан жароҳат олган.

Фото: Reuters

Нью-Йорк метросида камида 23 киши жароҳат олган отишма содир бўлган куннинг эртасига полиция гумонланувчи шахсни қўлга олди. «Биз уни ушладик», деди Нью-Йорк мэри Эрик Адамс 13 апрель, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Маҳаллий полиция бошлиғи Кичант Сьюэллнинг сўзларига кўра, 62 ёшли Френк Жеймс кўчада қўлга олинган ва қаршилик кўрсатмаган. Унга жамоат транспортида «террористик ёки бошқа зўравонлик ҳужуми» моддаси бўйича айблов қўйилган. Гумонланувчи 14 апрель, пайшанба куни судга чақирилиши режалаштирилган. Унинг ҳаракатларига нима сабаб бўлгани номаълумлигича қолмоқда.

12 апрель куни эрталаб, тиғиз вақтда метро йўловчиларидан бири газга қарши ниқоб тақиб олиб, иккита канистрни очган ва ундан тутун чиққач, поездда отишма келтириб чиқарган, сўнгра уни Нью-Йоркнинг Бруклин тумани ҳудудидаги «36-кўча» бекати платформасида давом эттирган. 10 киши ўқдан яраланган, яна 13 киши тутундан заҳарланган ёки қочиш пайтида жароҳат олган.

Гумонланувчи Френк Жеймс аввалроқ Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатлари полицияси томонидан жинсий зўравонлик, бузиб кириш воситаларига эгалик қилиш ва жамоат тартибини бузиш каби айбловлар бўйича 12 марта қўлга олинган. Агар айби исботланса, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 

Мавзуга оид