Жаҳон | 22:08 / 18.04.2022
36111
10 дақиқада ўқилади

«Очиқ денгизда бедарак йўқолган». «Москва» крейсери экипажининг бир қисми ҳалок бўлган

«Москва» крейсери ҳалокатида ўнлаб денгизчилар ҳалок бўлган, яраланганлар тахминан 100 нафар. Бедарак йўқолганлар сони номаълум. РФ мудофаа вазирлиги кема экипажи эвакуация қилинганини маълум қилганди, вазирлик қурбонлар ҳақида ОАВда тарқалаётган хабарларга муносабат билдирмаяпти.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги / AP / Scanpix / LETA

Воқеалар ривожи

Россия мудофаа вазирлиги 14 апрелга ўтар кечаси Қора денгиз флоти флагман кемаси «Москва» крейсерида ёнғин чиққани ҳақида хабар берди. Бунгача Одесса области маъмурияти крейсерга ракета зарбалари йўлланганини маълум қилганди.

«Интерфакс» агентлиги 14 апрель куни РФ мудофаа вазирлигига таяниб берган хабарида крейсер экипажи «тўлиқ эвакуация қилингани» ҳақида ёзган. Ёнғинга «ўқ-дори портлаши» сабаб бўлгани, кема жиддий шикастлангани айтилган.

Шу куни куннинг иккинчи ярмида мудофаа вазирлиги кема сузувчанлигини сақлаб қолгани, ёнғин ўчоғи бартараф этилгани ҳақида хабар қилди. Аммо кечга бориб вазирлик шатакка олинган «Москва» барибир «бўронли денгиз шароитида» ва ёнғин вақтидаги шикастланиш туфайли барқарорлигини йўқотиб, чўкиб кетганини тан олди.

«Аввал хабар қилинганидек, крейсер экипажи Қора денгиз флотининг мазкур ҳудуддаги кемасига эвакуация қилинган», дейилган бу хабарда. Аммо энди «тўлиқ» сўзи тушиб қолганди.

Кема экипаж аъзолари сони қанча бўлгани маълум эмас. ОАВда 500 дан 700 гача бўлган рақамлар келтирилди. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович кораблда 510 нафар денгизчи бўлганини айтди. Россия ҳукумати шу вақтга қадар ҳодисадан олдин «Москва»да қанча одам бўлгани ва улардан қанчаси эвакуация қилингани, ҳалок бўлганлар борлиги тўғрисида маълумот бермади.

МРБнинг собиқ раҳбари Дэвид Петреус CNN эфирида «Москва» крейсери билан боғлиқ вазиятда россиялик ҳарбийлар ўзига хос бўлмаган тарзда ҳодисани яширишга деярли уринмаганидан ҳайронлигини айтганди. «Мен улар [россиялик ҳарбийлар] буни тан олишганидан ҳайронман. Аввалроқ, бугун ҳам, улар крейсер Севастопол портига олиб кетилаётганини айтишганди», деган у.

15 апрел куни Севастополда «Москва» крейсери билан видолашув маросими ўтказилди. Унда ҳарбий-денгиз кучлари фахрийлари ва роҳиб иштирок этган. Олиб келинган гулдастада «корабл ва денгизчилар» ёзуви битилганини кўриш мумкин.

«Москва» крейсери экипажи акс этган кадрлар

16 апрел куни Россия мудофаа вазирлиги чўкиб кетган «Москва» крейсери экипажи аъзолари Севастополда Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони, адмирал Николай Евменов билан учрашгани акс этган видеокадрларни эълон қилди.

Reuters агентлиги Евменов билан учрашувдаги сафда «юзга яқин» денгизчини санаган.

РФ мудофаа вазирлиги эълон қилган видеодан кадр

«Новая газета Европа» нашри хабарига кўра, видеода «Москва» командири Антон Куприн кўриниш берган (аввалроқ Украина нашрлари у кемадаги портлаш вақтида ҳалок бўлганини ёзишганди).

Бундан ташқари, нашр роликнинг биринчи қисми овозсиз эканига эътибор қаратган. «Новая»нинг ёзишича, бу «кадрларда шахсий таркиб ҳисоб бериши жараёни акс этгани: шахсий таркиб командири сафда қанча одам борлиги ва қанча одам сафдан чиққани ҳақида маълумот бериши кераклиги» билан изоҳланади.

РФ мудофаа вазирлиги эълон қилган видеодан кадр

Қурбонлар ҳақида кетма-кет хабарлар

«Медуза» нашрининг Қора денгиз флоти қўмондонлигига яқин манбаси хабар беришича, украиналик ҳарбийлар ҳужумидан кейин чўкиб кетган «Москва» ракета крейсерида экипажнинг 37 аъзоси ҳалок бўлган. Манбанинг сўзларига кўра, 15 апрел куни уларнинг жасадлари Севастополга етказилган. Аввалроқ «Новая газета. Европа» мухбири билан суҳбатда экипажнинг омон қолган аъзоларидан бирининг онаси «Москва»да тахминан 40 денгизчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

«Медуза» манбасининг аниқлик киритишича, яна 100 нафар киши яраланган. Бедарак йўқолганлар ҳам бор — уларнинг аниқ сони маълум эмас. Кемада жами 500 нафар атрофида одам бўлган.

«Бизга ҳеч нарса айтишмаяпти»

Мустақил нашрлар журналистлари ҳалок бўлган икки матрос ва камида тўрт нафар бедарак йўқолган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳақида хабар беришди.

Дастлаб корабл мичмани Иван Вахрушевнинг ўлими ҳақида маълум бўлди (бу маълумотни «Схема» нашрига унинг рафиқаси тасдиқлаган), шунингдек катта матрос Виталий Бегерский ҳам ҳалок бўлган (бу ҳақда «Агентство» унинг қариндошига асосланиб хабар берган).

Қримда яшовчи Юлия Цывова BBC рус хизмати билан суҳбатда унинг 19 ёшли ўғли Андрей флотда муддатли ҳарбий хизматни ўтагани ва «Москва» крейсери ҳалокатидан кейин унинг номи бедарак йўқолганлар рўйхатига тиркалганини маълум қилган.

17 апрел куни «Агентство» ижтимоий тармоқда Қора денгиз флоти флагмани чўкиши вақтида ғойиб бўлган яна бир ҳарбий хизматчи ҳақида хабар берди. Бу пост «ВКонтакте» фойдаланувчиси Ульяна Тарасова томонидан жойлаштирилган, унинг ўғли Марк Тарасов ҳам «Москва» крейсерида бедарак кетган». Маркнинг танишлари «Агентство»га у декабрдан буён муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлганини тасдиқлашган.

Ўз ўғли бедарак йўқолгани ҳақида — у ҳам муддатли ҳарбий хизматчи бўлган — ижтимоий тармоқлар орқали Свердловск областида яшовчи Анна Сиромясова хабар берган (бунга «Можем объяснить» нашри эътибор қаратган). Ушбу аёл «Медуза» мухбири билан суҳбатда унга ўғли бедарак йўқолганлар рўйхатида эканини айтишганини билдирган. Аммо аёлга рўйхатни кўрсатишмаган, у бу рўйхатда қанча одам номи борлиги ҳақида бехабар. «Рўйхат йўқ, ўзимиз ҳам излаяпмиз. Бизга ҳеч нарса айтишмаяпти», деган у.

Бошқа ота-оналар ҳам болаларини изламоқда

«ВКонтакте» фойдаланувчиси Дмитрий Шкребец 17 апрел куни унинг ўғли Егор муддатли хизматни «Москва» крейсерида ўтагани, кема ҳалокатидан кейин, унинг ўғли бедарак йўқолганлар рўйхатида қайд этилганини айтди - унга офицерлар шундай хабар жўнатишган.

Матндан билиш мумкинки, Дмитрий Шкребец ўз ўғлини ҳалок бўлган деб ҳисоблайди:

«Менинг ўғлим муддатли хизматга чақирилганди, менга «Москва» крейсери командирлари маълум қилишича, у ҳалок бўлганлар ва яраланганлар рўйхатида йўқ ва уни бедарак йўқолганлар рўйхатига киритишган. Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслиги керак бўлган муддатли ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Очиқ денгизда бедарак йўқолганми?!!!

Маълумотларга аниқлик киритиш бўйича уринишларимдан кейин крейсер командири ва унинг ўринбосари алоқага чиқишни тўхтатишди. Мен тўғридан тўғри сўрадим, нима учун, сиз офицерлар, тириксиз, менинг муддатли ҳарбий хизматдаги ўғлим ҳалок бўлди?»

Дмитрийнинг ўғли Егор Шкребец ҳарбий хизматга 2021 йил 2 июлда чақирилган. «Москва» крейсерида у кема ошпази бўлган. «Радио Свобода» Болтиқ флотининг нашри бўлмиш «Страж Балтики» газетасининг 24 декабр кунги сонида кок Егор Шкребц номи тилга олинганини аниқлади. Бу хабарда у Ялта иқтисодиёт-технология коллежини «ошпаз-қандолатчи» мутахассислиги бўйича тамомлагани айтилади. Мақола иллюстрациясида Дмитрий Шкребецнинг постида келган фотосурат қўйилган.

Егор Шкребец. Дмитрий Шкребецнинг «ВКонтакте»даги саҳифасидан

Дмитрий Шкребец «бу даҳшатли фожиа яширилмаслиги» учун ўқувчиларидан ушбу мурожаатини тарқатишларини сўраган ва бутун ҳаётини «бу тарихда ҳақиқат ғалаба қозониши» учун бағишлашини айтган. «Ўғли бундай қабиҳ йўл билан олиб қўйилган инсон учун энди ҳеч нарса қўрқинчли эмас!», — дейилади унинг постида.

Шкребец ўзи билан бир хил вазиятга тушган уч оила унга алоқага чиққанини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу одамлар Ялта, Алупка ва Санкт-Петербургдан бўлиб, «уларнинг ҳам муддатли ҳарбий хизматда бўлган фарзандлари бедарак йўқолган».

РФ мудофаа вазирлиги ва бошқа расмий органлар Дмитрий Шкребецнинг постига изоҳ беришмади — худди «Москва» крейсерида ҳалок бўлган бошқа денгизчилар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилмагани каби.

17 апрел куни «Новая газета. Европа» ўғли муддатли ҳарбий хизматни «Москва» крейсерида ўтаган аёлнинг монологини эълон қилди. Нашр хабарида келтирилишича, 15 апрел куни у онаси билан боғланган ва крейсерга ракета тушиши оқибатида «қирқ киши ҳалок бўлгани», «жуда кўп киши яралангани» ва «кўплаб кишилар бедарак кетгани» ҳақида айтган. 

«Ярадорларнинг кўпчилигининг оёқ-қўллари кесилган, чунки портлаш шундай кучли бўлган», дейилган хабарда. «Новая газета. Европа» аёл ва унинг ўғлининг шахсини уларнинг хавфсизлиги нуқтайи назаридан ошкор этмаган.

Мавзуга оид