Ўзбекистон | 11:13 / 20.04.2022
25417
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙПХ ходимини калтаклаган шахс қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида ҳайдовчи томонидан ИИБ ходими калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Сурхондарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати мазкур хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Фото: Видеодан скриншот

Унда ёзилишича, 2022 йил 11 апрель куни соат 17-30 ларда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ инспектори А.Камолов Термиз шаҳрининг Ибн Сино кўчасида ҳаракатланаётган “Нексия-3” машинаси ҳайдовчиси А.Ж. хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани учун тўхтатган.

Сўнг ўзини таништириб, қонунда белгиланган тартибда ҳужжатларни тақдим этишини сўраганида, фуқаро А.Ж. ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳужжатларни тақдим этмаган.

ЙПХ инспектори А.Ж.га тегишли машинани жарима майдончасига олиб кетмоқчи бўлганида ҳайдовчи А.Ж. унга фаол қаршилик кўрсатиб, бош, пешона ва юз соҳасига уриб енгил тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 2022 йил 12 апрел куни А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг тергови давомида А.Ж.га нисбатан суд ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид