Ўзбекистон | 07:42 / 21.04.2022
20975
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир гуруҳ ҳайдовчилар автомобил йўлида дрифт қилди. Улардан бири устунга урилиб, воқеа жойидан қочиб кетган 

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Истиқлол кўчасида тунда бир неча шахслар дрифт қилаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Пойтахт ИИББ ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

Жорий йилнинг 17 апрель куни тахминан соат 22:30 ларда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Истиқлол кўчасида бир нечта автомашиналар дрифт қилиб, хавфли вазиятни юзага келтирган. 

Натижада, 1999 йилда туғилган М.Н. ўзига тегишли “Нексия-3” русумли автомашинасининг руль бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги темир устунга урилиб тўқнашув содир этган. 

Тўқнашув натижасида ҳайдовчи жароҳат олмаган, лекин ички ишлар органларига хабар бермасдан, ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Ҳолат юзасидан фуқаро М.Н.га нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳуқуқбузарликни содир этган қолган автомашиналарни аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид