Ўзбекистон | 18:13 / 23.04.2022
22028
2 дақиқада ўқилади

Ука акасига буйрагини берди: Андижонда илк марта трансплантация операцияси ўтказилди

Ўзбекистонда буйрак кўчириб ўтказиш, жигар ва ўзак ҳужайра амалиётлари кенгайиб бормоқда. Сўнгги йилларда 700 дан ортиқ ана шундай операциялар муваффақиятли бажарилди. Самарқанд, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган трансплантация амалиётлари бугун илк бор Андижонда ҳам амалга оширилди.

23 апрел куни Андижонда илк бор мураккаб буйрак кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Мазкур операция Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов раҳбарлигидаги гуруҳ ҳамда андижонлик малакали шифокорлар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Бемор Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи Бекзодбек Ҳасановга ўз укаси Имомали буйрагини бериб донорлик қилди.

Тиббиёт фанлари доктори Фазлиддин Баҳриддинов бошчилигидаги докторлар бригадаси ҳамда андижонлик малакали шифокорлар ҳамкорлигида икки босқичли операция бир вақтнинг ўзида ўтказилди, яъни укадан соғлом буйрак олиниб, акасининг касалланган ва ўз вазифасини бажармаётган буйраги ўрнига қўйилди.

“Тошкентдан келган малакали шифокорлар билан андижонлик шифокорларнинг елкама-елка туриб мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказаётгани биз учун қувонарли. Мутахассисларимизга мазкур операция маҳорат дарси вазифасини ўтаб берди. Ўйлаймизки, вилоятимизда тез кунларда мана шундай мураккаб операцияларни амалга оширишни бошлаймиз”, дейди Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими бошлиғи Нуриддин Усмонов.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид