Жамият | 18:00 / 26.04.2022
60124
7 дақиқада ўқилади

Тухум эмас, муаммо туғаётган товуқлар — навбатдаги Андижон тажрибаси

Бозорда 35-45 минг сўм атрофида сотилаётган товуқлар аҳолига 85-95 минг сўмдан ўтказиляпти – камига кредитга. 100 та товуқ бир кунда нари борса 30 та тухум қўйган. Уларнинг нобуд бўлиб бораётгани эса ҳаммасидан ошиб тушяпти.

Эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли кредит асосида товуқ беришдан мақсад нима? Расмийларнинг жавоби қуйидагича: оилаларни бизнесга ўргатиб, даромадини ошириш ва хонадонга фаровонлик олиб келиш. Бироқ амалда-чи?

Шу кунларда Андижонда аҳолига товуқ тарқатиш сиёсати авжига чиққан. Маҳаллий бюджетнинг 10 миллиард пули паррандачиликка йўналтирилиб, хонадонларга товуқ берилмоқда. Вилоят ҳокимлиги топшириғига асосан туман ҳокимликлари кунлик режадаги товуқларни “Пахтаобод парранда” МЧЖдан олиб, воситачи орқали маҳаллаларга тарқатяпти.

Бироқ, фуқаролар ҳокимлик ташаббуси билан банклар орқали кредитга берилаётган товуқларнинг нархи бозордагидан икки-уч баробар қиммат экани, тухум қилмаётгани, касалликка чалиниб тез ўлиб қолаётгани ва дон билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётганидан норози.

Маълум бўлишича, кредит эвазига берилаётган товуқнинг 1 донаси аҳолига 20 кунлик еми билан 95 минг сўмдан пулланган. Ҳар бир хонадонга ўртача 100 донадан товуқ, ҳар килограмми 4700 сўмдан бўлган 22 кило ем берилган.

Товуқлар тухум эмас, муаммо туғяпти

Имтиёзли кредит олиб товуқ боқаётган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Улар паррандаларни яхши шароитда боқишса ҳам, самара бермаётганидан шикоят қилишди.

“8 март куни 100 дона товуқ олганман. Бошида товуқлар энг кўпи 30 донагача тухум туғди. Мана бугун, 22 апрел – 15 кундан бери тухум туғмай қўйди. Товуқлар менга 94 минг сўмдан тушган. Шу кунгача 25 донаси ўлди. Ветеринар чақирдик. Дори-дармон қилиб турасиз деди.

20 кунлик ем беришганди. Шу бўйи беришгани йўқ. Оиламга фойдаси тегсин деб олгандим. Битта ўқувчи фарзандим билан яшайман. Маҳаллақўм билан, ҳоким ёрдамчиси “500-600 минг фойда кўрасиз” деб бериб чиқиб кетган эди. Энди туғмаётган товуқларга кунига 10 килодан ем олиб беряпман. Тухумларини 700 сўмдан оламиз дейишяпти. Бу бизга фақат зиён”, – дейди Олтинкўл тумани Хўжа маҳалласида яшовчи Марҳабо Тўйчиева.

Асака туман Арғин маҳалласида истиқомат қилувчи Гавҳарой Худойбердиева ҳам яхши ниятлар билан кредитга 100 дона товуқ олган экан.

“Бизга асли қора товуқ берамиз дейишган эди. Мана, қизил товуқларни беришди. 90 минг сўмдан олган товуқларимизнинг нархи бозордан тенг баробар қиммат экан. Юз товуқдан 20таси тухум туғяпти. Бозорда 700дан сотяпман. Харидор топиш ҳам қийин.

Менга товуқларни бераётиб, озуқаси етказиб берилиши, тухумларни ўзлари сотувга олиб кетишини айтишган эди. Шу кунгача озуқа тугаб, зиёнга кириб кетяпман”, – дейди у.

Хўжа маҳалласида яшовчи Иззатой Абдурашидова катакларида жой етарли бўлгани учун 200 дона товуқ олибди. Паррандаларга 200 килограмм озуқа қўшиб берилган. Унинг товуқлари ҳам аввалига 30 донадан тухум қилиб, охирги 15 кунликда туғмай қўйибди.

“Товуқларни худди бола боққандай авайлаб боқяпмиз. Олиб келган кунларимиз совуққотмасин деб, кечаси билан “нагревател” қўйиб чиқдик. Жуда нозик товуқлар экан. Кечаси билан бир-иккитаси ўлиб қоляпти.

Олиб келиб берганлар 200 дона товуқ деб бериб кетгач, санасак, 2 дона кам чиққанди. Бошқаларда ҳам шунақа кам чиқяпти экан. 28-30 та товуқ ўлди шу кунгача. Туман ҳокимига чиқдик. Шундан кейин ветеринар келди. Дори-дармонлар билан боқишимиз кераклигини айтишди.

Тўғриси, бизга бу товуқларни “80 фоиз тухуми бор” дейишгани учун олгандик. Шунга қараб ҳисоб-китоб қилганмиз. Ўзимизча икки юзта товуқдан 50 фоиз тухум олсак, 750 минг сўм кредит тўласак, 1 млн 200 мингга дон едирсак, иккита вояга етган фарзандимизга 500 мингдан ойига маош бўлар экан, дегандик. Ҳозир фойда кўришни ўйлаб, адашганимизни биляпмиз”, – дейди Иззатой Абдурашидова.

Маданий меҳнат маҳалласида яшовчи Барчиной Халилова ҳам маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси “Туғадиган қора товуқ берамиз” дегани учун 100 дона товуқ олгани, бироқ унга қизил товуқ беришгани, энди емига қийналаётганини билдирди. Маълумот учун, қора товуқнинг тухуми бозорда 2500 сўмгача сотилади.

Бозордаги нархлар

Биз маҳаллий бозорларга бориб, аҳолига ўтказилганига ўхшаш қизил товуқлар ва дон нархини ўргандик.

Андижон бозорларида худди шундай ёшдаги ва оғирликдаги тухум қиладиган товуқларнинг нархи 35 мингдан 50 минг сўмгача экан. Макка донининг нархи 5 минг атрофида, бошқа аралашма озуқаларнинг нархи 7 минг сўмгача сотилмоқда.

“Биз товуқ олишга бировни мажбур қилмаяпмиз”

Изоҳ олиш мақсадида, мазкур ишларга бош-қош бўлиб турган Андижон вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўринбосари Дилшодбек Йўлчиев билан боғландик.

Мутасадди вилоятда жами 957 мингта товуқ тарқатиш режалаштирилгани, Тетра зотига мансуб товуқ тухумлари Нидерландия ва Беларусдан келтирилиб, “Пахтаобод парранда” МЧЖда инкубация қилинганини билдирди.

“Биз аҳолига беш ярим ойлик тухум туғадиган товуқларни беряпмиз. Бозорда тухум туғмайдиган товуқлар арзон бўлиши мумкин. Ташиш пайтида ўлган товуқлар қайтариб бериляпти.

Ҳеч ким товуқ олишга мажбурланаётгани йўқ. Товуқлар “Пахтаобод парранда”дан ташқари “Хуршид тантанаси”, “Етти хазина” ва бошқа паррандачилик корхоналари орқали ҳам тарқатиляпти. Ҳар бир туманда кластерлар ташкил қилинган, улар “муравей” мотоциклларида юриб, тухумларни йиғиб олиб, бозорларда сотишни ташкил қилади”, – дейди Дилшодбек Йўлчиев.

Аслида имтиёзли кредитлар аҳолининг қўйи қисмини иш билан таъминлаши ва даромадини оширишга хизмат қилиши лозим. Кредитдан парранда етиштираётган монопол тадбиркор ёки ўртакаш воситачи эмас, аҳоли фойда кўриши керак. Берилган товуқлар ўлиб, хонадон шароити ўнгланмай, бўйнига илинган миллионлаб кредит юки билан янада қашшоқлашиб бораётганидан бировнинг иши йўқ.

Оқибати кундек равшан: товуқлар ё қирилиб кетади ё сўйиб еб битирилади, фуқаро фойда кўрмайди, кредитни ҳам тўлай олмайди. Бюджет пулидан молиялаштирилган кредит эса “муаммоли кредит”га айлантирилиб, яна бюджетдан қопланади.

Икки ўртада товуқни сотган, уни аҳолига олиб келиб беришда воситачилик қилган ва мана шу олди-бердиларда аралашиб юрган чиновниклар ютади.

“Андижон тажрибаси” дея бошқа ҳудудларга ўрнак қилиниши кутилаётган ҳолат аслида мана шу...

Элёр Ҳусанзода,

Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид