Иқтисодиёт | 13:34 / 29.04.2022
26766
2 дақиқада ўқилади

“Идентификация коди бўлмаган товарни сота олмайдиган тизим жорий қиляпмиз” – Солиқ қўмитаси масъули

ДСҚ раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевга кўра, МХИК коди бўлмаган товарларни автоматик равишда сота олмаслик тизими ишлаб чиқилади. Бу тадбиркор кирим бўлмаган товарни сотиб жарима тўлашининг олдини олади.

Давлат солиқ қўмитаси маҳсулотларнинг идентификация кодларига оид янги тартиб устида ишламоқда. Бу ҳақда 29 апрел куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев маълум қилди.

“Маҳсулотларнинг идентификация қилиш кодлари яратилди. Бу тажриба ривожланган давлатларда бор. Бу яширин иқтисодиётни қисқартиришда яхши тажриба бўлгани учун республика бўйлаб жорий қилдик. Бугунги кунда базага 255 мингта идентификация коди киритилган, бу тўхтаб қоладиган рақам эмас, иқтисодиёт ривожлангани сари янги товарлар, хизмат турлари пайдо бўлади. Бу маҳсулотлар янги кодлар, рақамлар пайдо бўлишини англатади. Бу ўз навбатида яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилади. Шундай хизматни йўлга қўймоқчимизки, қайсидир хўжалик юритувчи субъект кирими мавжуд бўлмаган товари бўлса, айнан шу идентификация кодлари орқали тизимнинг ўзи солиштириб корхона кирими бўлмаган товарлар сотишини чеклаб қўяди”, деди у.

Жаҳонгир Абдиевга кўра, бу тадбиркор кирим бўлмаган товарни сотиб жарима тўлашининг олдини олади.

“Бу билан товарни кейинги оладиган харидорга Солиқ кодексимиз бўйича солиқ органи томонидан тузатиш киритиш ваколати доирасида солиқ тўловчи ўзи олган товари учун асоссиз жарима қўлланишининг олдини оляпмиз. Кирим бўлмаган товарни сотди эмас, ўша товарни сота олмасин. МХИК коди бўлмаган товарни сотиб, кейин жарима қўллагандан кўра, шу товарни умуман сота олмайдиган тизим жорий қилмоқчимиз”, таъкидлади ДСҚ масъули.

Эслатиб ўтамиз, товарлар штрих коди маҳсулотларнинг унификациялашган номига боғлаб қўйилиши 2021 йилнинг июн ойидан бошланганди. Янги тартибга кўра, шартномалар порталида рўйхатдан ўтган шартномалар асосида маҳсулотлар (товар ва хизматлар) номлари ва идентификациялаш кодларини ҳисобварақ-фактураларда автоматлаштирилган тарзда акс эттириш мажбурий бўлганди.

Мавзуга оид