Ўзбекистон | 17:25 / 30.04.2022
27556
3 дақиқада ўқилади

Зоопаркка келган бола бегемот қафасига тушиб олиб, унга қаттиқ предметларни едирмоқчи бўлди

Тошкент ҳайвонот боғида мактаб ёшидаги қиз бегемот вольерига кириб олиб, оғзини катта очиб турган ҳайвон билан ўйнашди. Буни кўриб турган атрофдагилар уни тўхтатишга уринмади. Боғ маъмуриятига кўра, агар тегишли ходимлар вольерга ўз вақтида етиб келмаганда, бу вазият қандай тугаши номаълум бўларди.

Ҳодиса видеосини ҳайвонот боғи маъмурияти ўз Telegram-каналида эълон қилди.

Ҳайвонот боғидаги жониворлар – ўйинчоқ эмас.

Фаолиятимиз бутунлай жониворларнинг ҳаётини яхшироқ ва давомлироқ қилиш, улардан ҳар бири учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Ташриф буюрувчи меҳмонларимиз илтимосларимизга қарамай, боғимиздаги жониворларга керакли тарзда муносабатда бўлмаганини кўриш жуда қайғули....

Масалан, куни-кеча ёнида катта одам бор қизалоқ Джудининг вольерига тошлар ва чўплар отган, вольер ичига кириб олиб, овқат бергандек алдаган.

Бундай қилиш мутлақо мумкин эмас! Биринчидан, Джуди – ҳайвонот боғимизнинг энг кекса жониворларидан бири ва биз уни жуда яхши кўрамиз. У бегемотларнинг қимматли, йўқ бўлиб кетаётган турига мансуб. Уларнинг сони Ер куррасида жуда оз қолди ва дунёнинг ҳамма ҳайвонот боғлари ҳам уларда пакана бегемот яшаши билан мақтана олмайди.

Бундан ташқари, вольерга ўз вақтида етиб келган ходимларимиз бўлмаганда, бу вазият қандай тугаши номаълум бўларди…

Азиз дўстлар, жониворларимиз соғ-саломатлигига эътиборлироқ муносабатда бўлинг ва ҳайвонот боғида ўзини тутиш қоидаларини бузманг!

Ахир, аксинча, одамлар, ноёб пакана бегемотларни сақлаб қолиш учун қўлидан келганча уриниши керак...” – дейилади Тошкент ҳайвонот боғининг мурожаатида.

Шу каби воқеалар сабаб нобуд бўлган зоопарк ҳайвонлари

Gazeta.uz'нинг ёзишича, сўнгги йилларда Тошкент ҳайвонот боғига келувчилар ҳайвонларга еб бўлмайдиган турли нарсаларни бериши ортидан қатор нохуш ҳолатлар кузатилган.

2016 йилда Бой лақабли Нил дарёси тимсоҳи ўлиб қолган, унинг ошқозонидан ўйинчоқ чиққан. Ўша вақтда жирафанинг охуридан 20 сантиметрли тўқувчилар игнаси топилгани ҳақида хабар берилган.

Ўша йили, шунингдек, боғдаги ламалардан бири ҳам нобуд бўлган, ошқозонидан еб бўлмайдиган турли буюмлар – полиэтилен, ўрамлар, баклажка қопқоғи ва бошқалар топилган.

2015 йилда эса Аврал лақабли бегемот очиқ турган оғзига ташланган баклажкани ютиб юборган, унга ветеринар ёрдами кўрсатилган. Шу йили боғдаги Африка антилопаси (аддакс) ўлиб қолган, текширилганида ошқозони ва ичакларидан кўп миқдорда полиэтилен пакетлар чиққан. Ўлим сабабларидан яна бири унга нон берилгани бўлган – бу турдаги жониворга нон бериш мумкин эмас.

Бундан ташқари, 2014 йилда зоопаркка келганлардан бири Африка туяқушлари қафасига пластик стакан улоқтирган, уни эса туяқушлардан бири ютиб юборган. Бошқа бир туяқуш эса одамлардан бири ташлаган карам поясини еб қўйган, боғ ходими унинг ҳаётини сақлаб қолган.

2015 йил март ойида Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти боғга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб киришни тақиқлаган. 2016 йил ноябридан боғ ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотларини полиэтилен пакетлар ва бир марталик полиэтилен идишларда сотиш ман этилган, шунингдек, ўйинчоқлар савдоси ҳам тўхтатилган.

Мавзуга оид