Жаҳон | 20:42 / 01.05.2022
41219
5 дақиқада ўқилади

Польша Украинага 200 та танк жўнатди. Т-72 ҳақида нималар маълум?

Украинларнинг модернизация қилинган Т-72 танки. DEFENCE MINISTRY OF UKRAINE

Польша ҳарбий ёрдам доирасида Украинага Т-72 русумли 200 та танк ва ўнлаб жанговар пиёда машиналарини (БМП-1) жўнатди. Польша радиоси хабарига кўра, польшаликларнинг қўшни мамлакатга ҳарбий ёрдами ҳажми етти миллиард злотийдан (1,5 млрд доллар) ошиқни ташкил этади.

Танклар жўнатилгани ҳақидаги маълумот Варшавада расман тасдиқланди.

«Аниқ рақамларни келтирмайман, аммо бош вазирнинг Польша Украинага ҳарбий ёрдам етказиб бергани, етказиб бераётгани ва етказиб беришда давом этиши ҳақидаги гапини тасдиқлайман, жумладан Т-72 танклари ҳам. Мен тафсилотларга тўхталишни истамайман, аммо бу, шубҳасиз муҳим ёрдам», деган Польша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солох Polsat News учун берган интервьюсида.

Польшадаги нашрлар Варшава Киевга етказиб берган қуроллар қаторида 2С1 «Гвоздика» русумли ўзиюрар гаубицалар ва «Град» баравар ўт очиш реактив тизимлари, шунингдек Миг-29 ва Су-27 самолётлари учун «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталар борлиги ҳақида ёзган.

Польша радиоси Украина WB Electonics компаниясининг разведкачи дронлари, Piorun зенит-ракета мажмуалари ҳамда катта миқдорда ўқ-дорилар қабул қилиб олгани ҳақида хабар тарқатган.

Очиқ манбалар орқали қуролларга оид маълумотларни таҳлил қилувчи Oryx мутахассислари гуруҳи ҳам Польшадан Украинага техникалар етказиб берилгани ҳақида хабар берган.

Т-72 жанговар танки СССР даврида Уралвагонзаводда ишлаб чиқарилган. Совет армияси ундан 1973 йилдан фойдалана бошлаган. 30 йил мобайнида бу танк 14 бор модернизация қилинган.

Т-72 кўплаб ҳарбий можароларда - Ливан ва Суриядаги урушларда, Ироқ ва Эрон ўртасидаги урушда, Югославия парчалангач рўй берган қуролли зиддиятларда, Чеченистонда, 2008 йилги Россия-Грузия урушида, Тоғли Қорабоғдаги урушда ва Украина шарқидаги жангларда иштирок этган.

2014 йил бошида Украина қуролли кучлари захирасида Т-72 танкларидан 600 дона бўлган, Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, мудофаа вазирлиги бу танклардан фойдаланишни тиклаган.

Танклар Украинадаги энг йирик зирҳли танклар заводида модернизация қилинган. Т-72 янада кучлироқ двигатель (840 от кучи), Т-80 танки гусеницалари (ғилдирак вазифасини ўтовчи кенг занжир тасма), яхшиланган ҳимоя, замонавий рақамли радиостанцияга эга бўлган ва сунъий йўлдош навигация тизимига уланган. Танкнинг тунги кўриш қурилмалари учинчи авлоддаги тасвирни кучайтирувчи электрон-оптик ўзгартиргичлар билан жиҳозланган.

Т-72 танкининг турли модификацияларидан Россия армияси ҳам Украинага босқинда фаол фойдаланмоқда.

Русларнинг украиналик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган Т-72 танки
Фото: DEFENCE MINISTRY OF UKRAINE

Иттифоқчилардан танклар
24 феврал куни Россия босқини бошлангач, Украина ҳамкорларга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қила бошлади. Апрел ойи бошида The New York Times номи сир тутилишини сўраган америкалик мулозимга асосланган ҳолда АҚШ НАТО бўйича иттифоқчилар билан Украинага советлар даврида ишлаб чиқарилган танкларни етказиб бериш бўйича келишувга эришганини хабар қилди.

Т-72 танклари, БМП-1 ва гаубицаларнинг илк гуруҳи Украинага Чехия томонидан етказиб берилди. ОАВ дастлабки партия ўндан ортиқ танкларни ўз ичига олганини хабар қилди.

Польша радиоси хабарига кўра, Польша қуролли кучлари ихтиёрида қарийб 400 дона Т-72 русумли танклар мавжуд.

Польша мудофаа вазирлиги қарорига кўра, 2019 йилда бу танкларнинг бир қисми модификация қилинган, аммо, нашрнинг қайд этишича, Украина армиясига асосан модернизация қилинмаган техникалар жўнатилган.

АҚШ Шарқий Европа мамлакатлари арсеналидаги С-300 зенит-ракета мажмуаларини ҳам Украинага етказиб бериш борасида келишувга эришган. Словакия ўтган ойда бундай комплексларни Украинага жўнатган.

Россия босқинидан олдин ва унинг илк босқичида НАТО мамлакатлари Россия альянс билан тўғридан тўғри тўқнашув келтириб чиқармаслиги учун Украинага ҳужумкор қуроллар етказиб беришдан қочаётганди.

Аммо Буча ва россиялик ҳарбийлар ишғол қилган бошқа ҳудудларда содир этилган ваҳшийликлардан кейин Ғарбнинг позицияси ўзгарди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг блок бундан буён Киевга етказиб бериладиган қуролларни мудофаа ва ҳужумкор қуроллар сифатида ажратмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид