Ўзбекистон | 14:15 / 03.05.2022
15256
2 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар идораси ва Диний қўмита раислари Саудия Арабистонига жўнаб кетди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Фото: Getty Images

Сафар давомида 2022 йилги Ҳаж мавсумини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни Саудия Aрабистонидаги мутасадди идоралар билан келишиш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 3 май куни ЎзМИ матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган икки йил давомида COVID-19 пандемияси туфайли Ҳаж амалларини атиги бир неча минг нафар подшоҳлик фуқаролар ва резидентлари адо эта олди холос.

2022 йилда эса жами 1 миллион нафар чет эллик ва маҳаллий ҳожиларга Ҳаж ибодатини амалга оширишга рухсат берилди. Таққослаш учун, 2019 йилги Ҳаж мавсумида 2,5 млн нафар мусулмон қатнашган.

2022 йилда Ҳаж амалларини бажариш учун 65 ёшдан ошмаган, COVID-19'га қарши маъқулланган вакциналардан бири билан тўлиқ эмланган ва жўнаб кетишдан олдин 72 соат ичида топширилган коронавирусга манфий натижали ПЗР-тест натижасига эга фуқароларга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йил январ ойидан бошлаб ўзбекистонликларнинг Умра зиёратига боришлари қайта йўлга қўйилди. Мусулмонлар идораси маълумотига кўра, ўтган вақт давомида 35 мингга яқин ватандош умра амалларини бажариш имкониятига эга бўлди.

Мавзуга оид