Юнусобод туманида ҳоким ёрдамчиси 35 минг доллар билан ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда, Юнусобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи мансабдор шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Маълум бўлишича, у ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда тадбиркорга енгил типдаги савдо дўкони ўрнатиши учун маҳалла ҳудудидан 50 м2 ер майдони ажратилиши юзасидан тавсия беришни ва ер майдони ҳужжатларини танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказди.
Жумладан, вилоят Тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Самарқанд шаҳар бўлинмаси мутахассиси чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, у Нуробод туманидаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирига тегишли 78 гектар лалми ер майдонини 135 минг АҚШ доллари эвазига тадбиркор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд туман бўлими катта инспектори ўзига тегишли фермер хўжаликнинг 20 гектар ер майдонини 50 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бошқа бир ҳолатда эса Паст Дарғом туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган шахс ўзи иш бошқарувчи вазифасида фаолият юритаётган фермер хўжаликнинг 6 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 170 минг АҚШ долларидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.