Спорт | 19:24 / 10.05.2022
41611
27 дақиқада ўқилади

«Ўшанда кўпчилик Хиросимага боришимизни ҳам истамаган». Миржалол Қосимов билан катта интервью 

Россиялик журналист Игорь Рабинер Ўзбекистонга ташрифи давомида ўзбек футболи афсонаси, ҳозирда ОКМК жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаётган Миржалол Қосимов билан катта интервью уюштирди. Қуйида «Спорт-Экспресс» нашрида эълон қилинган суҳбат таржимаси келтирилади. 

Фото: Бунёдкор

«Сизни қачондир ўзбекларнинг наҳорги ошига таклиф қилишганми? Миржалол Қосимов шарофати билан Тошкентда шундай ажойиб тўй маросимида иштирок этишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистонда наҳор ошини эрталабки 5 ёки 6да ейишади. Ўз вақтида жаҳонга машҳур Ривалдони ҳам наҳор ошига таклиф қилишган. Ва сиз бундай имкониятни қўлдан бой беришни истамаслигингиз аниқ.  

Мени бироз кечроқ бўладиган ошга таклиф қилишди. Эрталаб соат 11:00да, тахминан 300 кишилик залда, фақат эркаклар жам бўлишади. Тахминан, 10 кишига мўлжалланган столга официантлар ош солинган лаганларни олиб келишади ва кейин столда бирга ўтирган меҳмонларнинг энг кичиги ишга тушади – бу ҳам миллий анъана. Дастурхонда бир дона ҳам гуруч қолмагунича ҳеч ким ўрнидан қўзғалмайди. Айтганча, палов жуда ҳам мазали эди.  

1995 йилги «Спартак-Алания»нинг асосий яримҳимоячиси, чемпионлик мавсумида 10та гол уришга эришган Миржалол Қосимов ҳозирда Ўзбекистоннинг энг кучли мураббийларидан бирига айланган. У «Бунёдкор» билан 3 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритди, 2 марта Осиё Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиққан. Аммо булар Қосимовни заррача ҳам ўзгартирмаган. Унинг футболчилик ва мураббийлик фаолиятидаги яқин ҳамкасби ва дўсти Игорь Шквирин Миржалол билан муносабатлари аввалгидек сақланиб қолганини гапириб берди. Наҳорги ошга боришимиздан уч кун аввал Қосимов билан хушбўй ўзбек чойини ичиб, бамайлихотир суҳбатлашдик. У суҳбатимизни ҳазиллар билан қизитиб турди. Бошқа давлат, мисол учун, Россияга бориб мураббийлик қилиб кўриш истаги ҳақида сўраганимда, ватанида ишлашни ҳеч нарсага алишмаслигини айтди.

«Пеле билан кўришгач, энди қўлимни ювмайман дегандим...» 

 — Ўзбек футболи тарихи музейида Пеле ва унинг ёнида СССР ёзувли футболкада турган расмингизни кўрдим...

 — Бу 1987 йилда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Нигерия устидан ғалаба қозонганимизда олинган сурат. Ўйин олдидан расмга тушгандик. Шунчаки саломлашдик, ўшанда энди қўлимни ювмайман, деб ҳазиллашгандим. Улар эса ишонишди. Яна бир расмда мен жамоа сардори сифатида кубокни кўтараётганим тасвирланган ва менинг ёнимда ўша вақтдаги УЕФА президенти Жоао Авеланж ҳамда турнир ҳомийларидан бўлган бир япон турганди.  

— Ўша мусобақа яримфиналида Кот-Д’ивуарга бурчак зарбасидан гол урганмисиз?

 — Шундай бўлганди. Яна бир голни жарима зарбасидан йўллагандим, 5:1 ҳисобида ютгандик. Жуда иноқ жамоа эдик. Майдонга тушиб, болалардек завқ олардик. Жавобгарлик ҳисси бор эди, аммо бу бизга босим бермасди. Ҳужумда ўйнаган Юра Никифоров мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлганини яхши эслайман.

— Пеле унинг кучли ҳужумчи бўлиб етишишини айтган экан, Юрий эса оддий ҳимоячига айланди...

 — Биз тахмин қилаверамиз, аммо Худонинг айтгани бўлади. Дарвозабонлар ҳужумчига айланиб кетган пайтлар ҳам бўлган.  

 — Совет футболи ўша вақтлар қанчалар кучга тўлганди-а?! 1987-1988 йилларда катталар ўртасидаги Европа чемпионатида кумуш медални олдик, Олимпиада ва ёшлар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонилди...

 — Биз бу ҳақда шунчаки ўйламасдик, барчаси шундай бўлиши керакдек ҳаракат қилардик. Ҳаммаси оддий кечган. Борис Игнатьев билан 1988 йилда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғалаба қозондик. Братиславада Португалияга қарши финалда иштирок этиб, уларни 3:1 ҳисобида таслим қилгандик. Жаҳон чемпионатида Камерунга қарши ўйинда 5та гол уриб рекорд қўйган Олег Саленко бизнинг жамоада ўйнарди. Олег ва Никифоров қўшимча бўлимларда 2та гол уриб, ғалабамизни таъминлашганди. Ўшанда португаллар таркибида Фернанду Коуту, Паула Соуза, Жоау Пинту тўп сурарди. 

— Жарима зарбаларингиздаги бу қадар самарадорлик қаердан?

— Худодан. Ва албатта меҳнат ортидан. Машғулотларгача ва ундан кейин ҳам қолиб, машқ қилардим. Новогорскда Гажи Муслимович билан шуғулланган пайтимизда мураббий жонли деворни 9 метр эмас, 6 метр яқинликка қўярди ва шундай қилиб машқ қилардим. Бунга мослашиш учун узоқ вақт, меҳнат ва сабр керак бўлган.

Менда зарбалар ўхшаётганини дарҳол билиб, кейинчалик маҳоратимни ошириб борганман. «Пахтакор»нинг асосий жамоасига борганимда ҳам аввалига жарима зарбаларини тепмасдим. У ерда катта футболчилар бор эди, улар тепишарди. Россияда ҳам шундай бўлган. «Ливерпул»га жарима зарбасидан гол уришгача етиб бориш осон эмас.

«Испанияга қайтиб кета олмадим. Ўшанда сўзларимни нотўғри тушуниб, мени дисквалификация қилиб юборишганди»

— Сизга «Ўзбек Марадонаси» деган номни ким берганди?

— 1986 йилда кимдир шундай таъриф берганди. Бундай гапларга эътибор бермайман, шунинг учун, ким айтгани эсимда йўқ.

— Бу каби таърифлар ҳаволантириб юбормайдими?

— У пайтда бундай нарсалар ҳақида ўйламасдик. Футбол ўйнашни энди бошлагандик-ку, нега ҳаволаниб кетамиз? Бизнинг ишимиз майдонга тушиш ва футболни севишдан иборат эди, холос. Олдин футболни севгани учун ўйнашарди, ҳозир эса футбол – бизнес. Ҳозир футболни яхши кўргани учун ўйнайдиган вақтлар ўтиб кетган.

Ҳа, футболчилар кўп пул ишлаб топишса, хурсанд бўламан. Аммо жавоб ҳам шунга яраша бўлиши керак. 1995 йилда чемпион бўлган «Спартак-Алания»да таркиб жуда кучли эди, аммо биз ойига 5000 рубль маош олардик. Бугун футболчилар олаётган пулларни тасаввур ҳам қилолмасдик.

 — 1993 йилда бир телекўрсатувда эҳтиётсизлик билан ўзбек футболи даражасини Россияники билан солиштириб бўлмаслигини айтганингиз учун сизни «Вальядолид»га қўйиб юборишмагани ростми?

— Бу воқеаларнинг тепасида спортга алоқаси бўлмаган одамлар турганди. Ҳа, бир неча ой футбол ўйнамагандим. Бунгача «Вальядолид»да йиғин ўтказишга ҳам улгургандим. Лекин қизим туғилиши арафасида Тошкентга келишга мажбур бўлгандим. Аммо Испанияга қайтиб кета олмадим. Ўшанда сўзларимни нотўғри тушуниб, мени дисквалификация қилиб юборишганди.  

«150 минг долларни менга беришган, мен эса пулларни шундайлигича «Пахтакор»га бергандим. Бу пулга Тошкентда нафақат квартира, бутун бошли 9 қаватли уйни сотиб олса бўларди» 

— Шу воқеа бўлишидан аввал, «Спартак» раҳбариятидан «Пахтакор»га қўйиб юборишларини ва Тошкент жамоаси сизнинг трансферингиз баҳонасида испанлардан бирмунча пул ишлаб олишини хоҳлаган экансиз?

— Ўша вақтда «Пахтакор»да футболчилар ярим йиллик маошларини олмаган эдилар. Клуб ва футболчилар нима биландир тирикчилик қилишлари керак-ку! Машҳур осетиялик курашчи Арсен Фазаев Ўзбекистон жисмоний тарбия институтида ўқиган ва унинг сайъ-ҳаракатлари туфайли икки давлат спорти ўртасида катта кўприк пайдо бўлганди. СССР парчалангач, осетинлар мен, Геннадий Денисов ва Игорь Шквиринни Владикавказда кўрмоқчи бўлишган. «Пахтакор»га эмас, менинг ўзимга 150 минг доллар беришганди, қолган йигитларга ҳам шундай қилишганми ёки йўқ – буни билмайман. Мен пулларни «Пахтакор»га шундайлигича бергандим. Ўша вақтда бу пулга Тошкентда нафақат квартира, бутун бошли 9 қаватли уй сотиб олса бўларди.  

Фото: Миржалол Қосимов 

— Бир мунча вақт Минскда ҳам фаолият олиб бордингиз. Ўша вақтда берган бир интервьюда армиядан узоқроқда бўлишни исташингизни айтгандингиз?

 — Ҳа, ЦСКАда ўйнашни истамаганман, лекин уйда мажбур қилишган. Ҳатто Афғонистонга жўнатиб юбориш билан ҳам қўрқитишган. Аммо якунда минскликлар келишувга эриша олишмаган ва мен ортга қайтганман. Ҳозир футболчилар қаерга хоҳласа, ўша ерга боради. Бизнинг давримизда ўзига хос вазиятлар бўлиб турарди. Институтда ўқиганим учун армияга бормаганман. Барибир армияга олиб кетиб қолмасликлари учун битта курсни икки йиллаб ўқиганман. Бироздан сўнг, СССР парчаланиб кетди ва мен Владикавказга кетдим. Шу тариқа, олийгоҳда 9 йил ўқишимга тўғри келган.

«Машъал»га Абдусалом Азизов таклиф этган эди» 

— Бир муддат Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ўйнадингиз…

— У пайтларда Амирликларда футболга профессионал ёндашишмасди. Футболчиларнинг асосий касби – божхонада ишлаш, полицияда хизмат қилиш ва шу кабилар эди. Футбол шунчаки ҳобби бўлган. Кечқурун футбол ўйнаш учун келишарди. Жамоада бир неча легионер бўларди. Менга бундай ҳолат ёқмасди, шунчаки кўнгилхушлик учун футбол ўйнардик. Жамоавий ўйин ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.

Бу ҳақида бир гал клубнинг мисрлик раҳбарларидан бирига ҳам айтгандим. Шунда у менга: «Сен профессионалсан-ку, тўпни ол, ҳаммани алдаб ўт ва гол ур!» – деб айтганди. Бу гапни эшитгач, умидим буткул сўнди. Яна «Пахтакор»га қайтиб кетдим.

— Бу жамоада бутун бошли фаолиятингиз ўтган десак ҳам бўлади.

— Ҳа, фақат 2005 йилда фаолиятимни «Машъал»да якунлагандим. Ўша вақтда жамоани Абдусалом Азизов бошқарарди. Ҳозир у Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти. Айнан у мени «Машъал»га таклиф қилганди. Бир йил ўйнадим ва фаолиятимни якунладим.  

«Мен учун миллий жамоадан муҳимроқ нарса йўқ эди»

— 1995 йилдаги «Спартак-Алания» ҳақида нималар хотирангизда қолган?

— Бизнинг жамоада 13-14та миллат вакиллари тўп тепишарди. Аммо жуда аҳил жамоа эдик. Бир нафасда мавсумни тугатиб қўйганмиз. 21 октябрда ЦСКАга қарши ўйиндаги ғалаба орқали чемпионликни нишонлаганмиз, аммо мен жамоа билан эмасдим. Миллий жамоа йиғинига кетгандим. Шунинг учун, олтин медални жамоам билан нишонлаш имкониятига эга бўлмаганман. Сўнгги уй учрашувида ўйнайман деган мақсадда қайтиб келдим, аммо ўйиндан бироз муддат аввал белим оғриб қолди.

— Тўхтанг, қандай қилиб клуб ўйини бўлаётган пайтда миллий жамоага кетгансиз?

— Биз 1994 йилда Осиё ўйинларини ютгандик. Нигерия эса Африка Кубогида зафар қучганди. 90-йилларда анъанавий равишда Афро-Осиё кубоги ўтказиларди. Биринчи ўйинни ўз уйимизда 2:3 ҳисобида, меҳмондаги баҳсни эса 0:1 ҳисобида ютқазгандик. Ушбу учрашувлар миллий жамоалар учун ажратилган кунларда ўтказилмаганди. Валерий Георгиевич вазиятимни тўғри тушунган ҳолда мени миллий жамоага қўйиб юборганди, аммо рухсат бермаслик ҳуқуқига ҳам эга эди. Мен учун миллий жамоадан муҳимроқ нарса йўқ эди.

— Чемпионлик мавсумида совға қилинган «Мерседес» қаерда?

— Сотиб юборганман. Узоқ вақт минилмай турди, кейин эса дўстларим орқали уни сотганман.

— «Алания»да ўйнаган вақтингизда Валерий Газзаев билан ишлагандингиз, у билан муносабатларингиз қандай бўлган?

— Жуд зўр! У талабчан мураббий эди, кескин муносабатда бўларди ва бу тўғри ҳам. Агар сен қатъий тартиб-қоидаларни йўлга қўймасанг, натижага эриша олмайсан. Нафақат мен, Газзаевдан жуда кўпчилик миннатдор.

— Газзаевнинг мавсумолди йиғинлари даҳшатли бўлармиди?

— Ҳозирги футболчиларга мана шундай машғулотларни қилдирсанг, ҳаммасининг «дами чиқиб кетади». Аммо у қайта тикланишга ҳам етарлича вақт берарди. 1994 йилдаги натижалардан хулоса қилиб, кейинчалик машғулотларни бироз енгиллатишди. Ўша мавсум чемпионликни қўлга киритдик.

Кўп югурардик, ҳеч ким истисно қилинмасди. Агар мавсумлар оралиғида формангни ушлаб турмасанг, мавсумолди йиғинда тамом бўлардинг. Унинг талабларини яхши билардим ва доим шуғулланардим. Машғулот залларига тинимсиз борардим, узоқ масофага югурардим. Агар йиғинга бир неча килограмм ортиқча вазн билан борсанг, машғулотлардан четлатарди.

1996 йилда 10 килограмм ортиқча вазн йиғиб қўйгандим. 2 ҳафта ичида парҳез, сузиш ва гимнастика орқали формамни тиклаб олгандим. 17 августда «Ростсельмаш» билан ўйнадик ва мен 2та гол урдим. Адашмасам, ўшанда 12та гол билан тўпурар бўлиб тургандим. Уйга келиб, қўшниларимизни меҳмонга чақирдик, хотиним палов пиширди. Ўша кечаси ўрнимдан тура олмадим ва ўшанда умуртқа поғонам шикастлангани учун 3 кун ухлай олмагандим.

Бу жароҳат 1994 йилда бассейндан чиқаётиб сирғалиб кетиб, йиқилганимда орттирилган жароҳат эди. Ўшанда мен учун мавсум якунланганди. Олтин ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлгандим.  

«Зокир Алматов бўлмаганида фаолиятимни эрта якунлашга мажбур бўлардим»

 — Чемпионлар Лигаси саралашида «Алания» ўз уйида 2:7 ҳисобида «Глазго Рейнжерс»га мағлуб бўлга беллашувда иштирок этмаганмисиз?

 — Меҳмондаги баҳсда ўйнагандим, аммо уй учрашувини ўтказиб юборганман. Жароҳат айнан иккала ўйин ўртасида бўлганди. Жавоб ўйинини трибунадан кузатганман. 40-сониядаёқ гол қўйиб юборгандик. Биттагина вазият ўйинни буткул ўзгартириб юбориши мумкин эди. Газзаев доим олдинга қадам ташлашни, ҳеч қачон чекинмасликни хоҳларди.

Мавсум якунлангач, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Зокир Алматов мени Германияга операцияга юборганди. Миллий жамоа БААга Осиё кубогида ўйнаш учун кетган, мен эса даволанишда бўлганман. Ўша одам бўлмаганида фаолиятимни анча эрта якунлашим ҳам мумкин эди. Жарроҳлик амалиёти яхши натижа билан тугаши кафолатланмаганди ва менга қандайдир қоғозларга қўл қўйдириб олишганди. Аввалига, рози бўлмадим, аммо шифокор менга уларда шундай қоида борлигини айтди. Ярим йилни тикланиш учун сарфлагандим.

 — «Алания»дан кўпчиликни Европага таклиф қилишганди: Тетрадзе «Рома»га, Яновский «ПСЖ»га, Кавелашвили «Манчестер Сити»га. Сизга ҳам таклиф бўлганми?

 — Жароҳатим туфайли 1996 йилда қолишга қарор қилганман. Ярим мавсум ўйнамагандим, тикланиб бўлгач, келгуси мавсумни «Пахтакор»да ўтказдим. 1998 йилда чемпион бўлдик, кейинги йилда «Алания»га қайтдим. 2000 йилда Газзаев «Динамо»га ўтиб кетди, мени эса Александр Тарханов «Крилья Советов»га таклиф қилди. 2 мавсум у ерда ўйнадим. Тихонов, Бородюк, Игнашевич — қандай ажойиб жамоа эди?! 2001 йилда 5-ўринни олгандик. Бундай натижани «Крилья Советов» орзу ҳам қилолмасди.  

— 2000 йилда ёш Сергей Игнашевич билан 4-рақамни талашиб қолган экансиз?

— 2000 йилда миллий жамоа қандайдир турнирда иштирок этди ва мен 1 ой клубда бўлмадим. Келсам, 4-рақам унда турибди. «Торпедо» билан ўйиннинг охирига етиб келгандим. Ўшанда тортишиб қолгандик. У ёш ва жиззаки эди. «Агар бугун гол урсам, 4-рақамга яқин келмайсан», — дедим. Ўша ўйинда 2та гол урдим, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Шундан кейин, у рақам учун курашмади.

Игнашевич 40 ёшигача футбол ўйнади, Россия миллий жамоаси таркибида ҳаммадан кўп учрашувда майдонга тушди. Сергей билан ҳалигача кўришмадик, Бородюкни 2-3 йил аввал кўриб қолдим.

— Жаҳон чемпионатига мураббий сифатида бордингизми?

— 2014 йилда Бразилияга боргандим. 2018 йилда Россиядаги жаҳон чемпионати билан бирга бизнинг миллий биринчилик ҳам давом эттирилаётганди. Телевизор орқали мусобақани кўргандим. Россияга мухлислик қилдим. Бундан ташқари, жаҳон чемпионатларида 11та ўйин бошқариб, рекорд ўрнатган Равшан Эрматовга мухлислик қилдик. Бундан ташқари, персонал равишда Игнашевичга мухлислик қилдим. Серёгага тасанно! 38 ёшида ЖЧда жамоасининг энг яхши ҳимоячиси бўлиб ЖЧ чоракфиналида ўйнаган футболчи билан 18 ёшлигида бирга ўйнаганимдан фахрландим.  

«Ўшанда кўпчилик Хиросимага боришимизни ҳам истамаганди»

 — 1994 йилда сизнинг етакчилигингиздаги Ўзбекистон олимпия миллий жамоаси Хиросимада ўз тарихидаги ягона титулини қўлга киритганди. Маданий жойлар, тўғрими?

 — Биз олимпия шаҳарчасидан ташқарига чиқа олмагандик. Бу тўлақонли футбол мусобақаси эмасди, кичик Олимпиада эди. Ҳалигача ёдимдан чиқмаган.

СССР парчалангач, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк бор расмий мусобақада иштирок этаётганди. У пайтларда кўпчилик бизнинг мамлакат қаерда жойлашганини ҳам билмасди. Футбол кўп нарсаларни ўзгартира олади — мусобақадаги ғалабамиздан сўнг, барча бизнинг давлат қаерда жойлашганини билиб олди. Бир нафасда бутун мусобақани ютиб қўйгандик. Саудия Арабистони, Корея, Хитой – барчани мағлуб этгандик.

Ўшанда кўпчилик бизнинг мусобақага боришимизни ҳам исташмаганди. Яккалик спорт турларини ривожлантирган маъқул, деб ҳисоблашган. Бутун жамоага пул сарфлашдан кўра, алоҳида спортчиларга маблағ ажратишни афзал кўрувчилар бўлган. Олтин у ёқда турсин, Япониядан қандайдир медал билан қайтишимизга ҳам ишонишмаган. Бошқа давлатлар учун бизнинг натижамиз кутилмаган ҳолат бўлиб туюлган.

 — Сизнинг қўл остингизда Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олишга жуда яқин келганди. Саралаш плей-оффида Иорданияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлгандингиз. Шундан сўнг, истеъфога чиқиб кетдингиз…

 — Чунки, олдимга қўйилган вазифани бажара олмадим. Ҳаракат қилдик, мундиалга чиқишимиз ҳам керак эди. Кореяликлар ва эронликлар билан дуранг ўйнасак, автоматик тарзда ЖЧга борардик. Ҳозир афсусланишдан фойда йўқ. Ҳаммаси ўтмишда қолди. Истеъфога ЖЧ саралашидан кейин эмас, ундан 1,5 йил ўтиб чиққанман.

— Жамоангизга доим етишмаган кичкина омил нима деб ўйлайсиз?

 — Ўзбекларда доим имконият бўлган. Аммо сўнгги чегарани босиб ўтишда қийналамиз. Ахир биздан қандай футболчилар чиқди?! Улардан бири Максим Шацких. «Ротор»да ишлаган вақтида кўришгандик, Хацкевичга ёрдам бераётганди. Тошкентга келса, кўришамиз, гаплашамиз. Мана ҳозир Элдор ўсиб келяпти. «Бунёдкор»дан «Ростов»га менинг қўл остимдан ўтганди.

Шомуродов, Моуриньо ва Остон Ўрунов ҳақида

— Элдорнинг шундай даражага чиқа олишини, Италияда ўйнашини тасаввур қилганмидингиз?

 — Ёлғон гапирмайман, Италия ҳақида ўйламаганман. Лекин Россияда ўйнаб кета олишига ишонганман. Жуда иқтидорли футболчи, очиқкўнгил, хотиржам ва ўсадиган бола. Менинг қўл остимда ўйнаганда ҳам марказда, ҳам қанотда ўйнарди. Тўп билан яхши ўйнарди.

Фото: Бунёдкор

 — Ўша пайтда маоши 500 доллар бўлгани ростми?

 — Йўқ, кўпроқ эди, 1000 долларлар чамаси, адашмасам. Италиядаги ўйинларини ҳам кўряпман, афсуски, Моуриньо уни кам майдонга туширяпти. Худо соғлиғини берсин. Ажойиб футболчи.  

 — Ўзбекистондан кимдир унинг тақдирини такрорлаши мумкинми?

 — Элдорга ўхшашини кўрганим йўқ. Иқтидорли футболчилар кўп, аммо менталитетни ўзгартириш керак. Қаттиқроқ ишлаш керак.

 — Остон Ўрунов ҳақида нима дейсиз?

 — Унинг фаолиятидаги вазиятлар ҳақида тўлиқ билмайман, буни муҳокама қилолмайман. Менимча, у «Уфа»дан «Спартак»ка ўтмаслиги керак эди, ҳали эрта эди.

Миллий жамоа ва Одил Жалолов ҳақида

— Миллий жамоада яна ишлашни истайсизми?

 — Ҳозир буни истамайман. ОКМК билан ишлаяпман. Олмалиқ — кичкина шаҳар. У ернинг одамлари очиқкўнгил, меҳнаткаш. Раҳбарият футболни жуда яхши кўради.

 — Сиз Ривалдо каби юлдузлар тўп тепган «Бунёдкор»да ишлагандингиз. Клуб раҳбари Одил Жалолов ҳақида нималар дея оласиз?

 — У футболни жуда яхши тушунарди. 1956 — 1975 йиллардаги футбол ҳақида сўрасангиз, барчаси эсида қолган. Ва футболни қаттиқ севарди. Месси 17 ёшлигидаёқ у буюк футболчи бўлишини айтганди. Одил ака «Барселона»нинг ашаддий мухлиси эди. Менинг ўзимга ҳам Гвардиоланинг ўйин услуби жуда ёқади, ҳозир Хавининг тактикаси ҳам манзур бўляпти. «Барса» «Реал»ни 4:0 ҳисобида енгган ўйинни Тошкент вақти билан тунги соат 3гача кўриб чиқдим. Жалолов Ўзбекистондаги футбол ривожига ва унинг одамлар қалбига кириб боришига катта ҳисса қўшди. Ривалдодек афсоналарни олиб келди, мамлакатдаги энг зўр стадионни қурди ва энг муҳими, клуб академиясини барпо этди.

 — Это’Ога «Феррари» совға қилиб, Самюэль у билан автоҳалокатга учрагач, машинани Италияда тузатиб бергани ростми?

 — Самюэль машинани уриб олганми ёки йўқ — билмайман. Аммо унга «Феррари» совға қилингани рост.  

«Бу мамлакат президентининг топшириғи билан бўлган дейишади...»

— Сиз буюк Ривалдо билан ишлагансиз. Ундан қандай таассуротлар қолган?

— Жуда яхши, у ҳаракат қилган. Унинг ёшидан келиб чиқиб, айрим вақтларда машғулотларда енгиллик яратиб берардик. Аммо у ўз ишига сидқидилдан, профессионаллардек ёндашган. Доим ёшларга ўрнак бўлишга интилган.  

Фото: Бунёдкор

 — Сиз жамоани Осиё Чемпионлар Лигаси яримфиналига олиб келгандингиз, аммо ушбу босқичдан уларни Зико бошқара бошлади. Бунинг сабаби нимада эди?

— Раҳбарият шундай қарорга келганди. Ўша вақтда бошқача мажбуриятлар бор эди, афсуски. Бу мамлакат президентининг топшириғи билан бўлган ҳам дейишади (Менинг маълумотларимга кўра, Зико, даставвал, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигига таклиф қилинган. Келишувга эришиб бўлингач, бундан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хабар топган ва миллий жамоага ҳеч қандай хорижликни мураббий қилмаслик ҳақида гапирган. Натижада, Зико «Бунёдкор»га, Қосимов эса Ўзбекистон миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланган. Зико бошчилигидаги «Бунёдкор» ОЧЛ яримфиналида «Аделаида»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган — муаллиф Игорь Рабинер фикри).

 — Зико Тошкентда узоқ қолмади, тез орада у ЦСКА бош мураббийлигида иш бошлади. «Бунёдкор»ни эса Лус Фелипе Сколари бошқаришга киришди. Сиз миллий жамоада ишласангиз-да, бразилиялик мураббий билан гаплашган бўлсангиз керак?

 — У жуда ҳам тартибли мураббий. У билан тез-тез гаплашиб турардик. Мен чекардим, у менга ҳайрон бўлиб қараса, бу менинг шартномамда қайд этилганини айтардим (кулади).

Кореяга «Бунёдкор»нинг ОЧЛ ўйинига борганимизни эслайман. Бизни машғулот майдонига бошлаб боришди. Мезбонлар бизга 100 метр наридаги майдонда машғулот ўтказишимизни айтишди, аммо Сколари айнан ўша ерда шуғулланишини маълум қилди. Шу билан у менга баъзида ўз сўзида туриб олиш кераклигини кўрсатиб қўйди.

Фото: Бунёдкор

 — 2010 йиллар бошида «Бунёдкор»нинг собиқ раҳбари жамоадан кетишга мажбур бўлди, сиз эса жамоани бошқаришда давом этдингиз…

 — Клуб давлат тасарруфига ўтди ва шундан сўнг, уни 14 футболчи тарк этди. Аммо биз ўз даражамизда қолдик, кейинги 2 йил ичида ОЧЛда гуруҳ босқичидан чиқдик, 2012 йилда клуб тарихида иккинчи марта яримфиналда ўйнадик. Шароитлар буткул бошқача эди. 2013 йилда ҳам мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби бўлдик. Жамоада пойдевор яхши қурилганди.

— Жалолов билан ҳали ҳам гаплашиб турасизми?

— Ҳа, доим суҳбатлашиб турамиз.

 — Хайрлашув ўйинини ажойиб ўтказгансиз, дейишади. Мисол учун, эронлик афсонавий футболчи Али Дайи билан тушган расмингизни кўргандим?

 — У Осиё футболи афсонаси. Биз тез-тез ўзаро қарама-қаршиликларда ўйнардик. Унга ва бошқаларга федерациямиз томонидан алоқага чиқилган. Мираброр Усмонов — ўзбек футболи учун катта хизмат қилган инсонлардан бири эди. Инфраструктура ва талабларни жорий этганди. Унинг илтимоси билан ўйинга тезда келишилган. Жуда ажойиб бўлганди, стадион тўлган, кўпчиликка чипта етмай ҳам қолганди.

— ОКМКга қандай келиб қолдингиз? Жамоани нолдан 2 марта бронза медал соҳибига айлантирдингиз…

— «Бунёдкор»да янги шартнома таклиф қилишмади — бор-йўғи шу. Бўлмаса, кетмасдим. 2019 йилда ОКМК ўрта поғоналарда ўйнаб юрарди, кейинроқ бироз кучайишди. Камида, 40 фоиз таркибни олмалиқликлардан тузишимиз керак эди. Футболчи ўз она шаҳри учун майдонга тушиши муҳим нарса. Аммо бунинг учун талабларни жорий этиш керак — академия, мактаб. Ҳаммаси келгуси авлодга қолади.

«Россия клубидан таклиф бўлган, боришни хоҳламадим»

— Россияда анчадан бери бўлмадингизми? У ерларни соғинасизми?

— Соғинишга вақт йўқ — иш, оила, дўстлар. Владикавказда бундан 5 йилча олдин бўлгандим. Ундан аввал 2010 йилда «Алания» ва «Спартак» фахрийлари ўртоқлик ўйини ўтказганида боргандим. Вақт тез ўтиб кетади. Лекин хориждаги йиғинларда собиқ жамоадошларимиз билан тез-тез учрашиб турамиз. Влад Радимов билан кўришдим, 1992 йилда мураббийлигида биринчи Россия чемпионатида кумуш медал олганимиз Александр Новиков билан учрашдим. Газзаев билан бир неча йил олдин Дубайда кўришдим, оиласи билан дам олгани борган экан.

— Россияда ишлашни таклиф қилишмаганми?

— 12-13 йил олдин Самарадан таклиф бўлганди. Лекин боришни хоҳламадим. Энди ҳеч нарсани исботлашим шарт эмас. Бир марта яшайсан. Яратган берган нарсаларга шукр қилиб, хурсанд бўлиб яшаш керак.

 — Ўзбекларнинг тўйларига мингларча одамлар келиши ҳақида эшитганман. Сизда қандай бўлган?

 — Мен 90-йилларда уйланганман. Тўйим ҳовлида бўлган, қанча одам келганини ҳисоблаш ҳам қийин эди. 2012 йилда ўғлимни уйлаганман, ўшанда оқшомдаги тўйга 750тача одам келган. Наҳорда ош ҳам берганмиз, умумий ҳисобда 2-3 минг атрофидаги одам иштирок этган. Ўзбекистонда оч қолмайсан!

— Кўриб турибманки, Ўзбекистонда вазнингизни меъёрда ушлаб туриш анча қийин кечган…

— Менда у қадар катта муаммо бўлмасди. Футболчилик пайтимда ҳам таътилда уйга келсам, ота-онамдан менга ортиқча ҳеч нарса тайёрламасликни сўрардим. Нима есам, ўзим тайёрлай олардим.

— Нимадандир афсусланасизми?

— Бошқа футбол ўйнай олмаслигимдан афсусланаман, лекин ичимдаги футболчи руҳи сўнмаган.

Мавзуга оид