Жаҳон | 08:36 / 11.05.2022
27778
4 дақиқада ўқилади

Россия Украинадан ўғирланган донни Сурияга жўнатгани маълум қилинди

Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари томонидан олиб чиқиб кетилган Украина дони Ўрта Ер денгизидаги юк кемаларида сақланмоқда ва Сурияга жўнатиш учун тайёрланмоқда.

Фото: ТАСС

Россия қўшинлари Украинадан ўғирланган ҳосилни Россия ҳудудига, Қримга ва Ўрта Ер денгизидаги юк кемаларига олиб ўтмоқда, у ердан эса Сурияга жўнатиши мумкин. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси 10 май, сешанба куни хабар берди.

«Ҳозирги вақтда Украинадан ўғирланган доннинг салмоқли қисми Ўрта Ер денгизида Россия байроғи остидаги юк кемаларида экани маълум бўлди. Юк Сурияга юборилиши мумкин. У ердан дон Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатларга контрабанда орқали олиб ўтилиши мумкин», дейилади разведка ҳисоботида.

Разведка маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Запорожье вилоятидан Россия ҳудудига дон ва кунгабоқар уруғларини ташишга ҳам тайёргарлик кўрмоқда. Украина ҳарбийларига кўра, минтақадаги омборхоналардан олинган ғалла ортилган Россия юк машиналари карвони Қримга йўл олган. 

Россия чегараси йўналишида Харков вилоятидан ҳам ғалла олиб чиқиб кетилмоқда, Херсон вилоятидан Қримга яна 1500 тонна ғалла олиб кирилган, дея хабар берди разведка. Украина ҳарбийларининг айтишича, Россия қўшинлари дондан ташқари, Қримга «Украинада ўғирланган катта ҳажмдаги сабзавотлар – лавлаги, картошка, карам»ни ҳам олиб кетмоқда. 

Украина оммавий ахборот воситалари Россия ишғол қилинган ҳудудларда украиналик фермерлардан қишлоқ хўжалиги техникаси ва минглаб тонна ғаллани ўғирлаётгани ҳақида бир неча бор хабар берган. Бу ҳақда CNN ҳам манбаларга таяниб ёзган. Бу жараён сўнгги ҳафталарда мамлакат жанубида қишлоқ хўжалиги ҳосилига бой Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия қўшинларининг кучайиши фонида ортди, деб таъкидлаган телеканал. 

Киев Иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари арафасида Украинадан экспортга чиқариш учун 6 миллион тонна буғдой ва 15 миллион тонна маккажўхори тайёр турган, уларнинг аксарияти мамлакат жанубида бўлган. 

Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украинадан олиб чиқиб кетилган донни сотишни режалаштираётгани ва бунинг учун харидорлар топганини айтди. «Мен ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Украинадан ўғирланган экинларимизни Россиядан сотиб олиш учун ортдан туриб шартнома тузаётган аниқ давлатларни айтишни истамайман. Бизда бу давлатларнинг номлари бор», - деди Зеленский Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Урушдан олдин Украина буғдой ва маккажўхори етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик мамлакатлардан бири эди. 2020 йилда мамлакатда 30 миллион тонна маккажўхори ва 25 миллион тоннага яқин буғдой ҳосили йиғиб олинди. Шимолий Африканинг кўплаб мамлакатлари Украинадан ғалла экспортига боғлиқ эди. 

Бирлашган миллатлар ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Германиядаги директори Мартин Фрикнинг айтишича, Россия ҳарбий ҳаракатлари туфайли Украина портларида деярли 4,5 миллион тонна дон қолиб кетган. 

Халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Украинадаги уруш туфайли дунёда реал озиқ-овқат танқислиги таҳдиди юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари оқибатида 1,7 миллиардга яқин одам қашшоқлик ва очарчиликка дучор бўлиши мумкин, дея огоҳлантирди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. 

Мавзуга оид