КХДР коронавирусга чалиниш билан боғлиқ «илк ҳолат» ҳақида хабар берди. Мамлакатда локдаун жорий этилган
КХДР ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Шимолий Корея нашрларига асосланган ҳолда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар тарқатди.
Хабар қилинишича, Пхенянда «Омикрон» вариантини юқтириб олиш ҳолатлари аниқланган - 8 май куни Covid-19 аломатлари кузатилган аҳолидан тест олинган.
Шундан кейин бутун мамлакатда «максимал фавқулодда ҳолат» режими жорий этилган ва локдаун эълон қилинган. Айнан қанча одам зарарлангани маълум эмас.
КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўз қўл остидагиларга вирус тарқалишини тўхтатиш бўйича топшириқ берган ва мамлакат «кутилмаганда пайдо бўлган» бу инқирозни енгиб ўтишини ваъда қилган.
«Мамлакатнинг барча уездлари ва шаҳарларида ҳамма ўз ҳудудини ёпиб, зарарли вирус тарқалиши йўлларини хавфсиз тарзда тўсмоқда. Биз тўсатдан келган инқирозни енгиб ўтамиз ва албатта ғалаба қиламиз», деган у КХДР Меҳнат партияси марказий қўмитаси сиёсий бюросининг пайшанба куни махсус чақирилган йиғилишида.
Ким Чен Ин мамлакат чегараларида назоратни кучайтиришга буйруқ берган.
КХДР ҳукумати бунга қадар мамлакатда пандемия даврида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаганини маълум қилиб келарди.
Мамлакат чегаралари тўлиқ ёпилгани вирус мамлакатга кириб келишининг олдини олгани айтиларди. КХДР вирус тарқалишининг олдини олиш учун яна қандай чоралар кўргани маълум эмас.
Пхеньян ҳатто Covax халқаро механизми доирасида вакциналар етказиб берилишидан бош тортган ва шимоллик корейслар учун мўлжалланган препаратлар бошқа давлатларга тақсимланганди.
2020 йил июлида мамлакатда ватанга қайтган қочқинлардан бирида коронавирус борлиги гумон қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу борада кейинги маълумот берилмади.
Экспертлар КХДР ҳукумати мамлакатга коронавирус кириб келишининг олдини олишга муваффақ бўлишганига шубҳа билан қарашади.
2021 йил июнида мамлакат раҳбари Ким Чен Ин КХДР соғлиқни сақлаш соҳасидаги «жиддий ҳодиса» ҳақида хабар берди, аммо тафсилотларни келтирмади. Шимолий Кореядан ташқарида эса мамлакатда ковид авж олгани ҳақида гапира бошлашди.
Мавзуга оид
12:20
NYT: КХДР қўшинларини Россияга юбориш ғояси Пхеняндан чиққан
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
09:12 / 23.12.2024
Украина: Россия КХДР аскарларига сохта ҳужжатлар беряпти
13:51 / 18.12.2024