Жаҳон | 16:49 / 13.05.2022
25281
2 дақиқада ўқилади

Нур-Султонда 8-қаватдан осилиб қолган қизча қутқарилди. Халоскорга уй совға қилинди

11 май куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида кўп қаватли уйлардан бирининг 8-қаватида осилиб қолган қизча қутқариб қолингани видеоси тарқалди. Қизчани қутқариб қолган киши ўша кўп қаватли уйда яшовчи, 36 ёшли Собит Шонтакбаев бўлган.

Маълум бўлишича, Собит Шонтакбоев11 май куни эрталаб 10:30лар атрофида ишга кетаётганда, уйи ҳовлисида одамлар гавжум бўлиб турганини пайқаган. 8-қаватда қизча осилиб қолганини кўргач, дарҳол уни қутқаришга шошилган ва 7-қаватда яшовчи қўшнисининг уйига чиққан. Шу ердан деразага чиқиб, қизчани қутқариб қолишга муваффақ бўлган.

Воқеа тасвирга олинган видео тарқалгач, қозоғистонликлар Собитга ўз миннатдорчиликларини билдиришган.

Кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлигида Собит Шонтакбоевга “Төтенше жағдайдағы ерлігі үшін” (Фавқулодда вазиятда кўрсатган қаҳрамонлиги учун) кўкрак нишони топширилган.

Пойтахт ҳокими Алтай Қўлгинов Собитга уни иш билан таъминлаш, оиласини пойтахтга кўчиришга ёрдам бериш ва кредитларини тўлашда ёрдамлашиш учун ҳомийлар топишда кўмаклашишга ваъда берган. Бундан ташқари, Собитга 3 хонали хонадон, қизни қутқаришда унга кўмаклашган ҳамроҳига эса 2 хонали хонадон берилган.

“Ҳозиргина уч хонали квартира берган қурилиш компанияси офисидан ҳужжатларни тўлдириб чиқдим. Менга ёрдам берган дўстимга ҳам икки хонали квартира бериляпти. Ҳозир ҳужжатлар тайёрланмоқда”, – деган Собит Шонтакбаев Tengrinews.kz мухбири билан суҳбатда.

Сабитнинг айтишича, унга Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан, у танимайдиган одамлар ҳам қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдиришмоқда.

Собит Нур-Султонга Қизилўрдадан келган. Қурувчи бўлиб ишлайди, тўрт фарзанди бор.

Мавзуга оид