Ўзбекистон | 14:50 / 16.05.2022
7399
3 дақиқада ўқилади

АҚШдан назар: Ўзбек пахта саноати 13 йиллик глобал бойкотнинг тугашини олқишламоқда 

Таъкидланишича, ўзбек пахтасига халқаро бойкотнинг якунланиши Ўзбекистон учун узоқ вақт ёпиқ турган бозорлар эшикларини очади. 

Фото: Kun.uz

Американинг «Америка овози» ахборот хизмати “Ўзбек пахта саноати 13 йиллик глобал бойкотнинг тугашини олқишламоқда” мақоласини эълон қилди, деб хабар берди «Дунё» АА мухбири. 

Нашрда таъкидланишича, ўзбек пахтасига 13 йиллик халқаро бойкотнинг якунланиши дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири учун узоқ вақт ёпиқ турган бозорлар эшикларини очади. 

Ўқувчилар эътибори «Cotton Campaign» баёнотига қаратилган. Унда айтилишича, ушбу тарихий ютуқ ўзбек фаоллари, халқаро фаоллар ва трансмиллий брендларнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга чек қўйиши натижасидир. 

«Америка овози» Халқаро меҳнат ташкилотининг Тошкентдаги техник маслаҳатчиси Йонас Аструпнинг сўзларидан иқтибос келтираркан, ўзбек пахтасининг тизимли мажбурий ва болалар меҳнатидан озод этилгани халқаро ҳамжамият учун эмас, ўз манфаатлари учун бойкотдан қутулган Ўзбекистоннинг сиёсий ғалабаси эканини таъкидлайди. Қайд этилишича, масъулият ва ҳисобдорлик пировард натижада ўзбек халқи зиммасига тушади, иш ўринлари яратиш, иқтисодий ўсиш, мамлакатга савдо ва сармоя жалб этишнинг иқтисодий устуворликларидан фойдаланиш вақти келди. 

«Cotton Campaign» ҳаммуассиси Беннет Фриманнинг фикрича, «Ўзбекистоннинг навбатдаги вазифаси фуқаролик жамияти учун майдон очиш ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган етказиб берувчиларни топиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишдан иборат». 

Мақола сўнгида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, айниқса, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳақидаги сўзлари алоҳида келтирилган. Сенат раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда қонунчилик базаси халқаро стандартлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда мустаҳкамланади, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш давом эттирилади ва ишончли маълумотлар ва тадқиқотларга асосланган сиёсатга эришиш мақсадида мониторинг институтлари ривожлантирилади. 

Мақола муаллифи Тошкент мустақил фуқаролик жамиятини яратиш борасидаги халқаро чақириқларни эшитаётгани, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш бўйича аризаларни кўриб чиқаётгани ва нодавлат гуруҳлар билан музокаралар олиб бораётганини олқишлайди. 

Мавзуга оид