Жаҳон | 11:30 / 17.05.2022
40503
6 дақиқада ўқилади

Фото: Украиналик ҳарбийларни «Азовстал»дан олиб чиқиш бошланди

Украина қуролли кучлари Бош штаби улар «алмашув жараёни» орқали Киевга етказилишини маълум қилган. Россия ҳозирча буни тасдиқламаган.

Украина қуролли кучлари Бош штаби 17 майга ўтар кечаси Мариуполда «Азовстал» заводидаги ҳарбийларни «қутқариш бўйича амалиёт» ўтказилаётгани ҳақида хабар берди. Бу баёнотга кўра, оғир яраланган 53 киши Новоазовскдаги шифохонага етказилган, яна 211 нафар ҳарбий хизматчи — Оленивкага (икки аҳоли пункти ҳам «ДХР» кучлари назоратида) етказилган, бу ердан улар «алмашув жараёни» орқали Украина назоратидаги ҳудудга ўтказилади.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Ганна Малярнинг айтишича, 53 нафар оғир ярадор ҳарбий Новаазовскдаги касалхонага олиб кетилган. 211 нафар ҳарбий эса рус асирларига алмашилади. «Мариупол ҳимоячилари олдига қўйилган барча вазифа бажарилди. Асосий вазифа уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эди. Афсуски, айни дамда «Азовстал»ни ҳарбий йўл билан деблокада қилиш имконсиз», деган вазир ўринбосари.

Россия ҳукумати вакиллари алмашувга тайёрланилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмаган.

«Мариупол гарнизони олдинга қўйилган жанговар вазифани адо этди. Олий ҳарбий қўмондонлик томонидан «Азовстал»да бўлиб турган бўлинмалар командирларига шахсий таркибнинг жонини сақлаб қолишга буйруқ берилди. <…>  «Азовстал» ҳудудида қолаётган ҳимоячиларни қутқариш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда»,  — дейилади Бош штаб баёнотида.

Украина президенти Володимир Зеленский тунги мурожаатида «украин қаҳрамонлари Украинага тирик ҳолда кераклиги» ва уларнинг қайтиши бўйича ишлар «назокатлилик ва вақт талаб этиши»ни айтди.

Эвакуация қилинаётганлар орасида кўплаб ярадорлар бор. Фото: Reuters
Фото: Reuters

Аввалроқ Reuters агентлиги душанба куни «Азовстал»дан украиналик ҳарбийлар чиқарилган ўнлаб автобуслар чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқатганди. Агентлик бу автобуслардаги украин ҳарбийлари сонини аниқлашнинг имкони бўлмаганини қайд этган. RT заводдан «300 нафар атрофида жангари», жумладан 50 нафар атрофидаги ярадорлар олиб чиқилганини маълум қилган.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Биринчи канал мухбири Ирина Куксенкова 17 май куни эрталабки соат 4 да «Азовстал»даги украин ҳарбийлари «асирга тушишда давом этаётгани», Оленивкага олиб кетилганларни сўроқ қилиш бошлангани ҳақида хабар берган. Унинг маълумотига кўра, заводда 2,2 мингдан ортиқ киши қолган.

16 май куни РФ мудофаа вазирлиги «Азовстал»да қамалда қолган украиналик ҳарбийлар билан асирларни олиб чиқиш борасида келишувга эришилгани ҳақида хабар тарқатганди. Украина ҳукумати бу баёнот бўйича изоҳ бермаганди; заводни ярадор бўлмаган ҳарбий хизматчилар ҳам тарк этиши ҳақида айтилмаганди. Кейинроқ Россия нашрлари ва ҳарбий корреспондентларнинг телеграм-каналларида «Азовстал»дан эвакуация қилингани айтилган ҳарбийларга оид видеолар тарқалди. Кун охирида Reuters агентлиги Новоазовскка етказилган ярадор ҳарбийлар суратларини намойиш этди.

Навоазовскка етказилган ярадорлар
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Кечга яқин «Азов» полки «Мариупол мудофаачилари буйруқни бажаришгани», 82 кун давомида «душманнинг бир неча баробар устун кучлари»ни ўзига жалб қилиб туриб, Украина армиясига қайта гуруҳланиш, ҳамкорлардан қуроллар олиш ва шахсий таркибни кенгайтириш имкониятини тақдим этгани ҳақида баёнот берди. Баёнотда энди «одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида бутун Мариупол гарнизони олий ҳарбий қўмондонликнинг тасдиқланган қарорини бажариши ва украин халқи томонидан қўллаб-қувватланишга умид қилиши» айтилган. Айнан қандай қарор ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Бунгача «Азов» жангчилари мудофаани сақлаб туриш тўғрисида буйруқни бажаришаётгани ва шу туфайли таслим бўла олмасликларини айтиб келишаётганди.

Аввалроқ «Азов» жангчилари «Азовстал»дан эвакуация бўлиш ўзларининг ягона имконияти экани, шу билан бирга ҳудуддан фақат қурол кўтарган ҳолда чиқишлари мумкинлигини билдиришганди. 8 май куни журналистлар учун онлайн матбуот анжумани вақтида «Азов» полкининг разведка бошқармаси офицери Илья Самойленко россияликларнинг ташвиқот видеосида тирик ҳолда намойиш этилган асирликдаги жангчилар кейинроқ ўлдириб юборилгани маълум бўлгани туфайли асирга туша олмасликлари ҳақида айтганди.

«Азовстал»да қолаётган украин жангчиларининг озод этилиши — сўнгги ҳафталарнинг асосий мавзусига айланди. 11 май куни завод мудофаасидаги «Азов» полки жангчиларининг рафиқалари Рим папаси Франциск билан учрашишди ва ундан Россия президенти билан уларнинг озод этилиши масаласида гаплашишни сўрашганди. 14 май куни «Евровидения»да ғолиб чиққан украинларнинг Kalush Orchestra гуруҳи ҳам «Азовсталдагиларга ёрдам бериш»га чақиришди. Володимир Зеленский Мариуполдаги украин ҳарбийларининг ҳалок бўлиши Россия билан ҳар қандай тинчлик музокараларига «нуқта қўйиши»дан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид