Ўзбекистон | 12:55 / 18.05.2022
19225
15 дақиқада ўқилади

“Жазолайвериш билан натижа бўлмайди” — эксперт чеклар можароси ҳақида

“Тадбиркорнинг оёғи тагига олов ёқиляпти-да, шу қизиб турган жойдан югурмасдан ўт дейиляпти”, дея харид чеклари атрофидаги можарога муносабат билдирди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов. У Kun.uz билан суҳбатда касса машинасига чек урилганида ҳам тадбиркорлар жарима қилинаётган ҳолатлар борлигини айтиб, симптомлар билан эмас, сабаблар билан курашишга чақирди.

1 январдан бошлаб харид чекини “Солиқ” мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарила бошланди. Чек бермаганлик ҳолатлари юзасидан солиқ идораларига хабар берган фуқароларга эса мукофот пули берилиши йўлга қўйилди.

Айнан чек бермаслик ҳолатлари юзасидан хабардор қилиш тизими тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасида резонансларни келтириб чиқармоқда. Ижтимоий тармоқларда самосуд, харидор ва сотувчи жанжаллари акс этган видеолар кунда-кунора тарқалмоқда.

Жамиятда бу ўзаро келишмовчиликлар илдизи қаерда, нега тадбиркор чек бермайди, муаммога ечим борми – ушбу саволлар юзасидан тадбиркорлар билан мунтазам ишлайдиган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га ўз фикрларини билдирди.

“Касалнинг сабаби билан эмас, асорати билан курашяпмиз”

— Жамоатчилик назоратини йўлга қўйишмоқчи, лекин бу жараёнда жамиятнинг аксарият қисми тадбиркорларга тенг имконият яратилмаганини билган ҳолда “уступка”га боряпти.

Битта шахс томонидан бир кунда ўнлаб дўкондан 1-2 минг сўмлик харидлар амалга оширилган ҳолатлар бор, мақсад – тадбиркор чек бермаслиги ва унинг устидан шикоят ёзиб пул ишлаш. Сиз ҳар куни 30та дўконга кириб, 1-2 минг сўмлик нарса сотиб олмайсиз. Эҳтиёжингиз бўлсагина сотиб оласиз.

Бу – салбий томони. Ижобий томони эса кўпчилик жаримадан қўрқиб чек уряпти. Бироқ аҳоли ва тадбиркор ўртасида келишмовчиликлар юзага келмоқда, бу ҳатто самосуд ҳолатларига ҳам сабаб бўлмоқда. Тадбиркорлик ўзи осон иш эмас ва уни доимий жаримага тушираётган одамни топса, эртага уни кечирмайди. Аввало, тадбиркор чек урмаслигининг сабаби нима деган масалага тўхталишимиз керак.

Солиқ юки…

— Бизда ҳолат шундайки, тагига олов ёқилган жойдан югурмасдан ўтиш талаб қилиняпти. Чек урадиган бўлса, қайсидир миқдорда солиқ юки ошиб кетиб қолади. 1 млрд сўмгача айланмадан солиқ тўлаётган тадбиркор, айланмаси 1 млрддан ошгандан кейин ҚҚС тўловчисига ўтиб кетади. Бу у учун солиқ юки 4-5 баробарга ошиб кетди дегани. Бу нарсадан қочиш учун тадбиркор чек урмасликка мажбур бўлади.

Айб балки одамларда эмас, механизм тўғри яратилмаганидадир? Ҳозир касалнинг асорати билан курашяпмиз, лекин у қаердан келиб чиқаётгани билан қизиқмаяпмиз.

Биз билан гаплашган тадбиркорлар айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб кетса, ҚҚСга ўтиб кетамиз-ку, шу чегарани 10 млрд сўм қилиб қўйинглар, ҳамма тўлайди дейишади. Ҳозирги кунда тадбиркорликда рақобат юқори бўлгани учун тадбиркор 4-5 фоизга ишлаяпти. 4 фоиз эмас, 2-3 фоиз қилиб қўйинглар, ҳаммасини тўлаймиз дейдиган тадбиркорлар ҳам бор. Мутахассис сифатида айтаман: 2 фоиз эмас, 1 фоиз қилиб қўйган тақдирда ҳам чек уришга тўлиқ эришилмайди. Одамлар 4 фоиз солиқ тўлашдан қочмаяпти, улар механизм нотўғри йўлга қўйилган деб ҳисоблаб ҚҚС тўловчисига айланишдан қочяпти.

Шундан қочяптими, демак тадбиркорга соғлом муҳитни яратиб беришимиз керак. Жазолаш механизми билан яхшиликка эришиб бўлмайди.

“Назорат ва текширувлар ҳаддан зиёд кўп”

— Биз солиқ маслаҳати ташкилотимиз ва бизга фақат иқтисодий жиҳатдан жабр чекканлар, яъни “молиявий касаллар” келади: ё солиқдан, ё бошқа иқтисодий муаммолардан шикоят қилиб келишади. Ноқонуний ишлаб тургандим, қонунийга ўтсам фалон-фалон ҳисоботи бор экан, “қизил”га (солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган солиқ тўловчи) тушса, ундай бўларкан, бундай бўларкан – шу пайтгача ноқонуний ишлаб тургандим, ҳеч ким индамаётганди, хотиржам ишлаётгандим, қонунийга ўтгач “қизил”га тушиб қолдим, текшириш келди, дейди.

Назорат турининг кўпайиши – солиқ юкининг ошиб кетиши омилларидан бири. Солиқ юки деганда солиқ ставкалари тушунилади. Бироқ аслида назорат тури кўплиги ҳам солиқ юкини оширади.

Ҳозирги кунда назоратлар шундайки, солиқ идораси тадбиркорни хоҳлаган пайтида текширади. Шундай ҳолатлар бор, бир даврда битта корхонага 3 марта камерал текширув чиққан. Охири корхона прокуратурага ёзди.

Ҳаммамизда одат бўлиб қолдики, беш йил олдингидан ҳозир яхши деймиз. Лекин текширувлар масаласига келсак, беш йил олдин ким қачон текширилишини биларди. Текширилишига яқин ҳужжатларини тўғрилаб қўярди. Тадбиркор олдиндан текширилишини билса, ўзини тайёрлайди, ҳужжатларини тўғрилайди. Қонуний тўғрилай оладиган жойини тўғрилайди, тўғрилай олмаган жойларининг ҳисоботини топширади. Бунинг нимаси ёмон?

Биз билан ишлайдиган тадбиркорларга яқинда ўзидан ўзи солиқ аудити эълон қилинди. Асос: “қизил”га тушибсан, “қизил” йўлакка тушганларни ҳам таҳлил қиладиган бўлсак, формула бўйича “қизил”га тушишдан мақсад солиқ тўламайдиган ноҳалол тадбиркорни аниқлаш эди. Ҳозир сиз товар сотиб оласиз, бир ойдан кейин сиз у товарни сотмаган бўлсангиз, “қизил”га тушасиз. Импорт қилдингиз, ҳеч кимга ҳисоб-фактура бермадингиз, инвойс орқали товарни олгансиз, уни сотадиган бўлсангиз, дастур бу товарни ҳисоб-фактура билан олмаган деб “қизил”га тушириб қўйяпти. Гап “қизил”га тушганида-ю, унинг хатолигида эмас, гап “қизил”га тушган тадбиркорни солиқ органи хоҳлаган пайтда текшириш имкониятига эга бўлиб қоляпти.

Текширишлар кўпайиб кетгани сари солиқ юки ошади, соғлом муҳит бузилиши натижасида бу ҳам чек бермасликка етиб боради.

“Чек бермасликнинг яна бир сабаби – нотенг рақобат”

— Айрим корхоналарга алоҳида имтиёзлар бор, ваҳоланки, Солиқ кодексида алоҳида имтиёзлар бериш мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Кимдир товар олиб кирганда барча солиқларни тўлайди, айрим корхоналар имтиёзлардан фойдаланиб товарларни бир неча баробар арзонроқ олиб киради. Бу ерда рақобат муҳити бузилади ва кучлар тенг эмаслиги натижасида имтиёзсиз товар олиб кирган корхона ё чек урмайди солиқ тўламаслик учун, ёки контрабанда қилиб бекитиб олиб киришга ҳаракат қилади.

“Харидорга чек бермаса ҳам, кассага урса бўлди, жарима тўламайди”. Аслида ҳам шундайми?

— Солиқ қўмитаси тадбиркор харидорга чек бермаса ҳам (яъни харидор чекни олмай чиқиб кетса) жаримага тортилмайди, кассага урса бўлди деган позицияда турмоқда. Аммо солиқ органи “ҳа, ноқонуний қиляпмиз” демайди-ку, улар қонуний позициясини гапиряпти. Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди: сотувчи чек бердим-ку, яна нима керак деяпти. Дўконда жанжал келиб чиққан.

Ўзимда ҳам мисол бор. “Чек бермаган, аммо кассага урганларга ҳеч нарса демаймиз” дейдиганларга видео сьёмкасигача бор. Сотувчи харидорга чек берди, иккинчи марта келди, яна чек берди, яна айланиб келди, яна чек берди, “минг сўм қайтимига маска бериб юборинг” деди, сотувчи шунга ҳам чек берди, лекин олмай чиқиб кетди. Солиқ органи кетидан кириб келяпти, “чек бермадинг” деб. Сотувчи касса аппаратдан кўрсатяпти: мана, кассага урдим деб. “Йўқ, сен қўлига чек бермадинг” деб, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича (унга ҳам алоҳида жарима кўзда тутилган-да) жарима қилиб кетишди.

Солиқ органи қонун бўйича қанақа баёнот бериши керак бўлса, шунақа баёнот беради, ўзини оқлайди. Чек чиқарса жарима қилмаймиз деган одамларнинг балки ўзи шунақа қилмаётгандир, лекин амалда чек чиқарганга ҳам “барибир жаримани тўлайсан, устингдан шикоят тушган” деб келишяпти. Бизда нечта-нечта мисоллар бор. Махфийлик нуқтайи назаридан тадбиркор “ҳа, айтавер” демагунча, бу ҳолатлар манбаларини ошкор қилолмаймиз. Лекин аниқ фактлар бор.

“Ҳужжатлаштириш жуда ҳам кўпайтириб юборилган”

— Оддий мисол, айланмадан солиқ тўловчи. Ҳозир МХИК (маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди) чиққан, ҳар бир товарингнинг коди бўлсин дейди. Лекин айтайлик, якка тартибдаги тадбиркор, уйидаги чойнагини олиб чиқиб сотишга ҳам ҳаққи бор. Тадбиркор сотган нарсасининг солиғини тўласин, бўлди. Солиқ органига ҳар бир сотган нарсасининг ҳужжати керакми ёки тадбиркор тўлаган солиқ керакми? Нақдга олиб келиб сотаётган нарсасини қандай қилиб расмийлаштиришни ўргатайлик, бўлди.

“Ўрикзор”дан шоколад олиб келиб сотяпти, солиқ органи “ноқонуний товар сотяпсан, кирим қилмаган товарингдан 20 фоиз жарима қиламан”, дейди ва ҳоказо. Эртага чек урмаслиги ҳам шундан келиб чиқяпти: буни нақдга сотиб олганман-ку, унинг ҳужжатини кўрсатиб беролмайман, дейди тадбиркор. Ундан кўра, тушунтириб қўяйлик: бозордан олиб келяпсанми акт тузиб қўй, сотавер. Ҳисобингга пул тушдими, нақд керак бўлса, ол-да, қаердан товар олсанг ҳам кирим қилиб қўй-да, сотавер.

Буни ўргатиб қўйсак ҳам, айрим инспекторлар келиб барибир штраф қиламан деяпти. Тадбиркор жаримадан, солиқ органи ходимлари билан конфликтга боришдан қочади ва бу охири коррупцияга ёки чек урмасликка олиб келади.

Бир статистика бор: Тошкент шаҳрида 2691 нафар шахс томонидан QR-код орқали чек бермади деган шикоят қолдирилган. Шунча одамдан 14 115та шикоят қолдирилган, бу битта одам ўртача 5та шикоят қолдирганини англатади. Шундан 68745таси такрорий, битта дўконга қайта-қайта берилган шикоятлар. Битта корхонага 3 ой ичида 32 марта шикоят тушган, 80 миллион сўм жарима тўлаган. Демак, битта дўконга 10 марта текширув келган. Солиқ органидаги ходимлар билан бўладиган ҳар қандай (қонуний ёки ноқонуний) контакт – тадбиркор учун нохуш ҳолат ҳисобланади.

“Тадбиркор арзимас суммадаги харидга чек бермасликдан манфаатдор эмас”

— “Халқ солиқларни қанча тўлай олишини эмас, доимий қанча тўлай олишини ўрганишимиз керак” деган гап бор. Биз халқ доимий қанча солиқ тўлай олишини ўрганмаяпмиз. Чек урмасликка сабаб – доимий солиқ тўлай олмасликми, демак, муҳитни тўғрилаб беришимиз керак.

Чек бермасанг, жарима қиламиз дейиляпти, лекин тадбиркор доимий жарима тўлаб ишлолмайди. Оёғининг таги қизиб турибди, лекин югуриб ўтма дейиляпти, ваҳоланки у ердан югурмасдан ўтиш иложсиз. Юриб ўтсанг жарима қиламан деса, тадбиркор бу қонуний йўлдан юрмай қўя қолади.

Доимий жазолаш билан мақсадга эришолмаймиз. Муҳитни яхшилаб беришимиз керак. 1 сўмлик харид бўлса, 1 сўмга, 500 сўм бўлса, 500 сўмга чек уриб бер деб талаб қилиняпти. Тўғри, уриб бериши керак, лекин савдо зўр бўлиб турган, ҳамма ишдан қайтаётган тиғиз пайтда, тўхтамасдан савдо бўлади: кимдир битта нон олиб, кассага навбатда туриб ўтирмай “ака, битта нон олдим” деб пулини ташлаб кета қолади, сотувчи унга чек уришга улгурмайди.

Тадбиркор билади, 50 минг ё 100 минг сўмлик чекни урмаса, 2,5 млн сўм жарима тўлайди – демак, у 50-100 минг сўмлик чекни урмасликдан манфаатдор эмас. Тадбиркор арзимас суммадаги харидларда солиқдан қочиб, фойда ололмайди. Бу борада, эътиборга олмаслик фоизини белгилаш керакдир балки. Масалан, кассадаги фарқ 50 минг сўмгача бўлса, “улгурмадим” деса бўлади, ундан ортиқ ҳолатларда “сен солиқ тўлашдан бўйин товлаяпсан” десак, сал мантиққа тўғри келади.

Менимча, солиқ органи савдо ҳажмига нисбатан 5 фоизгача миқдорда чек бермаслик ҳолатларига қасддан қонунбузиш деб қарамаслиги мақсадга мувофиқ. Чунки минг сўм, 5 минг сўмдан келиб чиқадиган айланмадан солиқ 40 сўм ё 200 сўм атрофида бўлиши мумкин, бунақа 40-200 сўм солиқдан қочиб, ҳеч ким 2,5 млн сўмлик жарима рискига бормайди.

“Тадбиркорга нима қулайроқлигини ўзидан сўрайлик”

— Яна бир таклифим – йиллик айланмаси 1 млрд сўмга етганда ҚҚС тўлашга ўтишни ихтиёрий қилиб белгилаш. Чакана савдо дўконларига солиқ режимини танлаш ихтиёрий бўлиши керак. Ҳозир мажбурий, шу сабаб ҳамма қочишнинг ҳаракатини қилади. Ихтиёрий қилинса, тадбиркор ўзи танлайди: ҚҚС тўлаш фойдалироқ бўлса, ҚҚСга ўтади, айланмадан солиқ фойдалироқ бўлса, шунда қолади. Ҳозир расмий айланмам ошиб кетса, бошқа солиқ режимига ўтиб кетаман деб, шундан қочяпти тадбиркорлар. Ёки мажбурий бўлса ҳам, чегарани 10 млрд сўм қилиб қўйиш керак.

Социологик ўрганишлар қилганимизда, тадбиркорлардан сўраганмиз: Нима қилса, солиқ тўлайсан? Кўплаб тадбиркорлар: “Менга тегмасин, мен солиғини тўлайман” деган. Биринчи нарса шу: “Менга тегмасин, фалонча солиқ тўлагин десин бўлди, мен тўлайман”.

Бизда унақа эмас, “фалонча солиқ тўлагин”дан ташқари ҳужжатинг қани, кириминг қани, счет-фактуранг қани, охирги пайтларда ҳатто бухгалтерияга тегишли бўлмаган ҳужжат – “накладной”инг қани деб сўрашяпти. Юк хати аслида бухгалтериянинг ҳужжати эмас, у йўлга бериладиган хат. Бизда юк хатинг йўқ бўлса, демак “обнал” қилгансан деб, битта вергули тушиб қолган бўлса, “обналчи”га чиқариб қўйишяпти.

Фақат жазолайверишдан қочишимиз керак. Имконият берайлик, одамлар нимани хоҳлаяпти. Давлат солиқ қўмитаси фаолият турлари бўйича сўровномалар ўтказсин. Чакана савдо билан шуғулланаётганлардан, масалан, қайси солиқ тури сенга фойдали деб сўрашсин. Тадбиркорлар нима хоҳлаётганини билиб, ўша хоҳлаётган нарсасини қонуний қилиб берайлик. Агар шунда ҳам қонунни бузса, унда: “Сен атайлаб солиқ тўлашдан қочаркансан-да” деб жазоласак бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид