Жаҳон | 10:12 / 18.05.2022
18001
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда «аксилтеррор операцияси» эълон қилинди

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги кеча уюшган жиноий гуруҳ аъзолари мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида бевосита Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан чегара чизиғида Душанбе-Кўлма автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берди.

Фото: ТАСС

Zakon.kz’нинг Тожикистон расмий маълумотига таянган ҳолда ёзишича, жиноятчилар «халқаро террорчилик ташкилотлари кўмагида мамлакатдан ташқарида қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олган, шунингдек, террорчилик ҳужумлари ва бошқа провокация ҳаракатлар учун хорижий ёлланма аскарларни жалб қилган».

Магистраль йўлда ҳаракатланишни тиклаш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари аксилтеррор операциясини бошлади.

Айрим оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳақиқатда Рушон туманида ҳукумат қўшинлари ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Хоруғ йўлини тўсиб қўйган аҳоли ўртасида тўқнашувлар бўлган. Тўқнашувларда бир неча киши жароҳатлангани айтилмоқда.

14 май куни Хоруғ шаҳрида бир неча юз киши вилоят раҳбари ва шаҳар ҳокимининг истеъфосини талаб қилиб митингга чиққан эди. Расмийлар истеъфо масаласини кўриб чиқишдан бош тортди ва намойишчиларнинг ҳаракатлари терроризм сифатида баҳоланишини таъкидлади.

Мавзуга оид