Спорт | 17:59 / 21.05.2022
43536
9 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» собиқ хўжайини — Ўзбекистонни УЕФАга ўтказишни хоҳлагани, Это’Онинг «Интер»га ўтишида сабабчи бўлгани ҳақида

Миродил Жалолов – халқ ичида Одилбой бўлиб танилган бу инсонни футбол мухлислари «Бунёдкор» клуби асосчиси, Ривалдо, Зико ва Сколари сингари юлдузлар билан боғлашади. Илк марта катта интервьюсини Kun.uz сайтига берган таниқли тадбиркор суҳбат давомида «Бунёдкор»нинг шов-шувли трансферлари, ўз вақтида «Рома», «Валенсия»ни сотиб олмоқчи бўлгани, юлдузларга қанча маош бергани ҳақида гапирди. 

- «Бунёдкор» лойиҳаси нима учун қилинган эди: халққа томоша кўрсатишми, «Зеромакс» компаниянгизни танитишми, Ўзбекистонда футболни ривожлантиришми ёки шунчаки кўнгилхушлик?

- Футболга жуда ҳам қизиқаман. Ўз вақтида футбол ўйнаганман. Футбол тўғрисида кун бўйи гапиришим мумкин. «Бунёдкор» клубига келсак, биласизми, 2004, 2005, 2006 йиллар менга «Рома»ни 220 миллион еврога сотиб олиш таклифи бўлди, «Валенсия»ни 180 миллион еврога, «Мальорка»ни 65 миллион еврога сотиб олиш таклиф қилишганди. Аммо биз ўзбек футболига пул тикишга қарор қилганмиз. Ҳеч қандай томоша ёки спорт тури йўқки, икки соат ичида юз минг томошабинни бир жойга йиғса. Бутун халқ футболга тушиб, ютса хурсанд, ютқазса сўкиб, жаҳли чиқиб бўлса-да ғуборидан чиқади. Ўша пайт катта корхонамиз ишчиларига томоша қилиб беришни истаганмиз. Битта факт – жамоа ютса корхонамизда бир ҳафта иш суръати ошарди, ютқазса, иш суръати тушарди. 

Фото: KUN.UZ

Жамоани нолдан ташкил қилганмиз. Россия, Украинадаги футболчиларимизни ортга қайтаргандик. Футболни оммалаштиришнинг йўлларидан бири юлдузларни таклиф этиш эди. Шу боис Бразилия, Чили ва бошқа мамлакатлардан яхши савиядаги ўйинчиларни таклиф этганмиз. Луизао, Вильянуэва сингари яхши савиядаги ўйинчилар ўз юртида кўп жароҳат олишса-да, бизга келиб яхши савияни кўрсата олишганди. 

- «Бунёдкор»даги харажат ва натижалар қанчалик ўзини оқлади?

- Европада кўпгина клублар бор, уларда раҳбарлар сайланади, натижалар эвазига ўз-ўзини таъминлайди. Футболда даромад қилиш эмас, ўз-ўзини қопласа бу катта нарса. Агар клубни эгаси тадбиркор бўлса, буни ўз имтиёзлари бўлади. 

«Бунёдкор»га Это’О келганди ўйнайман деб. «Самуэль сенинг потенциалинг катта, бизнинг Осиё футболи эса ҳали унақа ривожланган эмас. Мен пулни қизғанмайман, аммо сен Европада ўйнашинг керак», дедим. 

Фото: Бунёдкор

Самуэль Это’О – яқин дўстим, қадрдоним. Ўшанда у ўзи таклиф билан келди. У 2008 йил «Барса»га Гвардиола келгач, Это’О, Роналдиньо унинг ўйинига тўғри келмагач, Самуэль Тошкентга учиб келди. ОАВлар «Бунёдкор» бу футболчини 45 миллион еврога сотиб олаяпти деб гап-сўзлар тарқатишди. 

Ўшанда Это’О йиллик 4 миллион евро маош сўраганди. Унга «Мен бу пулни сендан қизғанмайман, шунчаки сенинг потенциалинг катта, яна 2-3 йил бемалол юқори даражада ўйнайсан», дедим. 

Фото: Бунёдкор

Кейинчалик ўз ишларим билан Европага бордим, у ерда «Интер», «Барселона», «Бавария» президентлари билан кўришдим. Уларга Ўзбекистонни УЕФАга аъзо қилиш бўйича таклиф билан бордим. Улар билан суҳбат орасида «Это’О «Бунёдкор»га ўтаман деяпти, шунга нима дейсизлар?», дедим жўртага. Шу билан улар «яхши, кўриб чиқамиз», дейишди. Аммо Это’О Ўзбекистонга келса, унинг имижи учун яхши эмасди. Ўшанда улар «Это’Ога қанча бермоқчисиз?» дейишди. Ўзимча тахминан «30 миллион евро бераман», деб қўйдим номига. 

Кечроқ эса ресторанда овқатланнимиздан кейин Это’О меҳмонхонага келиб, қучоқлаб олди. «Нима бўлди?» десам, «Массимо Мората «Интер»га 30 миллион еврога сотиб олди», деди. Ойлигимни 8 млн евро қилиб берибди. Шунга сабабчи бўлиб қолгандим. Қизиғи, кўп ўтмай «Интер» ЕЧЛ яримфиналида «Барса»ни ютиб, якунда Чемпионлар лигаси ғолиби бўлганди. 

Ривалдо масаласига келсак, у Ўзбекистонга келишдан аввал Грецияда ўйнарди. У билан йилига 6 миллион евро маошга гаплашгандик. Ривалдо билан 2011 йилга қадар 3 йиллик шартнома қилган эдик. Уни қария дейишганди, аммо ҳамма кўрди – икки марта энг яхши тўпурар бўлди. Ўйинимизни умуман ўзгартирди. У ўзини оқлади. 

- «Бунёдкор»нинг сўна бошлаши – бу қарор ва лойиҳа якунини ким қандай қабул қилган?

Фото: KUN.UZ

- Оғир бўлган. «Бунёдкор»да 15 йиллик режамиз бор эди. Унга кўра академиялар бўлиб, «Барселона»дан 4 нафар менежер келиши лозим эди. «Барселона» фалсафаси шундаки, кичкина одам, ўзидан катта одамни юта олади. «Барса» иштирокидаги ўйинлар, финаллар ҳаммамизнинг ёдимизда. «МЮ»га қарши «Уэмбли»даги финал ёдингиздами? «Юнайтед» ҳатто битта бурчак тўпи тепмаган. «Барса» очиқ футболда тенги йўқ жамоа эди. 2009 йил Римдаги иккинчи ўзаро финалида ҳам бўлганман, ўшанда ҳам «Барса» «МЮ»ни яққол устунлик билан ютган. «Бунёдкор»га «Барса»нинг энг яхши жиҳатларини олишга интилганмиз. 

Қора кунлар? Активларимизни давлат ихтиёрига ўтказган эдим, ўшанда «Бунёдкор» ҳам давлат балансига ўтганди. Албатта, оғир бўлган. Ҳозирга келиб, академияси ишлаяпти, стадион бор, мухлислари ҳам бор, жуда кўп бўлмаса ҳам. Футбол керак барибир. 

- Яна шунга ўхшаш лойиҳа бошлаш ниятингиз борми? 

- Насиб қилса, албатта бор. Ишларни бошлаб олиб, юргизиб олсак, яна битта янги клуб ташкил қиламиз. Шуни аниқ биламан, чемпионат қанча кучли бўлса, миллий жамоа шунча кучли бўлади. 

- ЖЧга чиқиш йўлида футболимизга нима етишмаяпти?

- Омад! 2014 йил озгина омад етишмади. Ўзи жаҳон чемпионатига чиқиш устивор вазифа бўлмаслиги керак. Чунки миллий жамоа йилига 6-7та ўйин ўтказса, Суперлигада 14та клуб бўлса, 26-30та ўйин ўйнайди. Футболимизга ҳужумкор ўйин керак. Бизда қанчалик хоҳласак-да, ҳимоявий ўйнаш қийин. Араб, япон жамоаларини техник футбол эвазигагини мағлуб этишимиз мумкин.

Мана ҳимояга урғу бериб кўрдик, Эктор Купер келди, яхши мураббий, қарши ҳужумда ўйнади. Аммо бундай ўйнаш учун ҳимоя кучли бўлиши керак. Акс ҳолда ҳимоя бардош бера олмайди. 

Футбол келажаги – миллий жамоалар эмас, клублар футболи. Глобаллашувни кўраяпмиз, 30-40 йил ўтар, биз кўрмасмиз, невараларимиз балки кўрар ўша замонни. Ички чемпионат кучли бўлса, миллий жамоа кучли бўлади. ЖЧларга бора олмаганимизга кўпинча омад камлик қилди, гоҳида ҳакамлар ноҳақлик қилишди. 

- Сречко Катанец ҳақида... 

- Бу мураббий ҳақида тасаввурим йўқ, унча билмайман. Масалан, Сколари ҳақида гапиришим мумкин. Позицион ҳужумда кучли мураббий. Ютқазаётганда эса нима қилишни билмай қолади. Моуриньо – захирадаги футболчилар эвазига ўйинни ўзгартириб юбора олади. 

- «Бунёдкор»даги хато ҳақида...

- Зико ҳақида ҳам кўп гапиришим мумкин. 2008 йил ОЧЛ яримфиналида «Аделаида»га ютқазганимиз менинг айбим билан бўлган. Ўшанда бош мураббий Зико менга «ҳимоявий ўйнаб, қарши ҳужумдаги имкониятлардан урамиз. Жавоб ўйинида эса уйда ҳужумкор ўйнаб, ютамиз», деганди. Мен эса Чапаевга ўхшаб, «олдинга, фақат олдинга» деявердим. 0:3 ҳисобида ютқазгандик. Ўйинчиларни эмас, Зико эмас, менинг айбим бўлганди. Фақат ҳужумга ўтинглар, деб хато қилганман. Қарши ҳужумда голлар ўтказиб юборганмиз. Уйда кичик ҳисобда ютган бўлсак-да, бу финалга чиқиш учун етмаган», - дейди «Бунёдкор» собиқ хўжайини Миродил Жалолов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид