Ўзбекистон | 10:01 / 21.05.2022
16094
2 дақиқада ўқилади

ДХХ томонидан Гулистонда ноқонуний майнинг фермалар аниқланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ҳамда ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний майнинг фермалар фаолиятига чек қўйилди.

ДХХ хабарига кўра, Гулистон шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс вилоят марказидаги нотурар бинолардан бирини ижарага олиб, яширин равишда электр тармоғига уланган ҳолда майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида давлатга қарийб 532 млн сўм миқдорида зарар етказган. Текширув давомида 19 дона майнинг қурилмаси ҳамда бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди. 

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро Гулистон шаҳрида жойлашган ва ўзининг отасига тегишли бўлган МЧЖ биносида майнинг қурилмаларини ўрнатган ҳолда жорий йилнинг февраль ойидан буён 40 минг АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлаб чиқаргани маълум бўлди. 

Текширув давомида у майнинг соҳасида фаолият амалга оширганда фойдаланиладиган электр энергияси учун тўловларни тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўламасдан, давлатга 134 млн сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқланди ҳамда 148 дона майнинг қурилмаси процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. 

Ҳар икки қонунбузар ҳаракатига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади ДХХ хабарида.

Мавзуга оид