Жамият | 14:32 / 24.05.2022
24108
10 дақиқада ўқилади

Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаш тизими қандай ишлайди?

Ўзбекистонда 2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 40 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Афсуски, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилган.

Getty Images суратидан фойдаланилди.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, нафақат бу ҳуқуқларни таъминлаш ҳақида, балки бу муаммо қай даражада долзарблигини тушунтириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада қуйидаги рақамларнинг ўзи катта маънога эга: 2021 йида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 39 343 та мурожаат келиб тушган ва шунча хотин-қизни ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.

Зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойга мурожаат қилиши, уларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур эканини инобатга олсак, ҳақиқий рақамлар бундан анча юқорилигини англаш мумкин.

87 фоиз аёл яқинларидан жабр кўрган

Гуруҳларга бўлинганда: 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлари аниқланган. Энг ёмони, зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.

Демак, бир йилда тахминан 40 мингга яқин аёл зўравонлик ва тазйиққа учраб ҳимоя ордери олишга мажбур бўляпти, уларнинг 87 фоизи ўз яқин(лар)и жабридан паноҳ сўраган.

Аслида, ҳар ой ёки бир-икки ойда бир неча марта ижтимоий тармоқларда ўғил туғмагани, кўп овқат егани ёки бошқа сабаблар билан эзилган аёллар ҳикоялари тарқалади, омма эса икки томонга ажралиб муҳокамаларга тушиб кетади.

Умуман, аёллар ҳуқуқлари мавзуси нима сабаб билан кўтарилганидан қатъи назар, бу муҳокамаларни ёқтирмайдиган ва низоларга аёлнинг ўзи ҳам сабабчи эканини уқтиришга уринадиганлар кўплаб топилади.

Буни тушуниш учун қиз бўлиб туғилиш керак

Шаҳноза Соатова, аёллар ҳуқуқлари фаоли / Фото: Kun.uz

Блогер Шаҳноза Соатова хотин-қизлар ҳуқуқлари критик даражада ҳимояга муҳтожлигини инкор этувчиларга жавобан, жамиятда аёллар дуч келаётган адолатсизликни ҳис этиш учун аёл бўлиб туғилиш ва бу тенгсизликни ўз танасида ҳис этиш кераклиги ҳақида пост қолдирди.

“Биз нима учун ўзбек жамиятида “аёллар ҳуқуқи” деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?

Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб туғилиш керак.

Шаҳарга ўқишга ё олимпиада-семинарларга хорижга кетиш учун кечалари ухламай “ишқилиб рухсат беришсин” деб Оллоҳдан илтижо қилиб чиқиш керак.

Келин бўлиб кўриш керак. Қўлингга битта узукни маҳр деб тутқизиб, ота-онанг емай-ичамай, қизим тинч бўлсин деб 5-10 минг долларга қилган сепидан айб топишларига чидашинг керак.

Эрингдан бунга қарши бир оғиз эътироз кутма, ўша пайтда у кар-кўр бўлиб олади.

Туғруқхонада тўлғоқдан суткалаб азоблансанг-да, врачлар “кесарча кесайлик” деганига қайнонанг ва эринг рухсат бермаса, ўз танангга ўзинг эга чиқолмай, минг азобда охири кўзинг ёриганда боши қаттиқ лат еган ногирон фарзандни қўлингга тутқизишса, “касалманд бола туғдинг” деб таъналарга кўмишса, овоз чиқармай кўзёшларингга кўмилишинг керак.

Эринг билан бирга нонушта қилганинг учун қайнонанг додингни берганида, кечқурун ишдан қайтгач унга табассум қилишга ҳам қўрқиш нималигини туйишинг керак.

“Нуқул хўмрайиб кутиб олади” деб устингга хотин олганида эса, кўнишинг керак.

Кўниб ҳам бирон марта эрингга “икки хотин аро адолат қил” демаслигинг лозимки, ё мушт тагида қоласан, ё жавобингни оласан.

Мабодо ишлашга рухсат беришса, иш кунинг соат 6 да тугаса-да, соат 6 яримда кечки овқатинг пишмаса, тамом. Лекин ойлигингни тийинигача олиб қўйишлари мумкин.

Ишхонангда эса сени “бу аёл, туғади, боласи касал бўлади” деб лавозимларга лойиқ кўрмасликлари мумкин.

Шундай яшаб, чидаб, охири яхши қайнона бўлолмасанг, фақат ўзинг айбдорсан.

Бунга чидамай, ажрашсанг ҳам сен айбдорсан.

Умуман, сен ҳар доим айбдорсан.

Буни гапирсанг, айбдорсан.

Жим турсанг, айбдорсан.

Кетсанг, айбдорсан.

Қолсанг, айбдорсан.

Эркаклар, ҳамма масъулият менда, сен уйда ўтир, итоаткор бўл деган эркаклар бу ҳолатни ўзгартирмасалар, ислоҳни ўзларидан бошламасалар, Исломдан ҳам, анъаналардан ҳам фақат ўзларига ёқадиган томонларини олиб, омухта ва қулай бир тутумларни яратиб олган бўлсалар, бу тутумлар оналари, опа-сингиллари, қизларига ҳам зарар етказишини билиб ҳам, вазиятни ўзгартирмасалар, чидайсан!

Тушунмайдиларки, ҳар қандай исёнлар зулм ортидан келиб чиқади. Исёндан кейин ҳаммаси баттарроқ бўлиши мумкин, аммо исён қилувчилар аҳволни яхшилаш учун эмас, ҳолатга чидай олмаганларидан дод демоқдалар...

“Гендер тенглик” деса сакраб тушаётган, аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганларга турли ёрлиқлар илаётганлар, Сизлар оқибат билан курашяпсизлар.

Сабабларни ҳам кўринг, адолат қилинг!”

Изоҳларда ҳамма оилада ҳам бундай вазият эмаслиги, аёл кишини ҳурмат қиладиган оилалар кўплиги ҳақида фикрлар билдирилган. Тўғри, шундай: бахтли оилалар кўп. Лекин бу атиги бир йил ичида тазйиқ ва зўравонликка учраган 40 минг аёлнинг дардини ҳеч ким айтмаслиги керак дегани эмас ва улар учун ҳам кимдир гапириши керак.

Зўравонлик қуйидаги шаклларда рўй бериши мумкин?

  • жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш;
  • жисмоний зўравонлик – жисмоний ҳаракатлар орқали ёки шундай таҳдидлар билан хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлигига хавф солиш;
  • иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
  • руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш кабилар.
  • тазйиқ — бирор турдаги жавобгарликка сабаб бўлмайдиган, бироқ хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.

Агар ушбу таърифлардаги ҳолатлардан бири юз берса, демак, зўравонлик ёки тазйиқ содир бўлган деб ҳисобланади.

Олдинги йилгидан кўпроқ ҳимоя ордери

Ҳимоя ордери мурожаатчи вазияти ўрганилиб, профилактика инспектори томонидан 24 соат ичида 1 ой амал қилувчи муддатга берилади. Бу пайт давомида ордер олган шахс ҳимояда бўлади ва унга нисбатан ножўя ҳаракат содир этилишига йўл қўйилмайди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, аёллар реабилитациясини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Қаҳҳоровнинг маълумот беришича, 2021 йилнинг биринчи 3 ойида 11 070 та ҳимоя ордери берилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи 3 ойида 13 849 та одамга ҳимоя ордери берилган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид президент фармонида ҳимоя ордери суд қарори билан бир йилга берилиши мумкинлиги белгиланди. Ҳозир тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Реабилитация марказлари

Баҳодир Қаҳҳоровнинг маълумот беришича, зўравонликка дуч келган хотин-қизларни жойлаштириш учун республикада аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича 29 та марказ мавжуд. Бу марказларга аёллар ҳолати ўрганилиб, жойлаштирилади.

Марказларга боришга жойи йўқ ёки бошқа оғир вазиятга тушган аёллар жойлаштирилади. Уларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилади, деб маълумот берди қўмита расмийси.

Фарғона тажрибаси йўлга қўйилади

Маълум бўлишича, Фарғонада янги тизим йўлга қўйилиши режалаштириляпти. Бунда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг фақат ўзлари билан эмас, уларнинг оила аъзолари билан ҳам ишлашади.

Ҳар бир туманда ижтимоий маслаҳат хоналари ташкил қилиниб, уларда психолог, юристлар фаолият юритиши режалаштириляпти.

“Мурожаат қилган аёл зўравонлик таъсиридан чиққандан сўнг унинг оила аъзолари билан ҳам ишлаш бошланади. Аксар ҳолатларда аёлларнинг оилада тазйиқ ва зўравонликка учрашига сабаб ўзаро келишмовчилик ва йўқчилик бўлади. Агар аёлнинг оила аъзолари ишсиз бўлса, уларни касбга ўқитиш ва ишга йўналтиришга ҳаракат қиламиз”, деди қўмита расмийси.

Баҳодир Қаҳҳоровнинг айтишича, бу тажриба 1 июндан Фарғонада қўллаб кўрилади. Агар бутун оила билан ишлаш тажрибасидан ижобий хулоса олинса, унда бутун республикада шу йўналишда ишлашга ўтилади.

Лекин ҳудудларда касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш осон битадиган иш эмас. Буни миграциядан қайтган аёллар бандлигини таъминлашдаги камчиликлар мисолида кўргандик.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъули ишга йўналтиришда, касбга ўқитишда ҳудуднинг ҳолати ва у ердаги талабни ҳисобга олишга ҳаракат қилинишини билдирди. Натижани эса тажриба қўллаб кўрилгач, вақт кўрсатади.

Ҳимоя ордери ҳам, реабилитация марказлари ҳам вақтинчалик, улар хотин-қизларни доимий ҳимоя қилиш имкониятини бермайди. Аёлларга ўз ҳуқуқларини таништириб бориш, уларнинг таълим олиши ва иш билан бандлигини ошириш каби тизимли ёндашувлар керакдир.

Юқорида маълумот берилганидек, моддий етишмовчиликлар ҳам оилаларда низолар ва зўравонлик ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлади. Бунинг ечими эса бир қарашда оддий, амалга ошириш эса осон бўлмаётган эркин бозор иқтисодиётини қуриш ва инклюзив иқтисодий ўсишга бориб тақалади.

Бу борада ишлаётган ташкилотлар таҳлилларни, аҳоли орасида турли сўровларни кўпайтириши, аҳоли, умуман, хотин-қизлар эҳтиёжини кўпроқ ўрганиши талаб этилади.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид