Жамият | 14:05 / 26.05.2022
16427
2 дақиқада ўқилади

Бахмал туманида уч кунда иккита қотиллик содир этилди

Жиззах вилояти Бахмал туманида оилавий можаролар туфайли уч кунда иккита қотиллик содир этилган

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 13 май куни Бахмал тумани «Гулбулоқ» МФЙда яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро яшаш хонадонида хотини билан жанжаллашган.

Бундан хабар топган аёлнинг қариндошлари келиб жанжалга аралашган. Томонлар ўртасида келиб чиққан муштлашувда келиннинг укаси йигитнинг отасига теша билан жароҳат етказган. Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, қишлоқ врачлик пунктида вафот этган.

Яна бир ҳолатда, 2022 йил 17 май куни Бахмал тумани «Бунёдкор» МФЙда яшовчи шахс шу маҳаллада яшовчи акасининг хотинига хўжалик пичоғи билан тан жароҳатлари етказган. Оқибатда аёл кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Қайд этилишича, юқоридаги иккита ҳолат бўйича қасддан баданга оғир тан жароҳатлари етказиб, инсон ўлимига сабаб бўлган ҳар иккала шахсга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид