Ўзбекистон | 19:19 / 27.05.2022
7533
2 дақиқада ўқилади

“Фермерлар биржа савдоларида фаол иштирок этиши керак” – Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов

Савдо-саноат палатаси томонидан уюштирилган навбатдаги бизнес-нонуштада Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов фермерларни биржа савдоларига қизиқтириш кераклиги ҳақидаги таклифни илгари сурди.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масаласида кўплаб муаммолар бор, аммо биз мавжуд муаммолар олдида ожиз қолмаслигимиз, экспорт миқдорини янада кўпайтириш йўллари ҳақида ўйлайверишимиз лозим. Таклифим – фермерларни биржа савдоларига жалб қилишимиз, бу учун фермерларга биржа савдолари ҳақида тушунча беришимиз, уларни биржага қизиқтиришимиз лозим. Биржа савдоларида иштирок этиш фермерларга:

  • ўз ишларини режалаштириш имконини беради,
  • фючерс савдоларига йўл очилади,
  • ишлаб чиқариш ва сақлаш тизимлари ишлаши узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.

Аммо бундан келадиган асосий фойда – бутун тизим шаффофлашади. Тизим шаффоф бўлса, кўп енгилликларга эга бўламиз.

Бундан ташқари, нафақат экспорт, балки импорт соҳасида ҳам биржадан фойдаланишга ўтишимиз керак. Ўзимнинг биржа савдоларида 20 йиллик тажрибам бор, амалдаги трейдерман. Ҳозирда қўшни давлатлардан буғдой сотиб олишда мазкур импорт биржа орқали амалга оширилганда бир неча енгиллик бериляпти. Лекин бу енгилликларни контрагентларимиз тезда ҳис қилиб, нархни кўтариб олишяпти ва республика тадбиркорлик субъектларига берилган енгилликларни йўққа чиқаряпти. Шу учун нарх механизмини очиқ-ойдин кўрсатадиган бўлсак, шаффофлаштирсак, эркин нарх шаклланишида биржа механизмини янги қонунлар билан қувватласак, мамлакатимиз иқтисодиёти тезроқ одимлашига ёрдам берган бўлардик” – деди Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов.    

Мавзуга оид