Ўзбекистон | 20:39 / 27.05.2022
18036
2 дақиқада ўқилади

“Ипотека банк” фуқаролардан асоссиз устама ундириб келгани маълум қилинди

Айрим тижорат банклари электр энергияси ва табиий газ учун банк ёки почта кассалари орқали тўловлар амалга оширилганда, истеъмолчилардан ноқонуний равишда комиссия пули олиб келган. Аслида ушбу устама ҳақи таъминотчи ташкилотлар томонидан тўланиши лозим бўлган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълум қилди.

Фото: Ипотека банк

Ижтимоий тармоқларда электр энергияси ва табиий газ учун банк ёки почта кассалари орқали тўлов амалга оширилганда, асоссиз равишда комиссия пули олиб қолинаётгани юзасидан эътирозлар билдирилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказилган.

Аниқланишича, “Ипотека банк” вилоят филиаллари томонидан аҳолидан коммунал хизматлари учун тўловларни банк кассалари орқали амалга оширилганда, ушбу тўловлар суммасига нисбатан, қўшимча 2 000 сўм комиссия пули ундириш ҳолатлари кузатилган.

Таҳлил натижаларига кўра, мазкур банкка нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилардан ундирилган маблағларни белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиб бериш бўйича кўрсатма берилган.

Вазият юзасидан Молия вазирлигидан олинган хулосага кўра, аҳоли учун белгиланган электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари банк хизматлари харажатларини инобатга олган ҳолда шакллантирилган. Шунга мувофиқ, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” тижорат банклари билан келишув битимини имзолаб, банк хизматлари учун устама ҳақини ўз тушуми ҳисобидан амалга ошириши лозим бўлган. Аммо таъминотчи ташкилотлар билан тижорат банклари ўртасида келишув битимлари тузилмаганлиги сабабли, истеъмолчилар бир хизмат учун икки маротаба ҳақ тўлашга мажбур бўлишган.

Шу билан бир қаторда, айрим тижорат банклари устама ҳақни таъминотчи ташкилотлардан шартномалар асосида қоплаб келаётган бўлишига қарамасдан, қўшимча равишда истеъмолчилардан ҳам тўловлар ундириб келган.

Мавзуга оид