Ўзбекистон | 21:21 / 30.05.2022
17430
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат орган ходимларининг тасвирини ғаразли ниятда интернетга жойлаганларни жаримага тортиш ва қамашни таклиф қилмоқда

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фото ва видеосини уларни обрўсизлантириш мақсадида тарқатганлик учун 50 БҲМ жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси белгилашга оид қонун лойиҳаси парламент фракцияларида муҳокама қилинмоқда. Бешта партиядан учтаси лойиҳага қаршилик билдирди. Экопартия қисман, “Миллий тикланиш” эса бир овоздан лойиҳа ялпи мажлисга олиб чиқилиши керак деб ҳисоблаяпти.

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари бир нечта кодексларга ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳукумат киритган қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Лойиҳадаги бандлардан бирида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган чоғда олинган фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш 50 БҲМ жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Шу ва бошқа сабаблар туфайли ЎзЛиДеП, “Адолат” ва Халқ демократик партиялари ўз фракция йиғилишларида лойиҳага қарши чиққан. Улар буни очиқлик тамойилларига зид деб ҳисоблашмоқда.

Kun.uz'даги маълумотга кўра, “Миллий тикланиш” фракциясида қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланган ва ялпи мажлисга киритишга қарор қилинган. Фақатгина Экологик партия йиғилишида бу масалада якдилликка эришилмаган: партиянинг айрим аъзолари лойиҳани қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлари қаршилик билдирган.

Айни ҳолатда қонун лойиҳаси эртага, 30 май куни бўлиб ўтадиган Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши ноаниқ бўлиб қолмоқда. Kun.uz суҳбатлашган қатор депутатлар эртага бу масала кўрилиши эҳтимоли камлигини билдирди. Суҳбатдошлардан бири, шунингдек, эртанги йиғилиш бир неча ойлик танаффусдан кейин илк марта жонли эфирга узатилишига ишора қилди.

Ёпиқ қарордан “ўсиб чиққан” ташаббуслар

Kun.uz ихтиёридаги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат юқорида таърифланган янгича жавобгарлик турини МЖтКга 195-5-модда сифатида қўшишни таклиф қилмоқда.

Лойиҳада бу бандга асос сифатида 2022 йил 8 февралдаги, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид 118-сонли президент қарори кўрсатилган.

Бу қарор жамоатчиликка эълон қилинмаган бўлиб, унинг 4-бандида: ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган видео ва фототасвирларни уларнинг рухсатисиз тўғридан тўғри интернет тармоғига жойлаштиришни тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарликни белгилаш бўйича таклифлар киритиш” вазифаси белгиланган.

Март ойида Ички ишлар вазирлиги шу бандни йўл-патрул хизмати ходимларига нисбатан татбиқ этишга уринган, бу борада ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчиликнинг жиддий эътирозига учраганди.

Шунингдек, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ЙПХ ходимларининг тасвирини интернетда тарқатишни тақиқлаш бўйича таклифга депутатларнинг деярли ҳаммаси қарши бўлганини айтган. Адвокат Руслан Содиқов эса бу орқали фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқи – ахборот тарқатиш эркинлиги чекланишини таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, ИИВ айрим интернет фойдаланувчиларининг ҳаракатлари ходимларнинг ҳақоратланишига сабаб бўлаётганини айтмоқда. Бунинг фонида эса, деярли ҳар ҳафта ички ишлар ходимларининг фуқароларга нисбатан ноқонуний қилмишлари акс этган видеолар тарқалмоқда.

Икки ой олдин бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ЙПХ ходимларининг хизмат фаолияти рухсатсиз фото ва видеога олинишига қаршилигини билдирганди. У ўз фикрини тушунтиришга уриниб, шахснинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқи масаласини гапирганди. Ортиқованинг фикрича, ҳатто матбуот анжуманларида ҳам журналистлар уни суратга олиш учун ундан рухсат сўраши лозим.

Бироқ таъкидлаш керакки, давлат хизматчиларини айнан иш вақтида, иш жараёнида тасвирга олиш уларнинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқининг бузилиши деб ҳисобланиши – низоли масала.

Икки йил олдин эълон қилинган Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасига шу ҳақда норма киритилган эди. Лойиҳада давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тасвирга тушириш ва бундай тасвирлардан фойдаланиш учун улардан рухсат олиш шарт эмас деб белгиланиши кўзда тутилганди.

Мавзуга оид