Ўзбекистон | 17:40 / 30.05.2022
42658
4 дақиқада ўқилади

Коррупционерларга ўлим, “растаможка”ни очиш, ҳарбий блоклардан қочиш. Конституция бўйича халқдан қанақа таклифлар тушяпти?

Meningkonstitutsiyam.uz сайтида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича фуқаролардан келаётган таклифлар эълон қилиб борилмоқда. Улар орасида ҳокимларни халқ томонидан сайлаш, қатъий 8 соатлик иш вақтини белгилаш, спортга пул ажратишни бас қилиш, Конституцияда ёзилган қоидаларнинг амалда ҳам ишлашини таъминлаш ва бошқа қизиқ ташаббуслар бор. Ўзингизга ёққан таклифларга овоз беришингиз мумкин.

30 май ҳолатига платформада эълон қилинган 294 та таклифнинг асосий қисми инсон ҳуқуқлари, давлат бошқаруви ва фан-таълимга доир таклифлар сифатида таснифланган.

Ҳозирга қадар платформада “соғлиқни сақлаш тизимида ягона электрон базани шакллантириш”га доир таклиф энг кўп овоз йиғган – 36 та.

“8 соатлик иш вақтини қатъий белгилаб қўйиш ва бунга амал қилмаган раҳбарларга нисбатан қатъий жазо чораларини қўллаш”га доир таклифга 35 киши овоз берган.

Платформага келиб тушган таклифлар орасида коррупцияга қарши курашни конституциявий мақомга кўтариш масаласи ҳам кўплаб учрамоқда. Хусусан, таклифларда коррупцион жиноятлар учун жазони ва унинг муқаррарлигини кучайтириш, ҳаттоки коррупционерлар учун ўлим жазосини тиклаш каби таклифлар ҳам бор.

Шунингдек, бир нечта фуқаролар томонидан вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимларини халқ томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайлаш илгари сурилган. Бундай таклифларнинг деярли барчаси нисбатан кўпроқ овозни йиғмоқда. Маълум қилинишича, ҳокимлар сайлаш ортидан уларнинг халқ олдидаги жавобгарлиги ортади.

Келиб тушган таклифлар орасида ташқи сиёсатга доир фикрлар ҳам бор. Хусусан, Конституцияга Ўзбекистоннинг ҳарбий блоклар ва сиёсийлаштирилган иқтисодий иттифоқларга қўшилмаслиги, мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва чет давлатлар армияларини жойлаштириш мумкин эмаслигини киритиш таклиф қилинмоқда.

Юқорида қайд этганимиздек, электрон платформада турли соҳаларда инсон ҳуқуқларига доир таклифлар энг кўп ўрин олган. Хусусан, амалдаги конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидаларини тўғридан тўғри ҳаракатини таъминлаш ва конституциявий ҳуқуқлари бузилган фуқароларга судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқларига доир яна бир таклифда Конституциянинг 31-моддасида белгиланган виждон эркинлигига доир нормаларни янада аниқлаштириш таклиф қилинмоқда. Хусусан, аёлларнинг ташкилот ва таълим муассасаларида рўмол ўраб юришини чеклашни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, спортни ривожлантиришга ажратилаётган триллионлаб маблағларни кескин камайтириб, уларни таълим ва тиббиёт каби соҳаларга йўналтириш каби фикрлар ҳам йўқ эмас.

Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама ва танқид қилинишига қарамай, масъуллар эътибор қаратмайдиган яна бир масала Конституцияга таклиф сифатида киритилди – хориждан олиб кириладиган автомобиллар учун божхона тўловини минимал даражагача пасайтириш.

Бундан ташқари, платформага Ўзбекистонда қўшфуқароликка рухсат бериш, хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш, жинсий зўравонлик учун жазо чораларини кучайтириш, экология, бепул тиббий хизмат ва таълимга доир кўплаб таклифлар келиб тушган.

Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш жараёнида фуқаролардан ташаббуслар Meningkonstitutsiyam.uz портали, Telegram-бот, 1341 колл-маркази ва почта орқали қабул қилинмоқда.

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар инобатга олиниши ёки олинмаслиги Акмал Саидов бошчилигидаги конституциявий комиссия томонидан ҳал қилинади.

Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёни шу йил 8 декабргача, яъни бош қомус қабул қилинганининг 30 йиллиги нишонланадиган кунларда тугалланиши кутилмоқда: бу муддат президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 7 декабрдаги табригида айтиб ўтилганди.

Мавзуга оид