Ўзбекистон | 11:51 / 03.06.2022
17428
2 дақиқада ўқилади

Экспортчи ва инвесторлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган икки нафар ҳоким ўринбосари ишдан олинди

Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда экспортчи ва инвесторларни қўллаб-қувватлашда йўл қўйган камчиликлари учун Бўзатов тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ишдан олинди, 19 нафар ҳоким ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинди, Шуманай, Чортоқ ва Конимех туманлари ҳокимларининг ўринбосарларига 3 ойлик синов муддати берилди.

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов раҳбарлигида видеоконференция тарзида мамлакатнинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ҳамда уларни ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи 5 ойи якунлари бўйича ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан 42 фоизга ошган. Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар айрим тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатиб берган.

“Йиғилиш якунлари бўйича экспортчи ва инвесторларни қўллаб-қувватлашда йўл қўйилган қолоқлик ва камчиликлар учун интизомий чоралар кўрилди. Хусусан, Бўзатов тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ўз лавозимларидан озод этилди.

Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини ўз вақтида қўллаб-қувватламагани натижасида 32 та инвестиция лойиҳаси муддатида ишга туширилмагани ҳамда 395та янги иш ўринлари кечиктириб яратилгани учун 19 нафар ҳоким ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинди.

Бундан ташқари, Шуманай, Чортоқ ва Конимех туманлари ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларига ишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш учун 3 ойлик синов муддати белгиланди”, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид