Жаҳон | 11:04 / 05.06.2022
27583
10 дақиқада ўқилади

Назарбоев меросига зарба. Қозоғистонда конституция бўйича референдум ўтказилмоқда

Якшанба куни Қозоғистонда мамлакатнинг асосий қомусига тузатишлар киритиш бўйича референдум ўтказилмоқда. Бу президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг шахсий ташаббуси ҳисобланади ва кўпчилик бу референдум орқали ҳукумат халққа давлат раҳбарини қўллаб-қувватлашни таклиф қилмоқда деб ҳисобламоқда.

Фото: AFP

Ҳозирги референдум Тўқаев ҳукуматининг «парламентни тинглаш» сиёсати ўзанида ётади ва автократиядан чарчаган жамоатчилик талабига жавоб бўлиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, экспертларнинг ҳисоблашича, Тўқаев учун бу январ ойидаги намойишлар ва можарони ҳал қилиш учун КХШТ қўшинларини чақириш бўйича кўпчилик томонидан яхши қабул қилинмаган қароридан кейин ўз репутациясини тиклашга бўлган навбатдаги уринишидир.

Бу мустақиллик даврида Қозоғистонда ўтказилаётган учинчи референдумдир. Аввалги икки референдум 1995 йилда бўлиб ўтган: биринчиси - Назарбоевнинг президентлик ваколатларини узайтириш бўйича, иккинчиси - конституцияга оид, унинг якунларига кўра ҳозирги асосий қомус қабул қилинган. Кейинроқ мамлакат конституцияси беш марта ўзгартирилди. Жами 19 моддага 26 тузатиш киритилди. Ўзгартиришларни парламент маъқуллаган.

Референдум қандай ўтади?

Қозоғистонликлар бу галги референдумда бир бутун пакетга овоз беришади, яъни биратўла барча тузатишларга розилик беради ёки қаршилик билдиради.

Мамлакатнинг асосий қонунидаги турли 33 моддада жами 56 тузатиш назарда тутилган, шу тариқа, амалда конституциянинг учдан бир қисми қайта ёзилади.

Ўзгартиришлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва жамоатчиликка тақдим этилди. Аммо кўплаб экспертлар фуқаролар айнан нима учун овоз беришга боришларини англашларига шубҳа қилишади.

«Барча тузатишлар билан танишишга уриниш, агар сиз эксперт ёки таҳлилчи бўлмасангиз, изланишга ўхшайди. Уларнинг кўпида формулировка жуда мураккаб ва моҳиятдан чалғитади. Ахир кимгадир элликта тузатишдан бештаси, ёки 10 таси ёки ўн бештаси маъқул бўлиши мумкин, аммо фуқароларда ҳар бир тузатиш учун алоҳида овоз бериш имконияти йўқ», дейди қозоқ политологи Досим Сатпаев.

Назарбоев меросига зарба

Қозоғистонликларнинг аксари бугунги муаммолар сабабини Назарбоев меросида кўришади
Фото: GETTY IMAGES

Аксар қозоғистонликлар овоз беришга Нурсултон Назарбоев элбоши титули (қозоқ тилида «миллат отаси») ва бошқа имтиёзларидан маҳрум бўлиши учун боришини айтади.

Мамлакатнинг биринчи президенти, 29 йил 8 ой ва 26 кун давомида ҳокимиятда қолган Назарбоев бир йил муқаддам Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси лавозимидан воз кечган, жорий йил январ ойида эса Хавфсизлик кенгаши раислигидан ҳам кетганди.

Шундан сўнг у амалда кўздан ғойиб бўлди ва референдум арафасида интервю берди. «Коммерсантъ» билан суҳбатда Назарбоев референдумда Тўқаевни қўллаб-қувватлашни ваъда қилди ва истеъфода эканида глобал ядровий хавфсизлик масалалари билан шуғулланаётганини айтди.

Политологлар 2022 йил январи воқеалари Назарбоев элита ичидаги тўқнашувда ўз вориси Тўқаевга мағлуб бўлганини кўрсатди, деб ҳисоблайди. Унинг кўплаб қариндошларига қарши текширувлар, улар давлат лавозимларидан кетиши ва айрим ҳолларда ҳибсга олиниши ҳам шундан далолат қилади.

Энг шов-шувли ҳибс март ойида Назарбоевнинг жияни, йирик бизнесмен Қайрат Сотиболдининг ҳибсга олиниши бўлганди, у амакиси президентлиги даврида бир қатор юқори лавозимларни эгаллаган.

Январ-феврал ойларида Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов ва унинг уч нафар ўринбосари ҳам қўлга олинганди. Улар давлатга хиёнатда, ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишда ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланган.

Қозоғистонликларнинг кўпчилиги Назарбоев ва унинг қариндошларини сўнгги ўттиз йилликда ҳокимиятни узурпация қилиш (ҳокимиятни қонунга хилоф равишда тортиб олиш) ва бойлик орттиришда айблаб, мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг бош сабабчилари сифатида билишади.

Шу тариқа, ҳукмрон партия номланишидан бошланиб, унинг яқинларига дахлсизлик ҳуқуқини ҳам тақдим этган элбоши мероси босқичма-босқич йўқ бўлмоқда. Нур-Султон шаҳри номи яна Остонага қайтарилиши эҳтимоли яқинлашмоқда.

«Ҳокимият узурпацияси ва давлат раҳбарининг қариндош-уруғларига давлат лавозимларини эгаллашни тақиқлаш ҳақидаги моддалар аҳоли орасида машҳурликка эришди ва кенг реклама қилинмоқда. Аммо аслида, ўзгартиришлар моҳиятига чуқурроқ кирилса, конституциянинг янги таҳририда президент ваколатлари умуман кучсизланмаслигини кўриш мумкин», дея қайд этади Сатпаев.

Суперпрезидентлик тизимидан воз кечиш

Тўқаев ўзини «парламентга қулоқ тутувчи президент» сифатида намоён этмоқда

Таҳлилчилар ҳозирги конституцион ислоҳотни суперпрезидентлик тизимидан воз кечиш сифатида кўриб чиқишмаяпти, шу билан бирга, тузатишлар киритиш орқали президент ҳокимиятини заифлаштиришга уринишлар борлигини инкор этишмайди.

Масалан, энди президент ҳам, акимлар ҳам (областлар губернаторлари ва шаҳарлар мэрлари), судьялар ёки ҳарбийлар ҳам бир вақтнинг ўзида сиёсий партияларга аъзо бўла олишмайди.

Ислоҳотлар икки палатали парламент тизимига ҳам тааллуқли бўлади: энди мажилисга (қуйи палата) сайловлар мажоритар-пропорционал тизимида ўтказилиши керак (депутатларнинг бир қисми партия рўйхати бўйича, қолгани маълум участкаларда овоз бериш йўли билан сайланади). Шу вақтга қадар мажилиснинг 98 нафар аъзоси партия рўйхати бўйича сайланган, етти нафарини - Қозоғистон Халқ ассамблеяси танлаган.

Аммо Сенат (парламентнинг юқори палатаси, ҳудудий вакиллар ва президент томонидан тайинланган депутатлардан иборат) эса тугатилмайди, ҳолбуки унинг мавжудлиги экспертларда кўплаб саволлар туғдириб келади.

Улар Сенатни фақат биргина функцияга - президент импичментини имконсиз қилиш функциясига эга бўлган кераксиз орган деб ҳисоблашади. Аммо конституциянинг янги таҳрири Сенат таркибига ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади: президент томонидан тайинланадиган депутатлар сони 15 нафардан 4 нафаргача камаяди.

Икки ёқлама тузатишлар

Сатпаевнинг қайд этишича, тузатишларнинг кўпчилиги жамият хоҳлаётган ўзгаришлар тўплами, аммо бир хил тўлдириш билан.

Энг оммабоп тузатишлардан бирига кўра, президент энди аввалги каби акимларни тайинламайди. Аммо бу масалага яқиндан қаралса, бу шунчаки чалғитиш бўлиб чиқади.

«Янги тузатишга кўра, президент шунчаки икки номзодни маслаҳатга (ҳудудий ҳокимият органи - BBC) таклиф қилади ва ўз навбатида кенгаш улардан бирини танлайди. Бошқа сўз билан айтганда, бу президент қўллаб-қувватлаган номзод бўлади», дейди эксперт.

Назарбоев даврида қабул қилинган яна бир баҳсли модда ҳам конституциянинг янги таҳририда сақланиб қолган. Унинг моҳияти шундан иборатки, бир киши давлат раҳбари лавозимини кетма-кет икки мартадан ортиқ эгаллай олмайди.

Унинг вазифаси - ҳокимият бир шахс томонидан узурпация қилинишининг олдини олиш воситаси бўлиб хизмат қилишдир. Аммо экспертлар фикрига кўра, «кетма-кет» сўзи давлат раҳбарига ҳокимиятни «Путин-Медведев-Путин» сценарийси бўйича транзит қилишга бўшлиқ (лазейка) қолдиради.

Тўқаев референдумда аввалроқ Назарбоев томонидан тугатилган Конституциявий судни тиклашни таклиф этмоқда, аммо суд раисини тайинлаш ва унинг ўринбосарларини тасдиқлаш ваколати давлат раҳбарида қолади.

Шу тариқа, олдинги ваколатларнинг кўп қисми - бош қўмондонлик, парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқи, ҳукумат аъзоларини тайинлаш, олий суд раисларини тайинлаш ва ишдан бўшатиш ҳуқуқлари президентда қолишда давом этади.

Аммо таклиф этилаётган ўзгаришларда халқ ҳокимияти томон қадамлар, шунингдек қонунчиликни инсонпарварлаштиришга ишоралар мавжуд.

Кичик партиялар учун талабларни сусайтириш ва ўлим жазоси бекор қилиниши

Январ намойишлари бостирилгач, Қозоғистон фуқаролари мамлакат сиёсий келажаги борасида ортиқча оптимизмга берилмаяпти

Конституциявий ислоҳот сайловларда иштирок этувчи партияларни рўйхатга олиш чегарасини тўрт баробар қисқартиришни назарда тутади.

Энди рўйхатдан ўтиш учун партиялар 20 мингдан ортиқ имзо тўплаши шарт эмас, беш минг ҳам етарли бўлади. Рўйхатга олишнинг юқори чегараси Қозоғистонда мухолиф партиялар учун асосий муаммолардан саналарди ва улар шу тариқа сайловолди пойгасидан олдинроқ четга чиқариларди.

Тузатишлардан бири ўлим жазосига тақиқни Асосий қомус билан мустаҳкамлаб қўйишдир. Қозоғистонда ўлим жазоси қонунчилик билан 2021 йил декабридан бекор қилинган, аммо ҳали бу конституцияда акс этмаганди.

2004 йилдан буён Қозоғистонда ўлим ҳукмларини ижро этишга мораторий амал қилади, шу билан бирга судьяларга бундай ҳукм чиқариш тақиқланмаган.

Қозоғистонда ўлим жазосига муқобил сифатида умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳукми чиқариб келинади.

Референдум ва қозоғистонликлар

Январ намойишларидан кейин қозоғистонликлар конституция ислоҳоти лойиҳасига шубҳа билан ёндашишди.

Январ воқеалари Қозоғистон учун том маънода силкиниш бўлганди
ABDUAZIZ MADYAROV/AFP VIA GETTY IMAGES

Референдум арафасида ўтказилган ташвиқот кампанияси мазмуни давомат юқорилигини таъминлашга қаратилди.

Президент Марказий коммуникациялар хизмати томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 60 фоиз атрофидаги киши референдумда қатнашиш истагини билдирган, 70 фоиздан ортиғи референдум ҳақида хабардор ва унинг ўтказилишини қўллаб-қувватлайди.

«Халқ январда ва январ воқеаларидан кейин ўзгаришларни талаб қилди, референдум эса ҳукуматнинг бу сўровни қондиришга бўлган уриниши. Шунинг учун, бу ҳам, албатта, йўқдан кўра яхшироқ», дея референдум ҳақидаги фикрини билдиради Сатпаев.

Унинг фикрича, марказий ҳукумат референдумда ҳар бир региондаги муниципал ҳокимият органларининг сайловлардаги фаолликни ҳамда 2024 йилга мўлжалланган президентлик сайловларида талаб қилинган натижани таъминлаш имкониятларини синовдан ўтказади.

«Сиёсий нуқтайи назардан, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида Тўқаевнинг легитимлиги ошгани кузатилмоқда: президент сиёсий ислоҳотлар ваъда қилганди ва уни ўтказмоқда. Аммо ёдда тутиш керакки, Қозоғистон халқи нафақат сиёсий ислоҳотлар, балки ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳам кутади. Тўқаев барчасини ўз ўтмишдошига тўнкашда абадий давом эта олмайди», деб ҳисоблайди политолог.

Мавзуга оид