Самарқанд кўчасидаги ёнғин: Муаммоларни яшириб турган парда ҳам ёнди
7 июн куни қоқ пешинда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган офислар ва дўконлар қаторида ёнғин содир бўлди. Зич жойлашган дўкон ва офисларда ўнлаб одамлар ишлайди, шу сабаб ёнғин вақтида Самарқанднинг ўша қисмида бир неча дақиқа хаос ҳукм сурди...
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфига ўтказилган ўт ўчириш хизмати машиналари чақирувга биноан белгиланган вақтда етиб келган бўлса-да, ўт ўчириш машиналарида сув дарҳол тугаб қолиши қутқарув хизмати ходимларига нисбатан одамларда турли гумон-тахминлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Шаҳарнинг қоқ марказида
Kun.uz сайтининг Самарқанддаги офиси ҳам Мирзо Улуғбек кўчасидаги офислар қаторида жойлашган. Ижодий жамоа турли ёнғинлар ҳақидаги хабарларни у рўй бериб бўлгач бориб ёритганмиз, бироқ ҳақиқий ёнғинни ўз кўзимиз билан илк марта кузатдик.
Ёнғин соат 14:00 да бошланди. Аввалига, интернет ўчди, бироздан сўнг «свет». Чунки симлар ҳам ёнаётганди.
Оргтехника билан савдо қилувчи «Verbatim» дўконининг Давлатобод кўчасида жойлашган қисмида бошланган ёнғин кўз очиб юмгунча Мирзо Улуғбек кўчасидаги томларга ёпирилди. Девордармиён жойлашган бинолардаги барча одамлар ташқарига чиқиб юрак ҳовучлаб ўтирди, кўпчилик ёнғин биносига етиб боришидан хавотирга тушиб, энг муҳим нарсаларни олиб қочишга тайёрлаб қўйди.
Расмий маълумотга кўра, ўт ўчирувчилар уч дақиқада етиб келган, чунки ФВВ ўт ўчирувчилари 2–3 км нарида шай туришади. Кўчанинг бошидаги оргтехника дўкони ёнаётганини кўрган кўпчилик олов тезда ўчирилади, деб ўйлади. Чунки қолган бинолар томи ёнғин юз бераётган томдан 2,5 метрча баландроқ эди. Аммо тилсиз олов шамол ва симлар ёрдамида 2,5 метр фарқни бир пасда йўққа чиқариб, шиддат билан юқоридаги офис томларига ёпирилди. Атроф шунчалик тутунга буркандики, туман тушгандек ҳеч нарса кўринмай қолди. Мирзо Улуғбек кўчаси машиналар ҳаракати учун ёпилди.
Бир қарашда ўт ўчирувчиларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаётгандек эди. Ўнга яқин ўт ўчириш машинаси келгани билан, уларнинг суви тугаган, тутун осмонга ўрлашда давом этарди. Кейинги қатордаги офислар ва дўконлар бино ичидаги техника, мебел ва буюмларини хавфсиз жойга чиқариб қўйишга кириша бошлашди (Жумладан, Kun.uz’чилар ҳам).
Ҳайтовур, одамгарчилик ҳали ёниб битмаган экан, кўчадаги томошабин бўлиб турганлар ҳам нарсаларни кўчиришга ёрдам берди, кимдир тўпланганларга сув ва ниқоб тарқата бошлади. Соат миллари 15:30 ларни кўрсатиб турар, ёнғин бошланганидан бир ярим соат ўтиб бўлган эди.
Йўқ, бироз ўтиб «Ўзсувтаъминот» ДУК ва Ободонлаштириш бошқармасининг сув ташиладиган машиналарида сув келтирилди ва ўт ўчирувчилар шиддат билан ишга киришди. Икки ярим соат деганда олов ўчирилди.
Ўт ўчириш машиналари «сувсиз» келдими?
Шаҳар марказида одам гавжум, бинолар зич жойлашган ҳудуддаги ёнғин учун бу жуда кўп вақт. Хўш, бошқалардан пастроқда жойлашган бинонинг томида бошланган ёнғин нега бунча узоқ давом этди?
Ёнғин вақтида яхшигина шамол эсаётганди ва у ҳам олов тарқалишига ёрдам бериб юборди. Бунинг устига ҳаво иссиқ, умумий томлар қопланган «стекловата» тезда олов олиб, оловни бинодан бинога кўчирди. Ўт ўчирувчиларга биноларнинг текис жойлашмагани, орадаги йўлаклар тор экани, дарахтлар зич жойлашгани ҳам халақит берди. Шу сабаб ёнғин бошланган жойида бартараф этилмади. Бундан ташқари, биноларнинг томини очиш қийинчилик туғдирди, чунки тинимсиз чиқиб турган қуюқ тутун қутқарувчиларнинг ишлашига халақит бераётганди.
Ёнғинни бартараф этиш учун 8 та ўт ўчирувчи машина ва яна кўплаб ФВВ, Ободонлаштириш бошқармаси техникалари жалб этилди. 50 нафарга яқин ўт ўчирувчи йигитлар оловни ўчиришда жонбозлик кўрсатишди. Уларнинг ҳаракатларига эътироз бўлиши мумкин эмас, агар улар биноларнинг ўртасидаги томни тезда очиб, оловни қуршаб олишмаганда барча томлар, кейинроқ биноларнинг ичи ҳам ёниб кул бўларди.
Интернетда қидириб кўришингиз мумкин, бундай зич биноларнинг томида ёнғин содир бўлса, тезда кранли ўт ўчирувчи техника ёрдамида қутқарувчилардан бири оловга тепадан сув пуркайди (мана мисол). Самарқанддаги ўт ўчирувчиларда эса, афсуски, бундай техника кўринмади, ходимлар нарвонда оловга бурканган учинчи қаватдаги томга жонини хавф остига қўйиб чиқишга мажбур бўлди.
Кўпчиликда ўт ўчирувчи машиналарнинг суви дарҳол тугаб қолгани улар сувсиз келгандек таассурот уйғотди. Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот котиби Илҳом Боқиевнинг тушунтиришича, аслида ўт ўчириш машиналарининг баки 2 тоннагина сув сиғдирар экан. Машиналарда учтагача кран бўлади. Уларга уланган шлангдан сониясига 7 литр тезликда сув ҳайдалади. Битта машинанинг суви узоғи 5 дақиқага етади. Чунки ўт ўчириш машинаси сув ташиш эмас, ёнғин жойига зарур техника, нарвон ва шлангларни ташишга мўлжалланган. Уларга сувни ташиб келтириш керак ёки уларнинг шланглари шу ён атрофдаги ёнғин гидрантига уланиши лозим.
Афсуски, шаҳарнинг энг марказий кўчасида айнан ёнғин вақтида керак бўлган бир дона гидрант топилмади. Уларнинг барчаси кўмиб юборилган экан.
Баъзи давлатларда гидрантлар махсус темир қопқоқ билан ёпиб қўйилади ва унинг устига машинасини қўйиб кетганлар жиддий жаримага тортилади. Гидрант асфалт остида бўлса, махсус қидирувчи техника унинг қаердалигини топиб беради. Қурилма кўрсатган жойнинг асфалти бузилиб, ўт ўчирувчи гидрантга уланади ва узлуксиз сувга эга бўлган ходимлар оловни тезроқ ўчира олади.
Ўт ўчирувчи йигитлардан бири тахминий гидрант жойини лом билан бузаётганда биз ҳам унга ёрдам бердик, аммо атрофдаги офис ишчилари айтишдики, гидрантни яқинда очилмайдиган қилиб ёпиб кетишган экан. Буни текширишга эса ўша вақтда имкон ҳам, юқоридаги айтилган ер остидаги гидрантни топувчи қурилма ҳам йўқ эди.
Агар ободонлаштириш ва сув таъминоти корхоналари каттароқ сув ташувчи машиналарда сув келтиришмаганида, ёнғин янаям каттароқ ҳудудни қамраб олган бўларди.
Жамоавий муаммоларни яширган парда ҳам ёнди
Коммунал соҳа аслида унча катта бўлмаган техноген офат олдида қанчалик ожиз эканини барча кўрди. Мутасаддилар нега ёнғин узоқ давом этди, деб ўт ўчирувчиларни койиган бўлса ҳам керак. Лекин улар қўлидан келган ҳамма ишни қилди, шалаббо бўлиб, қора тутун ичида икки соат олов билан курашди. Аммо уларга шу меҳнатига ярашадиган техника олиб берилганми? Уларда интернетда кўрадиганимиз кранли ўт ўчирувчи машиналар, кўпик пуркагичлар бўлса, гидрантлар керакли сувни бериб турса, ҳозиргидан ҳам яхшироқ ишлаши кундек равшан-ку?
Балки турли форум ҳамда тадбир ўтказишларга топилаётган миллиардлаб пулларни ўт ўчирувчиларимиз учун техника сотиб олишга ҳам сарфлаш керакдир?
Бундай саволлар жуда кўп. Аслида, мана шу биргина ёнғин вақтида, айниқса унинг тутуни кўчада бирор нарса кўринмас ҳолатга келтирган хаос вақтида Самарқанддаги барча коммунал муаммолар кўриниб қолди. Кўчалар минг марта қазилиб, ойлаб ёпиб қўйилиши, йўлаклар қўл учида чала таъмирланиши, деярли ҳар ой ичимлик суви қувури ёрилгани сабаб таъминот бир неча кунлаб ўчиши, жамоат транспортининг шармандали даражада ёмонлиги... ишонинг, уларнинг охири йўқ.
Мен сиёсатчи эмасман, лекин дунёда қабул қилинган бир нормадан хабарим бор: Маҳаллий ҳокимликларнинг бирламчи вазифаси шаҳар аҳолисининг коммунал ҳаёт тарзини яхшилаш, йўл қуриш, жамоат транспортини яхшилаш, ўт ўчирувчилар, ФВВ ходимлари, ободонлаштириш ходимлари учун яхши шароит, яхши техника қилиб бериш. Маҳаллий ҳокимиятлар аввало мана шу ишлар билан шуғулланишини кўпчилик фуқаролар каби мен ҳам орзу қиламан.
Ўт ўчириш хизматлари ҳам бино ва иншоотлардаги газ қувурлари ва электр симлари ҳолати, ёнғин хавфсизлигига доир асбоб-ускуналар, ҳовузлар, кўчаларда гидрантлар мавжудлигини доимий назорат остига олиши керак.
Нима бўлганда ҳам, ота-боболаримиз айтганидек, ўт балосидан асрасин...
P.S. Юқорида тасвирлаб ўтилган ёнғиндан бир кун аввал Мирбозор шаҳарчасидаги озиқ-овқат бозорида 21 та дўкон ёниб кетгани маълум қилинган эди. Бугун саҳарда Оқдарё туманидаги Лойиш шаҳарчасининг Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилди.
Ўткир Жалолхонов, журналист.
Мавзуга оид
19:09 / 26.12.2024
5 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган ферма эгасига нисбатан жиноий иш очилди
20:36 / 24.12.2024
Эйфел минорасида ёнғин содир бўлди
13:18 / 24.12.2024
Россиядаги ёнғинда Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси ҳалок бўлди
21:23 / 21.12.2024