Жамият | 15:02 / 10.06.2022
14679
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда меъёридан ортиқ сомон ортиб кетаётган юк машинаси ёниб кетди

Баланд қилиб ортилган сомонга тегиб қолган электр симларни калтак ёрдамида тепага кўтармоқчи бўлишганида қисқа туташув ҳамда чақнаш содир бўлган ва сомон тойлар ёниб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 9 июнь куни соат 10:00 ларда Ургут туманининг “Гулистон” МФЙ ҳудудида сомон ортилган юк машинаси ёниб кетган.

Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Ж.га тегишли бўлган “ЗИЛ” машинасига 400 дона сомон тойлари ортилган бўлган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ҳайдовчи юк машинасига меъёрдан ортиқ баландликда юк ортгани учун “ЗИЛ” ҳаракатланиб кетаётганда сомон тойлари электр тармоқларидаги симларга тегиб қолган.

Шундан сўнг, электр симини ёғоч калтак ёрдамида тепага кўтармоқчи бўлишганида қисқа туташув ҳамда чақнаш содир бўлган ва сомон тойлар ёниб кетган.

Қайд этилишича, ёнғин туман ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Фақат сомон тойлар ёниб кетган ва юк машинаси жиддий шикастланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент вилояти Қибрай туманида сомон тойлари ортилган тўртта юк машинаси ёниб кетганди.

Мавзуга оид