Ўзбекистон | 14:12 / 13.06.2022
8492
4 дақиқада ўқилади

Kun.uz танқид қилган мансабдор ишдан олинди, “SS-LAB” МЧЖнинг давлат тиббиёт муассасаларидаги фаолияти тўлиқ тугатилди

Аксилкоррупция агентлигининг маълум қилишича, 2018 йилдан бери пулли хизмат кўрсатиб келган “SS-LAB” МЧЖнинг Тошкентдаги 54 та шифохонада аҳолига пулли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига нуқта қўйилган. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мансабдорларига чора кўрилган.

Фото: Getty Images

Аксилкоррупция агентлиги Kun.uz мақоласидан кейин Тошкент шаҳар ССББ амалдорларининг 4 йиллик “бизнеси”да коррупцияга йўл қўйилганини тасдиқлаганди. Агентликнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги манфаатлар тўқнашувига чек қўйилган.

“Ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мансабдор шахслари фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Агентлик томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига юзага келган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилишга қаратилган тақдимнома киритилганди.

Шунга асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашуви келиб чиқишига имконият яратиб берган ва сабабчи бўлган мансабдор шахсларга қонунчиликка мувофиқ жазо чоралари қўлланди.

Жумладан, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда қолган ўринбосарларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жавобгарлик билан боғлиқ жазо чоралари қўлланди”, дейилади агентлик ахборот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда.

Қайд этилишича, “SS-LAB”нинг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар ва тиббиёт муассасаларида аҳолига пулли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти тўлиқ тугатилган.

Маълумот учун, “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ 2018 йилда ташкил этилган. Унга тегишли лабораториялар 4 йилдан бери Тошкент шаҳридаги 35 та оилавий поликлиника, 9та туман тиббиёт бирлашмаси, 6та туғуруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига пулли лаборатория хизматларини кўрсатиб келган.

Ваҳоланки, 2018 йилгача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларида фуқаролар учун лаборатория клиник ва биохимия таҳлиллари бепул бўлган.

Компания таъсисчилари – уч нафар собиқ ва амалдаги мулозимлар бўлишган:

Ботирбек Исабеков (33,40 фоиз) — 2019-2020-йилларда Тошкент шаҳар ССББ бошлиғи, яқин кунларгача ССББ бошлиғининг ўринбосари;

Aнвар Раҳимов (33,30 фоиз) — муқаддам Тошкент шаҳар ССББда ишлаган, 2022 йил март ҳолатига ССББ тасарруфидаги “Тиббий кўрик бўлими” ДУК директори;

Улуғбек Эгамбердиев (33,30 фоиз) — 2022 йил феврал ойигача Тошкент шаҳар ССББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бу ҳолат ҳақида илк марта бундан бир йил олдин хабар берган, лекин ўшанда на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на прокуратура ва на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бунга эътибор қаратганди.

Бундан уч ой олдин мазкур ҳолатга яна бир бор эътибор қаратилиб, ССВда вазир ўзгарганидан кейин бу таниш-билишчиликка чек қўйилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилинди.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ва Абдуҳаким Ҳожибоев даврида бу йирик эҳтимолий коррупцион ҳолатга эътибор бермай келинган.

Аввалроқ тиббиётда янги монополия юзага келаётган бўлиши мумкинлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178та лаборатория битта оператор – “Intermed Innovation”га берилгани ҳақида ёзган эдик.

Бунга жавобан март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси суриштирув бошлаганини хабар қилганди. Орадан 3 ой ўтган бўлса-да, суриштирув натижалари юзасидан маълумот берилганича йўқ.

Мавзуга оид