Жаҳон | 11:41 / 14.06.2022
11723
2 дақиқада ўқилади

Дунёда активлари камида бир миллион доллар бўлган одамлар сони ортди 

Коронавирус пандемияси сабаб бўлган инқироздан сўнг акциялар нархининг кўтарилиши ва бозор конъюнктурасининг тикланиши сайёрадаги бадавлат одамларнинг бойлиги ошишига олиб келди, дейилади World Wealth Report ҳисоботида.

Фото: Reuters

2021 йилда инвестиция активлари камида бир миллион АҚШ долларига тенг бўлганлар сони дунёда 7,8 фоизга ошиб, 22,5 миллион кишига етди. Шу билан бирга, дунёнинг энг бадавлат кишиларининг умумий бойлиги ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошиб, 86 триллион долларга (82 триллион евро) етди. Бундай маълумотлар Capgemini консалтинг компанияси томонидан 14 июнь, сешанба куни эълон қилинган World Wealth Report ҳисоботида келтирилган. 

Дунёдаги энг кўп бой одамларга эга уч давлатдан бири бўлган Германияда бу вақт ичида долларли миллионерлар сони ортди. Capgemini маълумотларига кўра, ҳозир Германияда уларнинг сони 1,63 миллионни ташкил этади. Бу аввалги йилга нисбатан 100 мингга кўп. 

Camgemini маълумотларига кўра, бундай ривожланишга акциялар нархининг ўсиши, шунингдек, 2020 йилги пандемиядан кейин глобал бозорнинг тикланиши таъсир кўрсатди. Компания эксперти Клаус-Георг Майернинг фикрича, 2022 йил учун прогнозлар анча оддий. Юқори инфляцияга қарши курашда марказий банклар томонидан фоиз ставкаларини ошириш фонд бозорларидаги кайфият ва биржалардаги қимматли қоғозлар баҳосига таъсир қилади. 

Германияда барча долларли миллионерларнинг умумий бойлиги йил давомида 7,4 фоизга ўсиб, 6,3 триллион долларга етди (6 триллион евро). Қимматли қоғозлар нархининг кўтарилишидан ташқари, бунга жамғармаларнинг кўпайиши ва кўчмас мулк бозоридаги ўсиш таъсир кўрсатди. 

Германия федерал банки (Бундесбанк) маълумотларига кўра, 2021 йил охирида мамлакатдаги барча хусусий уй хўжаликларининг умумий бойлиги 7,61 триллион еврога етган. Ҳисоб-китобда нақд пул ва депозитлар, қимматли қоғозлар, шунингдек суғурта маблағлари ҳисобга олинди, лекин кўчмас мулк ҳисобланмади. 

Capgemini маълумотларига кўра, кўпчилик долларли миллионерлар АҚШда яшайди: 7,46 миллион киши. Ушбу рейтингда иккинчи ўринда 3,65 миллион долларли миллионерлар истиқомат қилувчи Япония жойлашган. Учинчи ўриндаги Германиядан кейинги ўринда 1,54 миллион долларли миллионерлар билан Хитой бормоқда. 

Мавзуга оид