Спорт | 15:06 / 14.06.2022
42610
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Ироқ ўйинидаги тартибсизлик учун 19 киши жавобгарликка тортилди

6 киши 15 суткага, 10 киши 10 суткага маъмурий қамоққа олинган, яна 3 киши жаримага тортилган. Пойтахт ИИББ 28 нафар шахс устидан суриштирув давом этаётганини маълум қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ 11 июнь куни “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Ироқ футбол жамоалари ўртасидаги учрашувда юзага келган тартибсизликлар бўйича маълумот берди.

Ўйиннинг 12-дақиқасида Ўзбекистон дарвозабонига қизил карточка кўрсатилиб, 11 метрлик жарима тўпи белгиланганда, мухлисликлар норозилик билдиришган эди. Норозилик белгиси сифатида айрим томошабинлар пластмасса сув идиши ва стакан, оёқ остидаги бетон парчаларини стадионга улоқтирган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Натижада, ИИББга кўра, стадиондаги фотомухбир Ж.С. қорин бўшлиғидан жароҳат олган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, унинг аҳволи яхши бўлганлиги сабабли шу куни касалхонадан чиқиб кетган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда. Текширув давомида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахс аниқланиб, уларнинг 6 нафари: А.Ф., Т.С., Б.Т., Ж.Б., В.М. ҳамда Х.А.ларга суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари, яна 10 нафар фуқаро 10 сутка маъмурий қамоқ, 3 нафари жарима жазосига тортилган, 28 нафарига нисбатан суриштирув давом этмоқда”, – дейилади расмий хабарда.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Маълум қилинишича, стадионда жароҳатланган фотомухбир Ж.С. унга нарса отган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилиб ва ариза ёзишдан бош тортган.

Пойтахт ИИББ Тошкентда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро спорт мусобақаси – футбол бўйича U-23 Осиё кубогида мухлислик маданиятига амал қилиш ва Ўзбекистон обрўсига путур етказмасликка чақирди.

Мавзуга оид