Жаҳон | 18:45 / 16.06.2022
17663
2 дақиқада ўқилади

Атамбоев иккита жиноят иши бўйича оқланди

Қирғизистон собиқ президенти 2016 йилда хориж фуқароларига ноқонуний равишда паспорт бериш ва Бишкекдаги мактаб қурилишида маблағларни ўзлаштириш ишида шерикликда гумон қилинган.

Фото: Игорь Коваленко / EPA / ТАСС

Бишкекнинг Первомайский район суди Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни мактаб қурилишида лавозимини суиистеъмол қилиш ва хорижликларга ноқонуний равишда паспорт бериш тўғрисидаги жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмини чиқарди

"Айбловнинг барча эпизодлари бўйича жиноят таркибида Атамбоевнинг иштироки йўқлиги сабабли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди", - дейилади суд матбуот хизмати хабарида. 

Тергов хулосасига кўра, 2014 йилда Бишкек мэри бўлган Кубаничбек Кулматов Хитой компанияси томонидан вилоятларда иккита мактаб қуриш учун тақдим этилган 2 миллион доллар миқдоридаги грантни Бишкекда мактаблар қуришга йўналтирган. Маълумотларга кўра, 660 ўринли мактаб қурилишига 2 миллион доллар грант маблағи ва бюджетдан 114 миллион сом (1,6 миллион доллар) сарфланган. 2019 йилда Кулматов 5 миллион сом (72 минг доллар) миқдорида жаримага тортилган. Тергов органлари ушбу қурилишни Атамбоев маъқуллаган деб гумон қилган. Шунингдек, собиқ президент 2016 йилда хориж фуқароларига ноқонуний равишда паспорт бериш ишида ҳам гумон қилинган.

Атамбоев 2011 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон президенти бўлган.

2020 йилда Алмазбек Атамбоев криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишдаги коррупция иши бўйича 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган. 

Мавзуга оид