Жамият | 13:46 / 16.06.2022
36410
2 дақиқада ўқилади

Магистратура бўйича учта катта янгилик тасдиқланди

Магистратурага киришда имтиҳон бекор қилинди – номзодлар бакалавриат дипломи балли ва тил сертификатидаги балл бўйича кетма-кетликда қабул қилинади. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг давлат олийгоҳлари магистратурасида ўқиши бепул бўлди. Қабул йилига икки марта – август ва январ ойларида бўлади.

Google Photos

“Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарорида магистратура бўйича ҳам қатор янгиликлар белгиланган.

Имтиҳон бўлмайди

Эндиликда давлат олийгоҳлари магистратурасига киришда мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди. Абитуриентларни саралаш уларнинг бакалавриат диплом балли ўртача кўрсаткичи ва хорижий тилни билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификат балли асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Қабул йилига икки марта

Давлат ОТМлари магистратурасига қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади. Бунда:

  • август ойидаги қабул – навбатдаги ўқув йили учун тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул квоталарига мувофиқ;
  • январь ойидаги қабул – дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.

Магистратурага қўшимча қабул квоталари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммасини ОТМларнинг ўзлари мустақил белгилайди. Нарх белгилашда бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқилади.

Хотин-қизлар учун магистратура бепул

Қуйидагилар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади:

  • 2021/22 ўқув йилида давлат ОТМлари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида ўқиётган хотин-қизларнинг 2022/2023 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори;
  • 2022/23 ўқув йилидан бошлаб, давлат ОТМлари магистратурасига ажратилган қабул квоталари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин-қизларнинг тўлов-контракт миқдори.

Бунда фақат базавий контракт тўлови бюджетдан қопланади, бу “супер контракт”га тааллуқли эмас.

Магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга кирган хотин-қизларнинг тўлов-контрактини қоплаб бериш тартиби 2 ой ичида ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид