Репортаж: Самарқандлик аёл гўдагини нега қийноққа солди?
Kun.uz мухбири интернетда кун салбий қаҳрамонига айланган аёлнинг эри ва воқеа атрофидаги инсонлар билан суҳбатлашди. Боланинг ногиронлиги ва соатлаб тинимсиз йиғлаши онанинг руҳий зўриқишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Она билан дастлаб Пайариқ туманидаги Челак шифохонаси болалар бўлими мудири Фахриддин Дўстматов суҳбатлашган. Унинг айтишича, болакай вилоят кўп тармоқли болалар марказида болалар церебрал фалажидан даволаниб туради. Аёл бу марказ томонидан ёзиб берилган дориларни олиб келиб, ҳудудий шифохонада амбулатор тартибда даволашни сўраган. Она-бола икки кун Челак шифохонасида амбулатор тартибда муолажа олган.
Ўша кунлари улар билан бир палатада бўлган аёл онанинг боласига қилган ҳаракатларини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган.
Дўстматов она билан суҳбатлашганда унда ортиқча асабийлик кўрмаганини қўшимча қилди.
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси онага нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. У Пайариқ туман ИИБ биносига олиб борилган ва тергов қилинмоқда. Шу сабабли аёл билан суҳбатлашишга рухсат берилмади.
“Аёлнинг оилавий шароитидан яхши хабардорман. Бундай ҳолатга шу пайтгача гувоҳ бўлмаганмиз, ортиқча гап ҳам эшитмаганмиз. Икки йил давомида бемор болага қараб юриш осон эмас. Аёл болаларига меҳрибон, вилоятма-вилоят юриб, боласини даволатишга ҳаракат қиляпти.
Бола доим юқори ҳароратда бўлиб, ухламай чиқади. Аёл жуда чарчаган. Шу кунларда нафақат гўдакка, балки онанинг ўзига ҳам ёрдам керак, деб ҳисоблайман”, – деди Бошқўрғон маҳалласи раиси Эркиной Худойбердиева.
Ҳудуд патронаж ҳамшираси Гулнора Маҳмудова боласини калтаклаган она билан ҳар ҳафта мулоқотда бўлишини айтди. Бола етти ойлик бўлиб туғилган. Унинг айтишича, бирор марта онада агрессив ҳаракатни сезмаган. Аксинча, болаларини яхши кўришига гувоҳ бўлганини айтмоқда.
Бола айни вақтда вилоят кўп тармоқли болалар марказида, шифокорлар назоратига олинган. Марказ бош врачи Маматқул Азизов бола ҳақиқатан ҳам шу ерда даволаниб туришини тасдиқлади. У болалар церебрал фалажлиги билан туғилган.
Азизовга кўра, ҳозирча боланинг ҳолати оғир ва бу ҳолат унинг туғма касаллиги билан боғлиқ.
Дастлабки кўрикка кўра, болада сепсис белгилари бор. Шунингдек, иссиғи баланд, озғин, оқсил ва овқат етишмовчилиги бор. Шу сабабли жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бош врач боланинг баданида кўкариш ва ҳеч қандай жароҳат аломатлари йўқлигини қўшимча қилди.
“Аёлим фарзандларимизга доим меҳрибон”
Биз боланинг отаси билан суҳбатлашиб, юқоридаги ҳолатга изоҳ сўрадик. Ота биз билан суҳбатлашгунга қадар тарқалган видеони ҳали кўрмаганини билдирди. Шу сабабли аёлимдан ваҳшийларча ҳаракатни кутмайман, деди.
Эр, шунингдек, аёлининг нафақат катта фарзанди, балки ўша зуғум қилинган болага ҳам аввал бирор марта ортиқча ҳаракатини сезмаганини айтди.
Улар фарзандининг тузалиб кетишига умид билдириб, доим даволатиб келмоқда. Ҳар даволангандан сўнг икки-уч ой болада бироз ижобий ўзгариш бўлади ва яна 24 соатлаб йиғлайди, тез-тез ҳарорати кўтарилади. Эр-у хотин тонггача навбати билан болани овутиш, кўтариб чиқишга одатланган.
Эркак аёлининг бу ҳаракатини оқламаса-да, унинг меҳрибонлигини эътироф этди. Аёлига танбеҳ бериши, бироқ фарзандига ўзи оналик қилишини исташини билдирди.
Марказ бош врачи Азизов болакай камида шифокорлар назоратида бўлишини ва отаси истаган вақтда уни кўришга рухсат берилишини маълум қилди.
Мавзу ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиняпти
Воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тармоқ фойдаланувчилари орасида аёлни кечирмаслик, қатъий чора кўриш талаб қилаётганлар бор. Ўз навбатида, айрим тармоқ фаоллари аёлни жазолаш чора эмаслиги, унинг руҳий ва оилавий шароитини ўрганиб, ёрдам беришни таклиф қилмоқда.
Ҳилола Муртазоева: “Ҳар қандай шароитда ҳам болани дўппослашнинг бир узри йўқ, нега уради вояга етмаган ҳимоясиз болани? Ҳар қандай сабаб қилиб бўлинган жиноятни оқламайди”.
Убайдулло Мустафо: “Боланинг тарбиясини мажруҳларга ишониш тўғри бўлмайди. Бола буларнинг тарбиясини олиб комил инсон бўлишига ишониб бўлмайди”.
Сирожиддин Рауф: “Болани олиб қўйиш керак. Ўзиям норози бўлмайди...”
Аслиддин Алимардон: “Видеонинг ўзи кўрсатиб турибди: аёлнинг тинкаси қуриб, қоқсуяк бўлиб қолган. Албатта, зўркалтакни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди, аммо масала жамият даражасига кўтарилган экан, аёлни айблаётган жамият аёлнинг нега шу ҳолга кел(тир)гани ҳақида ҳам ўйлаши, хулоса қилиши керак”.
Муҳаббат Назар: Тинкаси қуриган болани уриб ташлаш – виждонсизлик. Умуман, оилага моддий ва маънавий кучли дастак керак. Бундан кейин вилоят раҳбари оилани эътибордан четда қолдирмайди, деб умид қиламиз. Онага психологик ёрдам кўрсатилса, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Она-болани бир-биридан ажратиб бўлмайди.
Назокат Азим: Воҳ! Бу бечоралик қурсин. Ногирон болали оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини мукаммаллаштириш керак. Шу онани жазолашнинг ҳеч кимга нафи йўқ. Ўзидан ўтганини ўзи биляпти. Ногирон туққанига ҳамма онани айблайди, одатда. Бу жуда оғир мавзу. Мен ҳам раҳм қилишларини сўрайман.
Бобур Норов: Бу стрессда бўладими, бошқа ҳолатдами, Аллоҳ яратган неъматни бандаси жазолашга ҳаққи йўқ. Бу аёлни жиннихонага ётқизиш керак, даволаш керак, оналик хуқуқидан маҳрум қилиш керак. Акс ҳолда бу болани ўлдириб қўймаслигига ким кафолат беради?
Аслиддин Мустафоев: Аёл билан боланинг тақдирини энди қонун белгилайди. Аммо жамият бу сигнални ўтказиб юбормаслиги керак. Яқинда ўқидим, ажримлар сони яна ошибди. Бу – етим болалар сонининг ошгани. Уларнинг оналари энди ҳам она, ҳам ота ўрнида бўлишга мажбур. Зиммадаги бундай мажбурият кучли иродаси бўлмаган ҳар қандай одамни синдиради. Руҳий зўриқишига сабаб бўлади... Бу ёғини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат.
Эслатиб ўтамиз, онага Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми, яъни вояга етмаган шахсни қийнаш билан жиноят иши очилган.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
15:31 / 23.12.2024
Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ёш оила Ўзбекистонга қайтарилди
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
16:28 / 02.12.2024