Жаҳон | 10:39 / 20.06.2022
9078
2 дақиқада ўқилади

G7 давлатлари матбуот ҳимояси борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди

G7 маданият вазирларининг Бонндаги йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган коммюникега кўра, «Катта еттилик» дезинформацияга қарши кураш ва матбуот эркинлигини таъминлаш учун биргаликда ишламоқчи.

Фото: Picture Alliance

«Катта еттилик» G7 мамлакатлари матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда дезинформацияга қарши курашда кўпроқ саъй-ҳаракатларга интилади. 19 июнь, якшанба куни Боннда бўлиб ўтган йиғилишда G7 мамлакатлари маданият вазирлари тегишли коммюникени эълон қилди

Ҳужжатга кўра, бошқа нарсалар қаторида, ёлғон маълумотларга самарали қарши туришнинг умумий усулини топиш режалаштирилган. «Катта еттилик» шунингдек, ҳукумат цензураси ва эркин матбуотни чеклашга қарши чиқмоқчи. Бундан ташқари, йирик ахборот платформаларига қаратилган бозор қоидалари муҳокама қилинади. 

Германия маданият ва оммавий ахборот воситалари давлат вазири Клаудиа Ротнинг таъкидлашича, бу коммюнике, шунингдек, «оммавий ахборот воситаларининг эркин тартибини ҳимоя қилиш учун сигналдир». Унинг сўзларига кўра, дезинформация, жумладан Россиянинг Украинага қарши уруши таъсири остида қуролга айланди. Рот G7 мамлакатлари таҳдид остидаги журналистларни ҳимоя қилиш ишида фаолроқ иштирок этиш истагида эканини таъкидлади.

Маданият вазирларининг учрашуви Германия канцлери Олаф Шольц бошчилигида Бавариянинг Элмау қасрида бўлиб ўтадиган G7 саммитидан тахминан бир ҳафта олдин ўтказилди. Иштирокчиларнинг фикрича, бундай йиғилишда оммавий ахборот воситалари сиёсати мустақил мавзу сифатида биринчи марта кўриб чиқилмоқда. 

Мавзуга оид