Спорт | 11:19 / 22.06.2022
28987
12 дақиқада ўқилади

«Ҳақиқий босим – эртага нима ейишингни билмаслик». Рюдигер ҳаётидаги энг унутилмас онлар, «Челси»даги мусулмонлар ва Канте ҳақида

Антонио Рюдигер яқинда «Челси»ни тарк этди ва эркин агент сифатида Мадриднинг «Реал» жамоасига келиб қўшилди. Албатта, сўнгги мавсумларда Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири Мадридда янги саҳифа очади, аммо ундан олдин эътиборингизга Рюдигернинг Лондондаги ҳиссиётларини ҳавола қиламиз. ThePlayersTribune лойиҳаси меҳмони бўлган футболчи шу баҳона «Челси» билан хайрлашиб олди.

«Хайрлашишни ёқтирмайман. Лекин бу жараён чин дилдан бўлиши керак деб ҳисоблайман. Агар шошилмай турсанглар, ҳаммасини айтаман, Чемпионлар лигаси финали, ундан олдинроқ эса футболдаги энг ёқимтой йигит ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Албатта, Н’Голо Кантени назарда тутяпман.

«Челси»га келишимдан олдин у ҳақида жуда кўп эшитганман. Ҳар доим кулиб туришини айтишган. Ҳалиям Mini Cooper’да юриши ҳақида эшитганман. Айтишларича, у ҳеч қачон овозини кўтариб гапирмас экан. Аммо биламиз-ку, футболда бундай бўлишнинг иложи йўқ, тўғрими? Ҳаддан ташқари босим, мағлубиятлар домида хотиржамликни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Кейин эса, Н’Голони учратдим.

Унга ҳаммаси ярашади. Ҳатто ўша одамлар куладиган Mini Cooper’нинг ҳам ўз тарихи бор. Канте учун Премьер лигага қайтиш катта орзу бўлган, Mini эса, у Англияга келганда сотиб олган илк автомобил ҳисобланади. Демак бу шунчаки машина эмас, чуқур маънога эга.

Йигитлар доим унинг устидан ҳазил қилишади, кулишади, лекин ишонаверинг, бу одам шу қадар мулойимки, доим сиз эшитишни истаган сўзларни айтади, хафа қилмайди.

Кимдир унга «Н’Голо, биласанми энг зўр машина қайси? Мersedes, бро. Сен қора Mersedes ҳайдаб юришинг керак», деса, «Ҳа, ок, ўйлаб кўраман, ростдан ҳам зўр маслаҳат», деган жавобни эшитади.

Аммо у шунчаки, сиз билан ўйин қилади. Алалоқибат, сиз яна ўн йил парковкада ўша таниш Mini’ни кўрасиз. Мен доим одамларга айтаман: камтар инсон бор, ўта камтар бор ва Канте бор.

Албатта, бу ерда ютган совринларимнинг ўрни катта, аммо «Челси»ни ўзига хос қилиб турган асосий жиҳат – дўстлик. Биз шунчаки, жамоадошлар бўлмаганмиз. Канте, Кова, Зиёш, Лукаку – биз худди ака-укалар кабимиз. Ростини айтсам, футболда доим ҳам шундай бўлавермайди. Мазмунан ҳаммасини акс эттирувчи ягона саҳна ҳақида сўрашса, Чемпионлар лигаси финалидан кейинги ювиниш хонасидаги ҳолатимни айтган бўлардим. Бу ҳақида кейинроқ.

Табиийки, ўша мавсум мен учун ғаройиб кечганди. Ўша финалдан бир неча ой олдин мени асосий таркибдан четлатишганди, десам ишонасизми? Сабабини ўзим ҳам билмайман. Бир куни мураббий менга таркиб катта экани ва бошқа футболчиларни танлаганини айтди. Шундан сўнг кўп миш-мишлар тарқади, ижтимоий тармоқларда мени ҳақорат қилишди. Бу фаолиятимдаги энг оғир дамлар бўлса-да, сукут сақлашни лозим топдим, зеро клубда муаммолар пайдо бўлишини хоҳламасдим.

Тасаввур қилинг, ўша пайтларда менга, бир неча ой ўтиб «Сити»га қарши ЕЧЛ финалида асосий таркибда бўласан, дейишганда қандай аҳволга тушардим? Аммо агар оч бўлсанг, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ.

Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган одамдан хавфлиси йўқ. Тухел келиб, менга имконият тақдим этганида, бошқатдан дунёга келгандек бўлдим. Аслида у жуда кўп бошқа мураббийлар ҳам ўрганиши керак бўлган ишни қилди – мен билан тактика, режалар ҳақида гаплашмайди, шунчаки сўради: «Тони, ўзинг ҳақингда гапириб бер...»

У мендаги агрессия ва ташналик қаердан пайдо бўлгани билан қизиқди, мен эса, Берлин-Нойкелндаги болалигим, бетон майдонларда қандай шуғулланганим, ҳатто ўша пайтларда «Рэмбо» лақабини орттириб олганим ҳақида айтиб бердим. У менга имконият берганида, иштиёқим шу қадар юқори эдики, бошқа ҳеч қачон захира ўриндиғига қайтмадим. Мен ҳақимда нима дейишса ҳам, бу клуб учун боримни беришим лозимлигини англаб етгандим.

Яримфиналда «Реал»га дуч келганимизда, бизга ишонишмади. Ҳамма ҳали ёш эканимизни айтарди. Рақиб эса Мадрид. Имконият йўқ. Аммо биз айниқса, «Стемфорд Бриж»даги ўйинда жуда кучли ўйнадик. Ҳақиқий оиладек. Якуний ҳисоб 3:1 бўлди, лекин бемалол 5-1 ҳам бўлиши мумкин эди. Мен учун Чемпионлар лигаси финалига етиб келиш, айниқса бошимдан кечирганларим, мухлисларсиз кечган мавсум, пандемия даври, ҳаммасидан сўнг ҳақиқий мўъжиза эди. Вау!

Эсимда, финал олдидан Портудаги меҳмонхонада мен, Н’Голо, Зума ва Зиёш намоз ўқигани бордик. Одатда, ибодатдан сўнг биз бироз ўтириб, чақчақлашамиз. Аммо бу сафар ҳамманинг диққати жамланган, сокин эдик. Бир-биримизга «Иншааллоҳ, эртага биз чемпион бўламиз», дедик ва хайрли тун тилаб тарқалдик. Хонамга келганимда, телефонимга дўстимдан хабар келганди. Видео экан. Очсам, кутилмаганда, яқин дўстларимдан, оила аъзоларимдан лавҳалар – улар эртанги ўйинга омад тилашаётганди. Дарҳол буткул хотиржам бўлдим. Босим қаергадир ғойиб бўлганди. Бу видео менга жуда муҳим нарсани эслатганди. Мен туғилган жойларда босимнинг футболга алоқаси йўқ.

Ҳақиқий босим – эртага нима ейишингни билмаслик. Ҳар доим бирор муҳим ўйин олдидан ўзимда қандайдир кичик босим ҳис қилсам, болалигимдаги бир воқеани эслайман ва хотиржам тортаман.

Фуқаролар уруши тугагач, Сьерра-Леонега илк бор ота-онам билан қайтганимда, таксида аэропортдан чиқишда тирбандликка дуч келдик. Машина ойналаридан бутун очарчилик ва қашшоқликни кўриб турардим. Эркаклар, аёллар, болалар мева, сув, кийим ва бошқа нарсаларни аэропортдан чиққан одамларга сотишга уринишарди. Ана шундагина мен нега ота-онам Берлинда яшаган районимизни «гетто» деб атамасликларини тушуниб етдим.  Улар доим у ерни «ердаги жаннат» дейишарди. Сьерра-Леонега келибгина улар учун ҳақиқий қийинчилик нима эканини англадим.

Бир бола машина ойнасини чертиб, нон сотиб олишимизни сўради. Кўриниши жуда бечораҳол эди. Рад қилдик. Кейинги бола янаям қатъийроқ эди, қўлидаги нонни роса мақтай бошлади. «Раҳмат, керак эмас», – дедик биз.

Кейин машина олдига учинчи бола келди ва деярли ялина бошлади. Қўлидаги нон шаҳарда энг яхшиси эканини айтар ва уни сотиб олишимизни ўтиниб сўрарди.

Футболда қанақадир босим, қийинчиликка дуч келганимда ўша саҳна ёдимга тушади. Ҳақиқат шундаки, учала болакай ҳам бир хил нонни айни новвойхонадан олиб келиб, айни машиналарга сотишга уринишарди. Фақат улардан бирининг уйидаги столда бир тарелка овқат бор. Қолган иккисиникида эса балки шуям йўқ.

Мана бу ҳақиқий босим. Мана бу ҳақиқий ҳаёт.

Шунинг учун, ростини айтсам, Чемпионлар лигаси финали олдидан мен ёш боладек ухладим, эрталаб эса ғолиблардек уйғондим. Ортимда бутун оилам, столимда эса овқат, ютқазишга ҳаққим йўқ.

Ўйин жуда чиройли ўтди. Жуда кучли бўлган «Манчестер Сити»га қарши бутун оила бўлиб ҳимояландик, қарши ҳужумлар уюштирдик. Финал ҳуштаги янграганда, тентакка ўхшаб югуриб кетдим. Тухел эса олдимга келиб, қаттиқ қучиб олди. Бу мен учун жуда аҳамият касб этарди, зеро ёлғиз қолганимда, айнан у менга имконият туҳфа этганди.

Кийим алмаштириш хонасига кирганимизда, йигитлар шампан виноси билан байрамни бошлаб юборишди. Ислом динига эътиқод қилувчи баъзи футболчилар шунинг учун ваннага кириб, ўзимизни босишга ҳаракат қилдик. Канте, мен, Зиёш ва Зума ваннахонага қулфланиб олиб, бўйнимизга илинган олтин медалларга тикилар ва бир-биримизга қараб бош силкитардик.

Кантенинг оғзи қулоғида эди.

«Қойил-е, биз буни уддаладик», – деди у ва кулиб юборди.

У кулганида сиз беғубор қувончни ҳис қилмай қолмайсиз. Тўртовлон худди ёш болалардек қиқирлаб кула бошладик. Бу онни ҳеч қачон унутмайман.

Ахир қаранг, ҳаётимда ҳамма нарсани кўрдим: қашшоқлик, дискриминация, қўполлик, шубҳалар, танқидлар, ҳақоратлар. Таркибдан бутунлай четда қолиш билан Чемпионлар лигасидаги ғалаба ораси атиги бир неча ой. Қаерларда туғилганимни эътиборга олсак, мен учун бу янаям каттароқ ғалаба. Лекин бошқа тарафдан, таркибимизга қаранг, мендайлар жуда кўп. Йигитлар ичида айнан шу тақдирдан келганлар етарлича топилади. Ва биз чемпионмиз.

Клубни тарк этишим оғир бўляпти. Мен учун «Челси» бутун ҳаётимга айланганди. Ҳатто жуда қийинчиликда ўтган охирги мавсумда ҳам илиқ хотиралар кўп. Ахир бу футбол. Биз шундоқ ҳам бепул ўйнашимиз мумкин бўлган ўйиннинг ичида яшаяпмиз. Қанақадир молиявий чекловлар, баъзи ўйинларга автобус ёки кичикроқ самолётда бориш кераклигини айтишганда, кулги билан қабул қилардик: эҳҳе, автобус, кичикроқ самолёт дейсизларми? Бу қанақаси-я? Нималар бўляпти?

Қўйсанглар-чи! Қаерларда улғайганимни биласизлар-ку, тўғрими? У ерларда кичик самолётда фақат бойлар учади, Манчестергача автобус мазза бўларди жудаям...

Афсуски, янги шартнома бўйича музокараларимиз қийинлашиб кетди. Пул ўз йўлига, аммо августдан январгача ҳеч қандай янгилик бўлмаса, вазият оғирлашади. Дастлабки таклифдан сўнг, узоқ танаффус бўлди. Ахир биз робот эмасмиз, тўғрими? Келажагинг ҳақида ишонч бўлмай туриб, узоқ вақт кутиш қийин. Табиийки, санкцияларни олдиндан билиш қийин эди, аммо бошқа катта клублар ҳам қизиқиш билдиришни бошлашганда, қарор қабул қилишим шарт эди. Шу ерда тўхтайман, чунки ишнинг бизнес тарафидан бошқа, клуб ҳақида бирорта ёмон сўз айта олмайман.

«Челси» доим қалбимда қолади. Лондон ҳар доим менинг уйим. Бу ерга бир ўзим келдим, рафиқам ва икки ширин фарзандим билан тарк этяпман. Бу ерда бутун умрлик биродаримни топдим – Ковачич. Менда Англия кубоги, Европа лигаси ва Чемпионлар лигаси совринлари бор. Албатта, умримнинг охиригача етадиган юзлаб ширин хотиралар.

2019 йил эди, «Этиҳад»да «Сити»га 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Ростини айтсам, улар бизни деярли ўлдириб қўйишди. Ноқулай эди. Ўйин тугагач, стадионга ташриф буюрган «Челси» ишқибозлари олдига бориб, узр сўрамоқчи бўлдик. Табиийки, ҳуштак чалишларини кутгандим. Аммо улар ўрнидан туриб қарсак чалишарди. Энг ёмон кунларда ҳам бизнинг ҳимоячимиз эдилар.

Қойил.

Мен қўлларимни кўтариб, узр ишорасини қилдим. Яқинроқ келганимда, олд қатордаги йигитлардан бири ҳақорат қила бошлади. Кўзимга тик қараб турганди. Биласизми, мен кўп ҳақорат эшитганман, лекин буниси бошқача таъсир қилди. Шахсиятга ўта бошлаганди. Мен унга «агар гапинг бўлса, пастга туш, гаплашамиз», дедим.

Табиийки, у бир қадам ҳам олдинга ташламади. Аммо бақиришдан тўхтади. Қизиғи, унинг атрофида турган ишқибозлар танбеҳ бера бошлашди: «Эй, нима қиляпсан? У кечирим сўраш учун олдимизга келди. Сенга нима бўлди?»

Мухлислар исмимни айтиб ҳайқира бошлашди – «Руди! Руди! Руди!»

Даҳшат. Биз олти-ю нолга ютқаздик, улар эса, нафратга қарши бизни ҳимоя қилишарди. Мен буни унута олмайман. Ҳеч қачон.

Албатта, футбол оламида нафрат кўп. Бу факт. Бундан бадтарларини ҳам кўрганман. Аммо қувонч кўпроқ. «Челси»да мен ҳар икки чегарага бориб келдим. Ҳа, ҳақоратларни эшитдим. Аммо муҳаббатни ҳам ҳис қилдим.

Охиридаги ёруғлик зулматдан кучлироқ эди.

Шунинг учун ҳам «Челси»дан миннатдорман.

Раҳмат!»

Антонио Рюдигер
ThePlayersTribune

Мавзуга оид