Ўзбекистон | 14:41 / 22.06.2022
15150
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги лифтлардаги «бузғунчилар» зарарни қоплаши ва жарима тўлашини маълум қилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги кўп қаватли уйларга ўрнатилган янги лифтларда содир бўлаётган тартибсизлик видеоларини эълон қилиб, уларни бузғунчиликдан бошқача изоҳлаб бўлмаслигини таъкидлади. Шунингдек, зарарни қоплаш учун кимдан қанча ундирилиши маълум қилинди.

Лифтда ўрнатилган кузатув камераларидаги видеоёзувлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Сергели, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Бектемир, Олмазор ва Учтепа туманларидаги кўп қаватли хонадонлардан олингани айтилмоқда.

Ҳокимлик маълумотига кўра, 2016-2021-йилларда Тошкентдаги кўп қаватли уйларга 206,8 миллиард сўмлик 1200 дан ортиқ янги лифтлар ўрнатилган. 2022 йилда 130,2 миллиард сўм ҳисобига яна 548 та янги лифт ўрнатилиши режалаштирилган.

«Битта лифт қурилмасининг девор панеллари – 4,2 миллион сўм, лифт ичидаги тугмали панель – 3 миллион сўм, лифтнинг эшик механизми эса – 3,6 миллион сўм туради. Бу қурилмаларнинг бир қисми холос. Ҳар бир янги лифтда ўрнатилган кузатув камералар орқали қоидабузарларнинг шахси аниқланади ва унга нисбатан тегишли чоралар кўрилади», – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнотида.

Ҳокимлик агар ҳуқуқбузар 16 ёшга тўлмаган бўлса, жарима мажбурий тартибда ота-онасига юклатилишини билдирди.

Бундан ташқари, тартиббузарлик қилган шахслар жарима тўлашдан ташқари, лифтларга етказилган зарарни ҳам қоплаб бериши ҳақида огоҳлантирилди. Хусусан:

  • Лифт ичидаги тугмали панелни бузганлар – 3 миллион сўм + жарима;
  • Лифт эшигини бузганлар – 1,4 миллион сўм + жарима;
  • Лифт чақирув тугмасини бузганлар – 960 минг сўм + жарима суммасини тўлашлари керак бўлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳаммани лифтлардан самарали ва тартибли фойдаланишга чақириб, кузатув камералари ёзувлари алоҳида назоратга олинганини таъкидлади.

Мавзуга оид